Линклар

Қотилликда айбланаётган қирғиз милиционерлари судланмоқда


Усмонжон Холмирзаевни ўлдирганликда айбланган милиция ходимларининг яқинлари ўз қариндошларининг қамоқдан озод этилишини талаб қилиб, митинг ҳам ўтказишган.

Усмонжон Холмирзаевни ўлдирганликда айбланган милиция ходимларининг яқинлари ўз қариндошларининг қамоқдан озод этилишини талаб қилиб, митинг ҳам ўтказишган.

Бишкек яқинидаги Сўқулуқ туман судида бозорқўрғонлик ўзбек Усмонжон Холмирзаевни ўлдирганликда айбланган милиционерлар судланмоқда.

Усмонжон Холмирзаевнинг аёли Зулфия Холмирзаева 3 ноябр куни бўлиб ўтган маҳкама чоғида суд раиси Қурманқул Зулпушевга ишончсизлик билдирди. Зулфия опа ўзининг бундай ҳаракатини Зулпушевнинг жиноят ишини адолат билан кўриб чиқишига ишонч йўқолиб бораётгани билан изоҳлайди:

- Маҳкаманинг иккинчи мажлисида судя икки милиционерни уй қамоғига чиқариб юборган. Секин - аста қолган икки милиционерни ҳам чиқариб юборадиганга ўхшайди. Биринчи суд жараёни адолатли бўлган эди. Иккинчи маҳкамада судялар ўзгариб қолган. Шунинг учун судяларга ишончсизлик билдирдим. Лекин адолат қарор топишидан умид қиламан, - деди Зулфия Холмирзаева.

Бироқ маҳкамага раислик қилувчи Қурманқул Зулпушев Холмирзаеванинг суд раисига ишончсизлик билдириш тўғрисидаги илтимосномасини қаноатлантирмади. Аммо суд раиси жабрланувчи томоннинг ўз аризаси бўйича 10 кунлик муддат ичида Чуй вилоят судига арзланишга ҳақли эканини айтди ва маҳкамани шу йилнинг 14 ноябр кунига қолдирди.

19 октябр куни бўлиб ўтган маҳкамада суд раиси Қурманқул Зулпушев айбланувчилар адвокатининг илтимосномасини кўриб чиқиб, Усмонжон Холмирзаевни ўлдирганликда гумонланаётган милиционерлар Қубан Нуриев ва Мунарбек Маматалиевнинг қамоқда сақлаш жазо чорасини мамлакатдан ташқарига чиқмаслик тўғрисида тилхат билан алмаштирган ҳамда милиционерларни ҳибсдан озод қилган. Яна икки нафар милиция ходими - Уларбек Исмаилов ва Нурғази Туташев эса қамоқда сақланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, асли бозорқўрғонлик, бироқ кейинчалик Россия фуқаролигини олган Усмонжон Холмирзаев шу йилнингг 7 августида Бозорқўрғон туман ички ишлар бўлимида калтакланган. 9 август куни эса у калтаклаш оқибатида олинган тан жароҳатлари натижасида Бозорқўрғон туман касалхонасида оламдан ўтган.

2011 йилнинг 9 август куни Жалолобод вилояти Бозорқўрғон туман прокуротураси томонидан Усмонжон Холмирзаев ўлими юзасидан тўрт милиционерга нисбатан жиноят иши очилган.

Судланаётган милиция ходимларининг адвокати Жиргал Маатжакипов эса судяга ишончсизлик билдириш оқибатида жабрланувчилар маҳкама муддатини атайин чўзмоқда деб ҳисоблайди:

- Булар иложи борича махкама жараёнини чўзишга ҳаракат қилишмоқда. Бугун жиноий иш бўйича асосий гувоҳлар келган. Асосий гувоҳлар жиноий ишнинг хақиқий сабабларини айтишади. Булар шундан қўрқиб, жиноий ишни чўзмоқчи бўлаяпти. Бугунги кунда судяларга ишончсизлик билдиришга асос йўқ, - деди адвокат.

Қўшимча қилиб ўтамиз, шу йилнинг 3 октябр ҳамда 18-19 октябр кунлари Усмонжон Холмирзаевни ўлдирганликда айбланаётган милиция ходимларининг яқинлари Бозорқўрғонда митингга чиққанлар. Бир неча соат давом этган митингда милиционерларнинг яқинлари Ўш-Бишкек автойўлини тўсиб қўйганлар.

Милиционернинг яқинлари Сўқулуқ туман судида ўтаётган маҳкамани Жалолобод вилоятига кўчиришни ва судланувчиларни уй қамоғи ёки мамлакатдан чиқмаслик тўғрисидаги тилхат билан озод қилинишини талаб қилганлар. Судланувчи милиция ходимларидан бири Уларбек Исмаиловнинг акаси Абдужалил Исмоиловга кўра, улар маҳкаманинг Жалолобод ёки Ўшга кўчирилишини талаб қилишда давом этишмоқчи.

- Мен пенсионер одамман, бу сафар бешинчи маротаба келишим. Ҳар келганингда тежаганинг билан камида 4-5 минг сўм пул кетади, бир одамга. Бу ерда 4 одам ётибди, тўртовининг ортидан 4-5дан одам келганда қанча ҳаражат бўлади. Биз Олий судга борамиз, биз ҳам одаммиз, бизнинг ҳам арз-додимизни эшитгувчи одам бордир. “Маҳкамани Жалолободга кўчириб беринглар” деймиз, шунча одам сарсон бўлиб юраверадими. Жалолободга кўчириб хоҳлаган туманида суд қилсин ёки Ўшга кўчирсин. Бизга фарқи йўқ, бизга яқинроқ бўлсин,- деди Абдужалил Исмаилов.

Холмирзаев ўлими юзасидан илк маҳкама шу йилнинг 29 сентябр куни Сузоқ туман судида бўлиб ўтди. Кейинчалик хавфсизлик нуқтаи назаридан маҳкама Чуй вилояти Сўқулуқ туман судига кўчирилганди.

Айни патда жабрланувчиларнинг адвокати Динара Медетова махкаманинг қайта Жалолобод вилоятига кўчирилиши жиноят ишининг адолатли кўриб чиқилишига шубҳа уйғотишини айтади:

- Биз учун маҳкаманинг Сўқулуқда ўтгани қулай. Нега деганда Жалолободда судга одамлар кўп тўпланади ва улар бир қатор ноқулайликларни яратади. Шу сабабли мен суд Жалолободда бўлса жиноий иш холис кўриб чиқилмайди, деб ўйлайман, -деди адвокат.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG