Линклар

Россияда Миллий бирдамлик куни деб эълон қилинган 4 ноябр секин-аста миллатчилар кунига айланиб бормоқда.


4 ноябр куни Москвада 7-маротаба анъанага айланиб бораётган миллатчи ва тақирбошлар сайил-томошаси бўлиб ўтди.

5 000 полициячи назорати остида Москванинг тўрт жойида “Рус марши” ўтказилди. Миллатчилар ташкилотлари Люблинода, Кремлга қарашли эканлиги айтилаётган “Наши” ҳаракати ВДНХда, “Единая Россия” партияси намояндалари Хотира майдонида, Тарас Шевченко кўчасида антифашистлар “Тенглик марши” ва Пушкин майдонида эса Жириновский партияси “ЛДПР руслар тарафида” шиори остида намойиш ўтказди.



Аксар оммавий ахборот воситалари диққатини Люблинодаги “Етар Кавказни боқиш!” шиори остида ўтказилган миллатчилар чиқиши ўзига тортди.

Икки тарафини полициячилар, осмонда эса вертолётлар қўриқлаётган Перерва проспектидаги “Рус марши”га, тадбир ташкилотчиларидан бири Дмитрий Дёмушкин сўзларига кўра, 20 мингдан зиёд одам йиғилган. Аммо пойтахт Ички ишлар бошқармаси маршга 7 мингга яқин одам келганини маълум қилди.

Ўтган йилгига нисбатан анча тартибсиз ва кам сонлидек кўринган Люблинодаги миллатчилар юришида асосан ўсмирлар иштирок этаётгани кўзга ташланди.

Бу йилги оммавий юришда яна бир ўзгариш бўлди: маршда иштирок этаётган қирққа яқин ўнг миллатчи ташкилотлар ягона қора-сариқ-оқ “империя байроқлари” остида саф тортди.

“Бу йилги марш мамлакатимиздаги рус миллатчиларини бир байроқ остида жамлашни мақсад қилган”, дейди “Русские” ҳаракати раҳбарларидан бири Георгий Боровиков.

- Миллатчилик бу нафақат мафкура ёки дунёқараш, бу биринчи навбатда қонимизга сингиб кетган тушунчалар. Ҳар қайси нормал одам миллатчи бўлиши керак. Биз бошқаларни ёмон кўрамиз демаяпмиз, улар бизга халақит беряпти деяпмиз. Мамлакатимиз четдан келганлар билан эгалланмоқда, ерларимиз тортиб олинмоқда. Умуман олганда, бугунги кунда “оқ дунёнинг“ осиёликлар билан босиб олиниши кузатилмоқда. Шунинг учун бугун барча рус миллатчилари ягона байроқ остидамиз! дейди Георгий Боровиков.

Бу йилги “Рус марши”да нафақат “Етар Кавказни боқиш!”шиори¸ балки тўртбурчак колоннанинг тўрт тарафини ўраб олган транспарантларда “Россияни русларга қайтариб берамиз!”, “Исломлашишга – йўқ! Эркинликка – ҳа!”, “Йўқолсин ўғрилар ва қаллоблар партияси!”, каби ёзувлар битилган.

Каттакон “империя байроғини” кўтариб кетаётган қария Алексей Михайлович “Нима сабабдан Россия фақат руслар учун бўлиши керак?”, деган саволимизга:

- Чунки бу мамлакатда яшаётганларнинг 80 фоизи – руслар! Улар ўзларини ўзлари бошқаришга ҳақли. Қолган 20 фоиз биз билан бошқарсин. Бизни эса шу 20 фоиз бошқаряпти! Бу ерда турли шиорлар эшитилмоқда. Шахсан мен бу маршда “Россияни руслар бошқариши керак!” шиори остида иштирок этмоқдаман, деб жавоб қайтаради.

Колоннада кетаётган ёш миллатчи ва тақирбошлар “Яҳудийларни ур, Россияни қутқар!”, “Россия - руслар учун, Москва – москваликлар учун!”, “Кавказни с....й!”, “Чуркалар йўқол!”, “Журналистлар – сотқин!”, “Ментлар – к..!”, дея очиқчасига ҳақоратли бақириқлар билан Люблино кўчаларидан юрди.

Бу йилги “Рус маршида” машҳур блогер ва журналист Алексей Навалний ҳам иштирок этиб¸ “Ҳаммаси жуда яхши ўтди. Рус марши сиёсий талабларни ҳам илгари сурди”, дея ëзди ўз блогида.

“Сиёсий талаблар” остида блогер саноқсиз колонналарнинг бирида янграган “Чеченистонга бюджетни Оллоҳ бераяпти – бунинг учун раҳматни Путинга айт!”, “Бизда масжидлар қурилмайди!”, “Кавказни боқишни истамаймиз – унга Оллоҳ шундоқ ҳам беради!”, каби ва бундан-да ҳақоратли сўзларни назарда тутган бўлса ажаб эмас.

Кузатувчилар Москва ва Россиянинг бошқа шаҳарларида миллатчи ва неофашистлар юришларига маҳаллий ҳукуматлар томонидан рухсат берилганини декабр ойида яқинлашиб келаётган президент сайловлари билан боғламоқда: зотан миллатчиларни тарқатиб юбориш – Россияда бош кўтараётган миллатчи электоратдан маҳрум бўлиш деганидир.

“Русские” ҳаракати раҳбарлари матбуот вакилларига бундай юришлар Россиянинг 20 шаҳрида уюштирилганини маълум қилди. Санкт-Петербург, Новосибирск, Краснодар, Уляновск, Нижний Новгород, Вятка, Самара ва бошқа шаҳарларда миллатчиларнинг оммавий чиқишлари бўлиб ўтгани ҳақида хабарлар келди.

Фақатгина Томск шаҳар маъмурияти миллатчи ва тақирбошларга шаҳарда юриш ўтказишга рухсат бермади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG