Линклар

Грецияда мамлакатни иқтисодий бўҳрондан олиб чиқиш учун фавқулодда ҳукумат тузиш борасида музокаралар давом этмоқда.

Мамлакатдаги сиёсий партиялар бу борада ҳали бир тўхтамга келганича йўқ.

Греция Бош вазири Георгиос Папандреу агар унинг лавозимидан кетиши, янги коалиция ҳукумати тузишига ёрдам берадиган бўлса, истеъфо беришга тайёр эканлигини маълум қилди.

4 ноябр куни Греция парламентида Папандреу ҳукуматига ишончсизлик масаласи овозга қўйилди.

300 депутатдан 153 нафари Папандреу ҳукуматини қўллаб овоз берди.

Папандреунинг мақсади Грецияни банкротликдан сақлаб қолиш учун евро ҳудудига аъзо давлатлар томонидан 130 миллиард евро миқдорида ёрдам ажратилиши ҳақида эришилган келишувни амалга ошириш учун қўпроқ сиёсий дастакка эга бўлишдан иборат.

Европа раҳбарлари Грецияга молиявий ёрдам кўрсатиш эвазига бюджет харажатларини қисқартириш ва халқ норозилигига сабаб бўлаётган иқтисодий ислоҳотлар ўтказишни талаб қилмоқда.
XS
SM
MD
LG