Линклар

Икром Ёқубов Британияда 8 ой шартли қамоқ жазосига тортилди

  • Абдулла Искандар

Икром Ёқубов Португалия ҳайдовчилик гувоҳномасини Лиссабонга ўта махфий топшириқ билан борган пайтда қонуний равишда олганини иддао қилган.

Икром Ёқубов Португалия ҳайдовчилик гувоҳномасини Лиссабонга ўта махфий топшириқ билан борган пайтда қонуний равишда олганини иддао қилган.

Ўзбекистонлик собиқ жосус Икром Ёқубов Британияда сохта ҳайдовчилик гувоҳномаси билан қўлга тушди.

Британиядаги Кингстон туман жиноий судининг 4 ноябр кунги маҳкамаси Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг собиқ зобити Икром Ёқубовни сохта ҳайдовчилик гувоҳномаси билан машина бошқарганликда айбдор деб топди.

Суд Икром Ëқубовни 8 ой шартли қамоқ жазосига ҳукм қилди. Жазонинг синов муддати бир йил қилиб белгиланди.

Айни пайтда суд Ëқубовни аxлоқ тузатиш ишларига жалб қилиш ҳақида ажрим чиқарди.

Суд мобайнида прокурор Ëқубовни Ўзбекистонга депортация қилиш талабини ҳам қўйган, аммо бу талаб юзасидан бирор қарор қабул қилинмаган.

Британия қонунларига кўра узоқ муддат яшаш ҳуқуқини олганлар дастлабки 5 йил муддатда ҳуқуқбузарлик қилишса, мамлакатларига қайтарилиши мумкин.

Айни пайтда Ëқубовнинг депортацияси масаласи очиқ қолган. 2008 йил қочқинлик мақоми олган Ëқубовнинг визаси муддати 2013 йилда яна кўриб чиқилади.

Суд ҳужжатларига кўра Ëқубов қўлга олинганида у ёнидаги сохта гувоҳномани МХХ да ишлаган пайтда Лиссабонга иш сафари билан бориб олганлигини айтган.

Кингстон тумани жиноий маҳкамаси Икром Ёқубовнинг ҳайдовчилик гувоҳномасини Португалияга қилган ўта махфий иш сафари чоғида қонунан олганига оид кўрсатмасини рад этган.

Британия полицияси Ëқубовга оид ҳайдовчилик гувоҳномасининг қалбаки эканлигини аниқлаган.

Маҳкамани ëритган Daily Mail чиқарган мақолага кўра, Ўзбекистонда давлатга хиёнат қилганликда айбдор, деб топилганини даъво қилган Икром Ёкубов ҳакамга: "Бу мен учун ҳаёт ва мамот масаласи. Мен бу мамлакатда тоза ном билан яшашни истайман," деб айтган.

Икром Ëқубов 2008 йилда Британияга ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаоли Суръат Икромовнинг таржимони сифатида 6 ойлик виза билан кириб келган.

Суръат Икромовнинг Озодликка айтишича, Икром Ëқубов Ўзбекистонга қайтган тақдирда унга жиддий хавф-хатар йўқ.

- У Ўзбекистондан чиқиш визаси ва Британиянинг 6 ойлик визаси билан чиқиб кетди. Биз у билан Лондонга бирга бордик. Кейин у охирги дақиқада қолиш ниятини билдирди. Мен ихтиëринг дедим, дейди Суръат Икромов.

Қуйида Суръат Икромов билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин.



2008 йил сентябрида Британиядан сиёсий бошпана сўраган Икром Ёқубов ўзининг Ўзбекистон хавфсизлик хизматининг собиқ зобити эканини даъво қилган.

Суръат Икромов Ëқубовнинг ҳақиқатдан ҳам СНБ зобити экани ва Ўзбекистон Хавфсизлик кенгашида ишлаганини тасдиқлар экан, Икром Ëқубовнинг жуда катта сирларга доҳил эмаслигини айтди.

- Ўзбекистондан чиқиб кетгандан кейин Ëқубов интернетда турли иддаолар билан чиқди. Мени ҳайрон қолдирган нарса, Ўзбекистонда бу юзадан деярли ҳеч қандай реакция бўлмагани. Ëқубовнинг Лондонга сафарини мен уюштирган эдим. Мени ҳеч ким чақириб сўроқ-савол қилмади.

2008 йилда Икром Ëқубов Лондонда сиëсий бошпана олиб Озодлик, Би-Би-Си ва НюсНайт каналларида Ўзбекистон миллий хавфсизлик хизмати сирларини биламан деб иддаолар қилган эди.

2008 йили Ўзбекистон МХХ матбуот хизмати котиби Олимжон Тўрақулов Озодликка Икром Ëқубов иддаолари жиддий эмас дея билдирган эди.

Олимжон Тўрақулов: У ëзган нарсаларини ўқиб кўрсангиз, ҳеч ақлга сиғмайдиган нарсалар. Жинни одамнинг ëзган бўҳтонлари. У ерда билдирилган нарсалар ичида фикр билдиришга арзийдиган далил ҳам, мантиққа тўғри келадиган нарсалар ҳам йўқ.

2008 йилда Ëқубов расмий Тошкент Ўзбекистон исломий ҳаракатини бошқармоқда деган иддаони ҳам илгари сурган эди.

Бу иддао ЎИҲ раддиясига сабаб бўлган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG