Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:48

Эронлик зиёратчилар гуруҳи Ҳажга киритилмади


Саудия Арабистони ҳукумати Ҳажга келган 500 дан ортиқ эронлик зиёратчини мамлакатдан чиқариб юборди.

Жорий ҳафтада Саудия Арабистонидан 525 нафар эронлик зиёратчи чиқариб юборилгани тўғрисидаги маълумотни Эрон оммавий ахборот воситалари тасдиқлади. Саудия томони эронлик зиёратчиларнинг мамлакатдан чиқариб юборилишига уларнинг соҳта визаларга эга экани сабаб бўлганини билдирган.

Эронлик зиёратчиларнинг 150 кишидан иборат дастлабки гуруҳи 31 октябрда Мадина аэропортидан ортга қайтарилган эди. Ушбу воқеадан сўнг Эрон Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Хасан Қашқавий Саудия Арабистонига келиб, музокаралар ўтказаётгани маълум қилинган. Бироқ шунга қарамай, 3 ноябрда Саудия Арабистонида эронлик 370 зиёратчи қўлга олиниб, ватанига қайтарилган.

Жорий йилнинг 11 октябрида АҚШ расмийлари Исроилнинг Вашингтондаги элчихонаси, Саудия Арабистони ва Аргентина дипломатик миссияларида портлашларни уюштирмоқчи бўлган 2 нафар Эрон фуқароси қўлга олинганини билдирган эди. Расмий Теҳрон бу ҳаракатга алоқаси йўқлигини эълон қилган. 28 октябрда эса Теҳрон расмийлари АҚШдаги ҳодисага қарамай, Ҳажга борган эронлик зиёратчиларга тўсқинликлар қилинмаслигига умид билдирган эди. Аммо таҳлилчилар фикрича, АҚШдаги воқеа Эр-Риёднинг Теҳронга нисбатан муносабатининг янада совуқлашувига сабаб бўлди.

Айни пайтда Саудия шаҳзодаси, Ташқи ишлар вазири Найаф Абдул Азиз Эрон билан ҳеч қандай келишмовчиликлар йўқлигини, эронликлар Ҳажга ҳурмат билан муомалада бўлишини айтиш билан бир қаторда, Саудия томони содир этилиши мумкин бўлган ҳар қандай таҳдиднинг олдини олишга тайёр эканини алоҳида таъкидлаб ўтди.

- Биз ҳар қандай ҳодисага тайёрмиз. Агар кимдир бизга таҳдид қилмоқчи бўлса, бу таҳдидни тўхтатиб қолиш учун барча имкониятларни ишга соламиз, -деди Саудия шаҳзодаси.

Яқин Шарқ муаммоларини ўрганувчи британиялик журналист Адал Дарвиш Саудия Арабистони ва Эрон ўртасидаги муносабатлар 1980 йиллардаёқ совуқлаша бошлаганини айтади. Журналистнинг айтишича, 1980 йиллари Теҳрон расмийлари Ҳаж мавсумидан ислом инқилобини ёйиш учун фойдаланган.

- Сўнгги бир неча йиллар ичида Эрон махсус хизматлари жуда кучли ишлай бошлади. Эрон махсус хизмати ходимлари зиёратчилар каби кийиниб олиб, Африка, Осиё ва Европадан Ҳажга келган зиёратчилар орасида ислом инқилоби ғоялари, радикал фикрларни тарғиб қила бошлаган, -деди Адал Дарвиш.

Саудияда Эрондан келган зиёратчиларга муносабат совуқ эканига бошқа сабаблар ҳам кўрсатилади. Масалан, Эрондан келган зиёратчилар Ҳаж мавсумида турли низоларни келтириб чиқарадилар.

1980 йиллардан бошлаб Эрондан Ҳажга келган зиёратчилар бу ерда Ҳаж амалларини бажариш ўрнига АҚШ ва Исроилга қарши намойишлар ўтказишни анъанага айлантиришган.

1987 йилда эронлик зиёратчилар томонидан уюштирилган тартибсизликлар пайтида 400 дан ортиқ одам, жумладан, 275 нафар эронлик ҳалок бўлган. Бунинг ортидан Саудия Арабистонининг Теҳрондаги элчихонаси тошбўрон қилинган эди.

1989 йилги Ҳаж мавсумида содир этилган портлашда Саудия томони Эронни айблаган эди. Бу портлаш оқибатида 1 киши ҳалок бўлган ва 16 киши жароҳатланган. Кейинроқ бу воқеа юзасидан қувайтлик 16 шиа судланган. Саудия томони дастлаб уларни Эрон террорчилари деб эълон қилган эди.

1990 йилларнинг бошларида Саудия Арабистони ва Эрон ўртасидаги дипломатик алоқалар яхшиланди. Саудия Арабистони эронликларнинг Ҳажга келишига қайта рухсат берди. Бундан ташқари Саудия Арабистони ҳукумати Эрондан Ҳажга келган зиёратчилар АҚШ ва Исроилга қарши намойиш ўтказиши учун Маккада алоҳида майдон ҳам ажратиб берган.
XS
SM
MD
LG