Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:30

Папандреу истеъфога чиқади


Греция Бош вазири Георгиос Папандреу истеъфога кетадиган бўлди, лекин у лавозимини расман қачон тарк этиши номаълум.


Афинада Греция бош вазири Георгиос Папандреу, мухолифат етакчиси Антонис Самарас ҳамда президент Каролос Папулиас ўртасида бўлиб ўтган фавқулодда учрашув давомида янги коалицион ҳукумат тузишга келишилган.

Бу ҳақда Греция ҳукумати матбуот хизмати маълум қилди.

Айтилишича, мамлакатнинг амалдаги Бош вазири Георгиос Папандреу янги коалицион ҳукуматга раҳбарлик қилмайди.

Янги бош вазир ким бўлиши эса бугун маълум бўлиши кутилаяпти.

Янги коалицион ҳукуматга мамлакат молия вазири Евангелос Венизелос муносиб номзодлардан бири сифатида кўрилмоқда.

Аввалроқ Георгиос Папандреунинг ўзи янги коалицион ҳукуматни тузиш ва унга бошчилик қилишни кўзлаётган эди.

Лекин мухолифат етакчиси Антонис Самарас Папандреу истеъфосини талаб қилди, акс ҳолда, коалиция ҳукуматини тузиш музокараларида қатнашмаслигини билдирди.

Греция Бош вазири Георгиос Папандреу бошчилигидаги ҳукумат 4 ноябр куни социалистлар етакчилик қилаётган Греция парламентида ишончсизлик вотумидан қутилиб қолди.

Жума куни парламентдаги 300 депутатдан 153 нафари Папандреу ҳукуматини қўллаб овоз берди.

Европа раҳбарлари Грецияга 130 миллиард евро миқдорида молиявий ёрдам кўрсатиш эвазига Афина ҳукуматидан бюджет харажатларини қисқартириш ва халқ норозилигига сабаб бўлаётган иқтисодий ислоҳотлар ўтказишни талаб қилган.

Греция президенти Каролос Папуляс билан 5 ноябр кунги музокарадан сўнг Бош вазир Георгиос Папандреу ҳукумат қарзлари билан боғлиқ муаммоларни бартараф қилиш ва евро ҳудудига аъзо давлатлар талабини бажариш учун мухолифатдаги ҳамма партиялар билан музокара олиб боришга тайёр эканини эълон қилди.

Маълумотларга кўра, Грециянинг янги тузилажак ҳукумати Европа Иттифоқи раҳбарларининг ўтган ой бўлиб ўтган фавқулодда саммитида қабул қилинган қарорларни амалга оширишни таъминлаши назарда тутилган қонунларни тасдиқлаши керак бўлади.

Георгиос Папандреу Европа раҳбарлари талабларини бажариш Грециянинг евро ҳудудида чиқариб юбормаслигининг шарти эканини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG