Линклар

Ўзбекистонликлар ахлатхонада йўқолди


Ўзбекистонлик опа-укалар Москвадаги ахлатхоналардан бирида экани тахмин қилинмоқда.

Ўзбекистонлик опа-укалар Москвадаги ахлатхоналардан бирида экани тахмин қилинмоқда.

Наманганлик Абдували Мамадалиев Россияда бедарак кетган 5 нафар фарзандини қидирмоқда. Унинг айтишича, Россияга икки йил аввал мардикорлик қилгани келган фарзандлари Москва ахлатхоналаридан бирида мажбуран ушлаб турилибди. Наманганлик опа-укалар “ахлат мафияси” қўлига тушгани таҳмин қилинмоқда.


54 ёшли Абдували ака мана икки йилдирки Россияга пул ишлагани келган ёшлари 18 дан 31 гача бўлган беш нафар фарзандини қидириб юрибди.

1985 йилда туғилган Умида Мамадалиева

1985 йилда туғилган Умида Мамадалиева

Воқеа тафсилотларини Озодлик Радиосига гапирар экан, у Москва шимолида жойлашган ахлатхоналардан бирида баланд панжара ортида ишлаётган ўғилларини ўз кўзи билан кўрганини айтади.

- Менинг болаларим 2009 йилнинг декабр ойида Москвага келган. Тўртта ўғлим, бир қизим. Автобусда келганидан кейин, чақирган фирмаси буларни қабул қилмаган. Автобус ичидаги бир тожик йигит “Мен буларга иш бераман”, деб менга телефон қилди. Розилигимни олиб у олиб кетган уларни.

Озодлик: Қаерга олиб кетганини айтмадими?

- У Химки шаҳридаги мусорний свалкага олиб борган. Болаларимдан сўрасам, ҳақиқатан Химки шаҳрида экан. Мен 2010 йил 27 апрелда келиб уларни излашни бошладим. Химкига борсам, у ерда чиқиндихона полигони началниги “Бу ерда бировлар йўқ”, дедию мени юқоридан келган “ЗИЛ” мусоровозига ўтиргизиб юборди. Бояги шофёрга айтибдики, “Ўзоққа олиб бориб ташла буни”, дебди. Уч кундан кейин яна келдим. Ўша охранник мени яна қўймади. 17 жойга бориб яна шу Химкига келдим,- дейди Абдували Мамадалиев.

1981 йилда туғилган Муҳаммад Мамадалиев

1981 йилда туғилган Муҳаммад Мамадалиев

У ахлатхона атрофида айланиб юрганида, уюлиб турган ахлат тепасида учта ўғлини кўриб қолгани ва уларни таниганини гапириб берди.

- Шу йилнинг май ойида юқорида кўрдим болаларимни! Юқорида пластмасса тераётганида мен кўчада катта трассада туриб айланиб юргандим. Шапкаларимни отиб бақирсам ҳам қарамади улар. Аниқ учта ўғлимни кўрдим. Химка шаҳри Левий берег кўчасида 60 метргача баландликда бўлиб кетган чиқинди тепасида болаларим териб юраркан. Ётоқ жойи ичкарида экан. Ҳеч кимни қўймас экан. Тожик болалар ишларкан, улар бемалол магазинларга чиқиб юраркан, ўзбек болаларни чиқармас экан ҳеч қаёққа. Мен улар билан 14 январгача, яъни 23 кун алоқада бўлганман. 14 январ соат 11 да улар “Дада, ҳар бир ойда гаплашайлик, биздан ҳам сиздан пул кўп кетиб қоляпти. Аҳмад ака шундай деяпти”, деди. Аҳмад-бу ўша автобусдаги тожик бола. 14 феврални кутдим. Жавоб йўқ. 19 апрелда кейин бу ёққа жунадим излагани. Мана апрелдан бери шу ердаман,- дейди бешта фарзандини Москвада йўқотиб қўйган наманганлик Абдували ака.

1985 йилда туғилган Мақсудхон Мамадалиев

1985 йилда туғилган Мақсудхон Мамадалиев

Абдували Мамадалиев ўз фарзандларини излаб мурожаат қилмаган идора қолмаганини айтади. Шу йилнинг май ойидан буён Красногорскда қурилишда ишлаётган хўжандлик ўзбек мардикорлариникида яшаб юрган ўзбекистонлик яна қаерга бош уришини билмаслигини гапиради.

“Дастлаб шу йилнинг май ойида участковой милицияга мурожаат қилдим”, дея давом этади Абдували ака.

- Аризани участковой ўзи ёзди, мен қўл қўйдим. “Мана, бу ерда ўзбеклар йўқ”, деди. Билсам, яшириб қўяркан. Мен шунинг учун тополмай чиқдим. Ўша чиқиндихонага уч маротаба кирдим милиция билан. Яқинда Ўзбекистондан элчихонамиз аризани қабул қилди, уни Химки уголовний розисска берди. Жиноят қидирув бўлими эплолмади. Беш кундан кейин мени началник милицияси подполковник Чепегин чақириб, “Э, ҳозир олиб келаман, бу бизнинг территория”, деб кетди. Болаларим Шереметьево свалкасида экан. Хурсанд бўлиб турсам, бир ярим соатлардан кейин бояги подполковник “отставит” қилиб бошини қимирлатиб қолди. “Сенинг вазиятинг жуда оғир”, деди. Свалканинг началниги унга “К...ни қис!”, деганда телефон қилиб сўраганда. Эртасига Шереметьево свалкасига кетаётганимда, Тушино метросида милиция олиб кетиб мендан пул талаб қилди. “Пул йўқ, шунақа аҳволим, бичман”, десам қўйвормади. Подполковникка телефон қилдим, у милисани сўкиб “Вазиятини кўрмаяпсанми. Қўйиб юбор буни!”, деганди қўйворди боягилар.

1989 йилда туғилган Мусаллам Мамадалиев

1989 йилда туғилган Мусаллам Мамадалиев

Бундан ташқари, мен Москва вилояти ФМС бошлиғига бордим. У “Бизда автомат-қуролимиз йўқ. Сен яхшиси криминалний полицияга бор”, деди. Бугун озгина ишимиз бор эди - уларни излаш учун пул керакку, шунга бора олмадим. Эртага борсаммикан полицияга, деб ўтирибман,- дейди икки йилдан бери Москвада фарзандларини қидириб юрган 54 ёшли наманганлик Абдували Мамадалиев.

Бу ишни кузатув остига олган Москвадаги “Фуқаровий кўмак” ташкилоти раҳбари Светлана Ганнушкина Озодлик билан суҳбатда опа-ука Мамадалиевлар қудратли “ахлат мафияси” қўлига тушиб қолган бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.

“Чиқинди бизнеси билан боғлиқ бундай вазиятлар бизда биринчи маротаба учраётгани йўқ”, дейди Ганнушкина.

1993 йилда туғилган Муҳаммадали Мамадалиев

1993 йилда туғилган Муҳаммадали Мамадалиев

- Бу ахлатхоналар ҳатто Совет даврида ҳам мустақил тузулмалар каби ишлаб келган. Бу бизнес, катта бизнес! Советлар даврида шунақа аҳвол бўлган бўлса, ҳозир у ерда нима бўлаётганини тасаввур қилиб кўринг... Улар доимо ёпиқ, ҳеч кимни киритмайди. Ахир бу бизнес йўқ жойдан миллионлаб доллар даромад оладиган жой-ку! У ерда одамларни ушлаб мажбуран ишлатаётгани турган гап. Ахлатхонада одамларни қулликда сақлаш ҳолати Орёл шаҳрида ҳам бўлган эди. Бироқ маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идораларининг бу ишга аралашишдан бош тортганди. Бу ишни ҳатто судгача олиб бордик, лекин қул меҳнатидан фойдаланганини исботлаб бера олмадик. Мамадалиев эса курашни давом этиши керак,- дейди “Фуқаровий кўмак” ташкилоти раҳбари Светлана Ганнушкина.

Абдували Мамадалиев Озодликка ўз фарзандларининг фотосуратларини бериб, уларни учратган ёки улар ҳақида бирор маълумотга эга бўлганлар Озодлик Радиоси орқали хабар беришларини сўради.

Москва вилоятидаги Химки ёки Шереметево ахлатхоналарида бўлиши мумкинлиги тахмин этилаётган Абдували Мамадалиевнинг фарзандлари рўйхати:

1. Мамадалиева Умида – 1980 йилда туғилган;
2. Мамадалиев Муҳаммад – 1981 йилда туғилган;
3. Мамадалиев Мақсудхон – 1985 йилда туғилган;
4. Мамадалиев Мусаллам – 1989 йилда туғилган;
5. Мамадалиев Муҳаммадали – 1993 йилда туғилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG