Линклар

Греция муаммоси еврозона бўҳронини авжига чиқариб турган бир пайтда Франциянинг Канн шаҳрида Катта йигирмалик саммити бошланди. Еврозона бўҳрони, хусусан Европа банк тизимлари ва давлат қарзлари билан боғлиқ таҳликали вазият Греция ҳукуматининг Европа Иттифоқи ишлаб чиққан қутқарув режаси масаласини референдумга олиб чиқиш ниятлари туфайли яна кескинлашгани Саммит кун тартибининг асосий мавзусидир.


Катта йигирмалик саммитида қатнашгшани Франциянинг Канн курортига тўпланган Европа Иттифоқи етакчилари евро пул бирлигини сақлаб қолиш учун Грецияни еврозонадан чиқариш эҳтимолларини кўриб чиқмоқда.

Франция Президенти Николя Саркози ва Германия Канцлери Ангела Меркел чоршанба куни тунгача чўзилган учрашувда Греция Бош вазири Георгиос Папандреуни агар юнонлар еврозона олдида олган мажбуриятларини бажаришдан бош тортса, Грецияга бошқа молиявий ёрдам кўрсатилмаслигидан огоҳлантирди.

Греция жорий ойида 8 миллиард евро миқдорида ёрдам пули олиши режелаштирилган. Бироқ бу ёрдамни олиш учун Греция маълум шартларни бажариши керак. Буларга Европа Иттифоқи ўтган ҳафта қизғин баҳсу мунозаралар натижасида ишлаб чиққан Грецияни қарз ботқоғидан тортиб чиқариш учун сармоядорлар унинг қарзлари ярмидан воз кечишини кўзда тутувчи қутқарув режасини қабул қилиши керак. Грецияга ўзини ўнглаб олиш имконини берадиган режага мувофиқ Афина ҳам бюджет ҳаражатларини камайтириши, жумладан пенсия ва маош ҳамда минглаб бюджет хизматчиларини қисқаритириши шарт. Бюджет камомади даражасини еврозонанинг бошқа давлатлари дефицитига яқинлаштириш учун кўрилиши лозим бўлган чоралар эса грецияликларнинг оммавий норозиликларига сабаб бўлмоқда.

Николя Саркози Афина 27 октябр куни қабул қилинган қутқарув келишувини қабул қилмайдиган тақдирда, на европаликлар, на Халқаро валюта жамғармасининг Грецияга молиявий ёрдамни давом эттиришга тоқати бор, дея таъкидлади.

- Гапнинг лўндасини айтганда, олдимизда турган савол Грециянинг Европадаги келажаги ҳақида. Греция еврозонада қолишни истайдими, йўқми? Қолишни истайди, деган умиддамиз ва бунинг имконини топиш учун қўлимздан келганини қиламиз, деди Фрацния раҳбари.

Чоршанба кунги учрашувдан кейин ярим тунда ўтказилган матбуот анжуманида чиқиш қилган Ангела Меркел еврозонада барқарорлик ўрнатиш мақсадини Греция иштирокида амалга ошириш тарафдори эканини таъкидлади. Лекин, деди у, устувор масала Грецияни қутқариш эмас, евро пул бирлигини сақлаб қолишдир.

- Молиявий ёрдамнинг олтинчи транши Греция 27 октябр куни қабул қилинган қарорнинг барча жиҳатларини қабул қилганда ҳамда эълон қилинган референдумга боғлиқ барча шубҳалар олиб ташлангандагина ўтказилади. Яъни ёрдам давом этиши учун бу референдум натижалари еврога нисбатан ижобий бўлиши ҳам керак, деди Меркел.

Люксембург Бош вазири ва еврозона кенгаши раиси Жан-Клод Юнкер Грециянинг евро пул бирлиги ҳудудидан чиқариш масаласи кўриб чиқилаётганини баён қилди. Юнкер еврозонанинг бошқа давлатлари ҳам “инқироз” ичида қолиб кетмаслигига ҳаракат бўлаётганини таъкидлади.

Франциянинг Европа масалалари бўйича вазири Жан Леонетти RTL радиосига берган интервьюсида очиқчасига евро Греицясиз ҳам яшай олади, қабилидаги фикрларни илгари сурди.

Греция бўҳронининг янгича тус олаётгани, жумладан унинг Европа банк тизимларига ва давлат қарзлари билан боғлиқ қийинчиликларга таъсири масаласи пайшанба куни Каннда бошланган Катта йигирмалик саммити диққат марказида ҳамдир.

Саммитда халқаро валюта тизими ислоҳотлари ва глобал капитал бозорларидаги чайқовчиликни камайтириш масалалари муҳокама қилиниши кутилаётган эди.

АҚШ Президенти Барак Обама ҳам Канн саммитига етиб келгач Саркози билан икки томонлама музокара ўтказди.

- Табиийки, мулоқотимиз жаҳон иқтисодий ўсишини мустаҳкамлаш ҳамда янги иш жойларини яратиб, жаҳон бўйлаб молиявий бозораларни барқарорлаштириш масаласига қаратилди. Икки кун давомида олдимиздаги вазифанинг энг асосий жиҳати Европадаги молиявий бўҳронни ҳал этишга қаратилади, деди Обама.

Оқ уй раҳбари шунингдек, АҚШ Грециянинг ўзига берилаётган 130 миллиард евро миқдоридаги ёрдам режаси масаласини халқ овозига қўяётганидан хавотирда эканини таъкидлади. Референдум, дея огоҳлантирди Обама, ЕИнинг Афинани қарз бўҳронидан қутқариш уринишларига путур етказиши мумкин.

- Катта йигирмалик саммитида Европа молиявий бўҳронини ҳал этиш режаси тўлиқ ва қатъий амалга оширилиши тафсилотларини аниқлаштириб олишимизга тўғри келади. Биз Грециядаги вазият ҳамда уни ҳал этиш устида биргаликда амалга оширишимиз мумкин бўлган ишларни муҳокама қилдик, деди Барак Обама.

АҚШ президенти пайшанба куни Катта йигирмалик саммити иш бошлашидан аввал Ангела Меркел билан ҳам музокара қилиши кутилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG