Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:59

ДАН ходими энди жойида жарима олмайди


Ўзбекистонда ДАН ходимлари порахўрлигини ва умуман коррупцияни қонунларни ўзгартириш билан ҳал этиб бўлмайди, дейди ички ишлар вазирлиги мутахассиси.
Ўзбекистонда ДАН ходимлари порахўрлигини ва умуман коррупцияни қонунларни ўзгартириш билан ҳал этиб бўлмайди, дейди ички ишлар вазирлиги мутахассиси.

Ўзбекистон Олий мажлиси муҳокама қилаётган янги тартибга кўра, бундан кейин ҳайдовчилар қонунбузарлик қилиб ушланган жойида жарима тўламаслиги кўзда тутилади.


"Ўзбекистон маъмурий жавобгарлик Кодексининг 283- ва 291- моддаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш" тўғрисидаги қонун лойиҳасида йўл патрул инспекторларига ҳайдовчилардан воқеа жойида жарима ундириш қатъиян ман қилинган.

Ўзбекистонлик ҳайдовчилар милиция ходимларининг порахўрлиги ҳақида шикоят қилиб келади.

Ўзбекистон Олий мажлисида қабул қилиниши кутилаëтган бу қоидалар Ўзбекистонда феълан жорий бўлганини Озодликка билдирган Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги мулозими пора билан қўлга тушган ДАН ходимларидан бир нечтасининг иши судга ошганлигини билдирди.

- Улар нафақат ишдан ҳайдалди, балки иши судга ошиб қамалганлари ҳам бўлди.

Озодлик билан суҳбатлашган Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг исми айтилишини истамаган мулозими айни вақтда ДАН ходимлари қонунбузар ҳайдовчилардан воқеа жойида жарима ундирмаëтганини ҳам қўшимча қилди.

Суҳбатдошга кўра, бу ҳолатда қонунбузар ҳайдовчи жаримани банкка тўлаб чиптасини ДАН ҳодимига келтириб бериши лозим бўлади.

Тошкент шаҳар ДАН бошқармасида компютер мутахассиси бўлиб ишлайдиган йигит Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда Ўзбекистон ДАН тизимларида коррупция даражаси ўзгаришсиз қолаëтганидан гапирди.

Унинг айтишича, Олий мажлис порахўр ДАН ходимлари масаласини кўришидан олдин бир нечта порахўр ДАН ходимлари ҳўжакўрсинга жазоланган.

Суҳбатдошга кўра, бу холат умумий манзарани ўзгартирмайди.

- ДАН ходимини порахўрликда айблаб қўлга олган ички ишлар вазирлиги ходимининг машинасидан тортиб данғиллама ҳовлисигача пора ҳисобидан бўлгандан кейин қанақа ислоҳот ҳақида гапириш мумкин, дейди суҳбатдош.

Ўзбекистон Олий мажлиси ДАН ислоҳоти ҳақида муҳокамалар қилар экан, дунë андозаларига бир қараб қўйса бўлар эди, дейди ДАН ходимлари ўзбошимчалигидан тазйиқ кўрган тошкентлик ҳайдовчи Саидазим Саидаҳроров.

- Сингапур, Янги Зелландия ва Швецияда энг маукаммал йўл патрул полиция тизими мавжуд, биз шундан ўрнак олсак бўлар эди¸ дейди асли касби инглиз тили муаллими бўлган 27 яшар тошкентлик ҳайдовчи.

Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги мулозими эса Европа тажрибаси ўзбекистонга тўғри келмаслигини айтади.

- Мопассан деган ëзувчи айтиб кетган шарқдаги нарса жанубга тўғри келмайди, ғарбники шарққа деб. Ўшандан келиб чиқсак, ғарбники бизга тўғри келмайди. Бизнинг ўз йўлимиз бор, ўзимизга мос, дейди милиция раҳбари.

Йўл-патрул полицияси соҳасидаги Европа тажрибасини қўллаган собиқ Совет давлатлари орасида Грузия алоҳида ўрин тутади.

Грузин журналисти Окропир Руҳадзега кўра, Грузияда ислоҳот бошланганда йўл ҳаракати инспекцияси ходимларининг ҳаммаси бир кунда ишдан ҳайдалган.

- 60 минг кишини бирдан ишдан ҳайдашди. Грузияда ГАИ бир кунда одамларга даҳшат солувчи қароқчилар тўдасидан ҳайдовчиларга хизмат кўрсатувчи хизматга айланди.

Умрида полицияда ишлашни ҳаëлига келтирмаган ëш ва билимли кадрлар полицияга ишга олинди. Ўртача иш ҳақи 200 доллар бўлган Грузияда ДАН ходимлари ойлиги 600 дан 1000 долларгача қилиб белгиланди. Бундан ташқари бутун трассалар радар роботлар билан жиҳозланди,- дейди гуржи журналисти.

Грузиядаги ДАН ислоҳоти мамлакат бюджетига катта пулга тушмоқда аммо самара ҳам шунга лойиқ дейди Окропир Руҳадзе.
XS
SM
MD
LG