Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:08

Атамбаев ғалабаси тан олинди, бироқ...


Президентликка номзодлар (ўнгдан чапга): Адахан Мадумаров, Алмазбек Атамбаев, Қамчибек Ташиев.
Президентликка номзодлар (ўнгдан чапга): Адахан Мадумаров, Алмазбек Атамбаев, Қамчибек Ташиев.

Ўш ва Жалолободда 30 октябрда ўтган президентлик сайлови натижалари бекор қилиниши талаби билан кичик митинглар бўлмоқда.

Сайловда ҳар бири 15 фоиздан камроқ овоз олган номзодлар Адахан Мадумаров ва Қамчибек Ташиевнинг Ўш ва Жалолободдаги айрим тарафдорлари сайлов натижалари бекор қилинишини талаб қилишмоқда.

Митингчилар фикрича, кўплаб одамлар сайловчилар рўйхатига кирмай қолган ва сайлов куни овоз бериша олмаган. Митингларнинг ҳар бирида 100-200 дан одам қатнашмоқда.


- Биз сайлов ҳуқуқимиздан фойдалана олмай қолдик. Бизга сайлов участкаларида “Рўйхатдан ўтмагансизлар, шунинг учун овоз бера олмайсизлар”, деб айтишди. Бу бизнинг ҳуқуқларимиз бузилишидир. Шунинг учун бу сайлов натижаларини ноқонуний деб топишни талаб қиламиз, -деди Жалолободдаги митинг иштирокчиларидан бири.

Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, Марказий сайлов комиссияси маълумотига кўра, президентликка номзод Қамчибек Ташиев тарафдорлари митинг қилаётган Жалолободда сайловчиларнинг фақат 25 фоизигина сайловда ғолиб деб топилган Алмазбек Атамбаевга овоз беришган. 45 фоиз овозни эса Қамчибек Ташиев олган. Ўш шаҳрида овозларнинг асосий қисми Атамбаевга берилган. Ўш вилоятида эса сайловчиларнинг кўпчилиги Адахан Мадумаровни қўллаб қувватлаган. Аммо шунга қарамай, митингчилар сайлов натижалари қалбакилаштирилган, деган иддаони билдиришмоқда.

Айни пайтда Қирғизистон парламенти спикери Акматбек Келдибеков президентликка номзодлар билан сайловдан сўнг учрашиб, мамлакатдаги вазиятни издан чиқармасликка, барча муаммоларни қонуний йўллар билан ҳал этишга чақирган.

- Парламент сайловга сиёсий баҳо беришдан олдин президентликка номзодлар талабига кўра, Марказий сайлов комиссясидан овозларни қайта санаш ва текшириб чиқишни илтимос қилдик. Шундан сўнг биз сиёсий баҳо берамиз, -деди Ахматбек Келдибеков.

Парламент спикерининг айтишича, президентликка номзодлар сайловда Алмазбек Атамбаев ғалаба қилганини тан олишган, бироқ улар сайловлда юз берган қонунбузарликлар аниқланиб, айбдорлар жазога тортилишини талаб қилишмоқда.

- Биз албатта консенсусга келамиз. Бундан бошқа йўл йўқ. аммо биз сайловда қонунбузарликлар бўлгани, минглаб одамлар сайловчилар рўйхатига киритилмагани тан олинишини истаймиз, -деди Адахан Мадумаров.

Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси эса сайловда айрим қонунбузарликлар бўлгани ва сайлов рўйхати ноаниқ бўлиб қолганинни овоз бериш жараёни ўтаётган куниёқ тан олган эди. Айни пайтда Марказий сайлов комиссияси президентликка номзодлдар талаби билан овоз бериш натижалари қайта текширилишини, президентликка номзодлар истасалар бу жараёнда иштирок этиши мумкинлигини билдирди.
XS
SM
MD
LG