Линклар

logo-print

Икки ойча давом этган пахта теримидан қайтган ўқитувчи ва ўқувчилар энди дарсга чиқамиз¸ деб турганда, туман ҳокими яна ҳаммани пахтага ҳайдади.


Иштихон туманида ҳам, Самарқанд вилоятида ҳам пахта топшириш шартнома мажбуриятлари расмий қоғозларда бажарилган. Бироқ Иштихон тумани ҳокими Шуҳрат Неъматов навбатдаги йиғилишга фермерларни эмас, балки коллеж-лицей ва мактаблар директорларини йиғди. Ҳоким ҳали дарсларни бошламаслик, ҳаммани яна пахтага қайтаришга амр этди. Бу ҳақда Озодликка Иштихон туманидаги мактаблардан бирида ишлайдиган ўқитувчи хабар қилди:

- Директорларни ҳақорат қилиб сўкиб, бақириб, директорларнинг ҳаммасига “пахтани қаердан бўлса ҳам топиб келасан” деяпти. Ҳозир мактабда 1-синфдан то 9-синфгача ҳаммаси уйида, дарс бошланай деб турганда яна сафарбарлик эълон қилди. Уйингдаги ғўзапояданми, даладанми, фарқи йўқ, пахта топиб мактабга олиб боришга мажбур. Ҳозир график берилган. 10 кун яна пахта деяпти 10 ноябргача. Лекин далада ҳеч нарса қолмади. Ҳамма нарсани йиғиштириб бўлган. Ғўзапояларни олиб бўлган, дейди хавфсизлиги борасидаги қўрқув боис ўз исми айтилишидан чўчиган бу ўқитувчи.

Суҳбатдошга кўра, ҳоким топшириғини бажармаган директорлар ишдан бўшатилиш билан таҳдид қилинмоқда ва ўз навбатида директорлар ўқитувчи ва ўқувчиларни далага сафарбар қилмоқда:

- Директорлар мактабга келади. Эрталаб йиғилиш қиламиз. Мактабда дарс йўқ ҳозир. Эрталабдан пахтани бошлаймиз. “Қаердан бўлса ҳам топинглар. Менга топшириқ берилган. Мен олиб боришим керак. Топасизлар” дейди. Ўқитувчилар болаларга айтаяпти. Мажбур қилаяпти. “Бориб топиб келинглар” деяпти. Болалар уйига бориб ғўзапоясидан, кўраги бўлса кўрагидан, даладан, у ëқдан, бу ëқдан топиб бир-икки кило пахта олиб бораяпти мактабга. Сумка билан биргаликда пахта ҳам олиб борасиз. Директор бирорта машина топиб, заводга олиб бориб топшириб, своткасини уларга айтиб, кўрсатиб накладной қоғозни бериб келади. Ҳар куни 10-15 минг тўлаб машина заказ қилишингиз керак, олиб бориб топширишингиз керак.

Бизларда ҳозирча 300га яқин ўқувчи бор. Кунига 150-200 кило олиб бораяпти болалар. Термагани бор, тергани бор. Пахтани фақат мактаб директорининг ўзи олиб бориб топшириб келаяпти. Фермердан сўрамайди ҳеч ким. Ҳозир ҳокимиятдаги йиғилишга ҳам директорлардан бошқа ҳеч ким бормайди. Хўжалик ходимлари оëғини ҳам босмайди, дейди Озодликка маълумот берган ўқитувчи.

Tуман, вилоят ва республикада пахта топшириш мажбурияти бажарилган бўлса-да, муаллим фикрича, хирмоннинг таги бўш. Ва шу бўшлиқни имкони борича тўлдириш ҳокимиятнинг текин мардикорларига айлантирилган ўқитувчи ҳамда ўқувчилар зиммасига юкланяпти:

- Бундай олиб қарасангиз, район ҳам тўлган, колхоз ҳам тўлган, вилоят ҳам тўлган, республика ҳам тўлган. Ҳаммаси байрам қилиб табриклаб бошқа қилди. Балки булар переписка қилган бўлиши мумкин. Ўрнини қоплаш учун қилаяптими, ҳеч ким тушунмайди. Балки пул йиғаëтгандир. Ëнимиздаги қўшни мактабларда¸ масалан¸ директор ўқитувчилардан пул йиғиб олиб пунктдан пахта сотиб олиб келаяпти. “Тўлдирсанг, графикни берсанг, мактабни очасан. Бўлмаса очмайсан” деяпти, дейди Иштихон туманидаги мактаблардан бирининг ўқитувчиси.

Озодлик бу воқеага муносабат олиш мақсадида Иштихон тумани ҳокимлиги билан боғланди. Бироқ туман ҳокими Шуҳрат Неъматовни топишнинг имкони бўлмади.

Узоқ йиллар мактабда ишлаб пенсияга чиққан самарқандлик ўқитувчи Бобомурод Мавлоновнинг айтишича, ўқитувчи ва ўқувчиларни пахта терими даврида бунчалик эксплуатация қилиш¸ ҳатто собиқ иттифоқ даврида ҳам бўлмаган эди:

- Бунинг сабаби, перепискани биласиз. Ҳамма жойда у гап бор. Ҳозир 3,5 миллион тонна бўлди пахта. Совет даврида ҳам у гап бўлган. Совет даврида камроқ бўларди, лекин ҳозир кўп. План тўлмаган. Ҳақиқатан свотка бериб юборган. Юқоридагилар ҳам билади уни, билмайди эмас. Балогардон ўқитувчилар ва ўқувчиларда. Бу халқнинг менталитети шунақада. Қарши чиқа олмайди, айта олмайди, гапира олмайди. Халқнинг қўйдай ювошлигидан фойдаланиб эксплуатация қилаяпти. Қуллар қатори ишлатаяпти. Ҳеч қайсиси қарши гапира олмайди. Ичида битта-иккита чиқадигани бўладиган бўлса, уларнинг жазосини беради. Олиб бориб қамаб қўяди ëки бошқа иш қилади. Уради, калтаклайди. Ҳозир инсонни сўрайдиган нарса йўқ. Инсоннинг қадри йўқ Ўзбекистонда. Пахтадан ҳам нарх пастда баҳоланади инсон. Мен шундай деб тушунаман, дейди пенсионер ўқитувчи Бобомурод Мавлонов.
XS
SM
MD
LG