Линклар

"Саёҳат" ва "Версал" сотилади


"Алп Жамол Банк" 2010 йилларгача Ўзбекистондаги етакчи банклардан бири бўлган.

"Алп Жамол Банк" 2010 йилларгача Ўзбекистондаги етакчи банклардан бири бўлган.

Ўзбекистонда “Саёҳат” меҳмонхонаси ва “Версаль” ресторани кимошди савдосига қўйилади. Ўтган йилнинг бошида йўқ қилинган “Алп Жамол Банк”га қарашли бўлган меҳмонхона ва ресторанни сотиш ҳақида суд қарор чиқаргани айтилмоқда. Кимошди савдосини уюштираётган ташкилот вакилининг Озодликка айтишича “Саёҳат” комплексининг нархи 41 миллиард 632 миллион сўм, “Версаль” ресторани эса 37 ярим миллиард сўм этиб белгиланган. “Алп Жамол Банк”и кейинги икки йил ичида Ўзбекистонда йўқ қилинган йирик ширкатлардан биридир холос.


“Саёҳат” меҳмонхонаси ва “Версаль” ресторани “Алп Жамол Банк” ёпилишидан аввал бу ширкатнинг сердаромад шўъбалари ҳисобланган. Банк ёпилиб, унинг хўжайини Муҳиддин Асомиддинов хорижга қочиб кетгач, меҳмонхона комплекси ва ресторан Тошкент шаҳар ҳокимияти ихтиёрига ўтган эди.

Суд ҳукмига кўра, “Саёҳат” ва “Версаль” энди кимошди савдосида хусусий қўлга ўтиши керак, деийлмоқда. Ҳокимият қошидаги “Алп Жамол Банк”ни йўқ қилиш бўйича махсус комиссия сотувга қўйган объектлар “Кўп тармоқли кўчмас мулк савдо” масъулияти чекланган жамият ташкил қиладиган кимошдида 7 декабр куни сотилиши айтилмоқда.

Бу ташкилотнинг исми сир қолишини истаган вакили Озодлик билан суҳбатда бу икки объект сотувга қўйилишини тасдиқлади. “Саёҳат” комплексининг нархи 41 миллиард 632 миллион сўм (расмий курс билан 23 миллион 534 минг АҚШ доллари), тошкентликлар орасида машҳур бўлган ҳашаматли “Версаль” ресторани эса 37 ярим миллиард сўм (21 миллион 200 минг АҚШ доллари) этиб белгиланди, дейди у. Унинг айтишича, “Саёҳат” комплексига меҳмонхонадан тақшари олдидаги ҳашаматли ресторан ҳам киради.

- Ҳа, ишлатаверасиз. Саëҳатнинг ҳам ресторани бору, мана шунақа ресторанга ўхшаган катта тўйхона бор, орқасида меҳмонхонаси бор катта. Саëҳат ресторани, ҳозир Саëҳат тўйхонаси бор катта. Худди Версалнинг копияси.

Бунда, дея қўшимча қилди суҳбатдошимиз, бу икки объектни хорижликлар ҳам сотиб олиши мумкин. Кимошди савдосида иштирок этиш учун потенциал харидор объект қийматининг 10 фоизини гаров сифатида киритиши керак, дейди у. Мабодо меҳмонхона ва ресторан 7 декабр куни сотилмай қолса, орадан икки ҳафта ўтиб, кимошди савдоси қайта ўтказилади.

Сотилаётган меҳмонхона комплекси ва рестораннинг рентабеллиги муаммолари ёки уларнинг янги хўжаинлари ҳам кейинчалик расмийлар томонидан чув туширилиши эҳтимолларини бу суҳбатдошимиз қатъиян инкор қилди.

“Алп Жамол Банк” кейинги икки йил ичида Ўзбекистонда йўқ қилинган йирик ширкатлардан биридир. 2010 йилгача Ўзбекистондаги энг етакчи банклардан бири ҳисобланиб келган банк ўтган йилнинг февралида муаммоларга дуч кела бошлади. Унинг хўжайини Муҳиддин Асомиддинов хорижга қочиб кетгач, “Алп Жамол Банк” активлари, жумладан жисмоний шахсларнинг банкдаги маблағлари давлатга қарашли Халқ банки ҳисобига ўтказилди.

Ўтган йили Ўзбекистонда йўқ қилинган бошқа бир йирик ширкатнинг собиқ ходими Озодклик билан суҳбатда, “Версаль” ресторани билан “Саёҳат” меҳмонхонаси сердаромад объектлар ҳисобланиб келганини айтади. “Версаль” ресторани Тошкент ҳокимияти ихтиёрига ўтганида ҳам яқинларгача пойтахтликлар орасида ҳашамати билан машҳур бўлиб келган эди, дейди у.

- Ўўўў, Версал, ака Версалга 1500 нафар одам сиғади. Бир вақтнинг ўзида 1500 нафар одам сиғади. Тўй-пўйларга катта жой у. Версалнинг ўрни мусорка бўлиб ëтарди бир пайтлар. Мусордан шу даражага етказди шу одам. Биласизку, бизларда битта бизнесни бошласангиз, гуллатганунгизча индамайди. Гуллатганингиздан кейин шартта олиб қўяди бўлди.

Бундай объектлар кимошди савдосида кимга ва қай тарзда сотилиши “қоидалари”дан хабардор суҳбатдошимиз меҳмонхона ва ресторан ўз нархи ва холис рақобат орқали сотилишига шубҳа қилади.

- Ëпилган тақдирда ҳам ўзиники оладида. Мисол учун тепада ўтирган одамларга тааллуқли одамлар олиши мумкин. Ўшанда ҳам жуда қийин масала бўлади. Охири нима бўлади Худо билади. Нерентабелний деб кўрсатилади. Жуда ҳам банкрот система қилиб кўрсатилади. Кўп нарса шу орқали қилинадию.

Лекин, дейди ўтган йилгача Ўзбекистондаги энг йирик ширкатлардан бирида ишлаган суҳбатдошимиз, бу икки объектни сотиб оладиган одам “эҳтиёт бўлиши керак”.

- Муаммо чиқади, худди шу нарса бўладида ака. Мисол учун сотиб олади. Давлатга пул тушади. Қанақадир муддат ўтади. Шундан кейин яна худди шу нарса бўлади. Чунки биласизку Ўзбекистонда бойлар йўқ. Бой битта,- дейди маъноли қилиб яқинларгача йирик ширкат ходими бўлган тошкентлик суҳбатдошимиз.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG