Линклар

logo-print

Тошкент контрабандага, Остона миграцияга қарши курашни кучайтирмоқчи


Ўзбек-қозоқ чегара пунктларидан бири.

Ўзбек-қозоқ чегара пунктларидан бири.

Ўзбекистон гиёҳванд моддалар, қурол-аслаҳа ва контрабанда молларини мусодара қилиш тизимини яхшилашга ёрдам берувчи янги дастур қабул қилди.

Регнум ахборот агентлигининг Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси раис ўринбосари Ғафуржон Шукуровга иқтибосан хабар қилишича, мазкур дастур “ўзбек божхоначилари иши самарадорлигини оширишга, гиёҳванд моддалар контрабандаси, мамлакатга контрафакт маҳсулотлар олиб кирилиши ва бошқа замонавий хавф-хатарларга қарши фаолроқ курашишга имкон беради”.

Божхона мутасаддисига кўра, 2011 йили таркибига гиёҳванд моддалар кирган ёки банг моддаси бўлиб ҳисобланмиш тақиқланган дори-дармонлар контрабандасини аниқлаш бўйича божхоначилар эришган натижа 15 фоизга яхшиланган, ўтган давр мобайнида Ўзбекистон ҳудудига тақиқланган дори-дармонни ноқонуний олиб кирилиши бўйича 161 ҳаракатнинг олди олинган.

- Бу хил контрабанда тобора кўп учраяпти. Шундан келиб чиққан ҳолда, қўмита раҳбариятида бу йўналиш бўйича курашни кучайтиришга қарор қилинди. Жиноятчилар мамлакатга олиб киришга уринаётган энг оммабоп препарат феназепамдир, - деди Шукуров.

Айни пайтда божхона қўмитаси раис ўринбосари Рустам Мансуров “божхоначилар орасидаги коррупция” муаммосига тўхталди.

- Афсуски, ходимларимиз орасида “Юлғичлик”, “Товламачилик” моддалари бўйича қонунни бузаётган кимсалар ҳам учрайди, - дер экан Мансуров бундай қонунбузарларни йўқ қилиш қўмитанинг асосий вазифаси эканини урғулаган.

Бундай қонунбузарларга нисбатан маъмурий жазо қўлланилаётганини қайд этган Мансуровга кўра, коррупцияни бартараф этишда божхоначилар ижтимоий мақомининг кўтарилиши ўз самарасини бериши керак.

- Божхоначиларнинг маошлари кўтарилди. Эндиликда барча божхона масканлари аҳамиятидан келиб чиққан ҳолда уч тоифага бўлинган. Энг муҳим бўлган учинчи тоифадаги ходимлар маошига 70 фоиз қўшиб берилади. Бошқа тоифадаги божхоначилар ойлигига 25 ва 15 фоиз қўшилади. Шунингдек, махсус мукофот фонди ҳам тасдиқланган. Бу фонддан божхоначилар мусодара қилинган товарлари учун мукофот оладилар. Бу мукофот миқдори мусодара этилган мол қийматига қараб белгиланади, - деди Рустам Мансуров.

Ўзбекистонда чегарадан ўтаётган моллар назорати кучаяётган бир пайтда Қозоғистон чегараларида ноқонуний миграцияга қарши кураш бўйича чора-тадбирлар кучайтирилиши кутилмоқда.

Tengrinews.kz нашри хабари кўра, Қозоғистоннинг Божхона иттифоқига кириши муносабати билан мамлакатнинг Россия, Қирғизистон ва Ўзбекистон билан чегарасида янги бўлинма ташкил этилади. Бу бўлинманинг ноқонуний мигрантларга қарши курашни назорат қилиши айтилмоқда.

- Транспортдаги ички ишлар департаменти бошлиғи буйруғига кўра, ноқонуний миграцияга қарши кураш бўйича 30 ходимдан иборат алоҳида взвод ташкил этилди. Бу Қозоғистон-Россия чегарасидаги божхона масканларининг Божхона иттифоқи ташқи контурига кўчирилиши муносабати билан темир йўл транспортидаги миграцион назоратни кучайтириш учун амалга оширилмоқда, - дея иқтибос келтиради Tengrinews.kz Қозоғистон Транспортдаги ички ишлар департаменти матбуот хизматидан.

Янги ташкил этилган махсус взвод ходимларининг Арись-15, Мақат-10 ва Мерке-5 станцияларида жойлашиши айтилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG