Линклар

Бензин тақчиллигига нефтнинг озлиги сабаб

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистондаги АЁҚШларда узундан-узун навбатлар одатий ҳолга айланган.

Ўзбекистондаги АЁҚШларда узундан-узун навбатлар одатий ҳолга айланган.

Тошкентда бир неча кун кузатилган бензин тақчиллигидан сўнг ҳайит кунлари ёнилғи қуйиш шохобчаларида яна бензин пайдо бўлди. Норасмий хабарларга кўра, ҳайит кунлари пойтахтда бензин тақчиллигини енгиллаштириш учун тегилмас захира ёнилғисидан лимит ажратилган.


Ўзбекистонда бензин ва дизел ёнилғиси таъминотида муаммолар пайдо бўлганига анча бўлди. Ёнилғининг бу турлари АЁҚШларда бир пайдо бўлади, бир йўқ бўлади.

Норозилик бўлмасин деб...


Тошкентда тақчиллашган бензин ҳайит кунлари яна пайдо бўлди. Бу ҳақда тошкентлик киракаш Саидмурод ака бундай дейди:

- Ҳозир ҳаммаси жойига тушди. Бензин ҳам, газ ҳам жойига тушди. Байрам учунми, нормаллашиб қолди,- дейди Саидмурод ака.

Бироқ суҳбатдошимизнинг бундан кейин бензин эркин сотилишига ишончи комил эмас. “Ўзнефтмаҳсулот” компаниясида ишлайдиган танишим, “ҳайит кунлари норозилик кучаймаслиги учун тегилмас захирадан бензин ажратилганини айтди”, дейди у.

Бироқ Ўзбекистоннинг аксарият вилоятларида ҳайит кунлари ҳам бензин сотувда жуда кам бўлди.

Сурхондарё, Қашқадарё, Бухоро, Самарқанд, Сирдарё вилоятларида ҳам бензин ва дизел ёнилғиси сотувда деярли йўқ. Онда сонда шохобчаларга келтириладиган бензинга тумонат навбат бўлади. Улгурган олади, улгурмаган йўқ. Қўлда сотиладиган бензиннинг нархи эса бир-ярим икки бараварга қимматлашади:

- Бензин жуда қийин бўлиб кетди. Редкий-редкий бўлади-да. Қўлда икки ярим минг сўмгача чиқиб кетяпти,- дейди Сирдарё вилоятининг Ховос туманида яшайдиган Адҳамжон.

Нефт кам бўлса бензин қайдан бўлсин


Ўзбекистонда бензин ва дизел ёнилғиси иккита катта корхона - Фарғона ва Бухоро нефтни қайта ишлаш заводларида ишлаб чиқарилади.

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводининг ўзин таништирмаган мутахассисининг айтишича, бензин тақчиллаганининг асосий сабаби заводнинг тўла қувват билан ишламаётганида:

- Бунинг сабаби нефт йўқ, хом ашё кам, шунга маҳсулот ишлаб чиқариш ҳам камаяяпти,- деди завод мутахассиси.

Шу заводда ишлаб пенсияга чиққан Исмоил Маллабоевнинг ҳам собиқ ҳамкасблари гапларига таяниб айтишича, хом ашёнинг етмаётгани заводнинг тўла қувват билан ишламаётганига сабаб бўляпти:

- Сабаби нефт йўқ. Фарғона нефтни қайта ишлаш заводига келаëтган дастлабки хом ашë нефтдан энг енгил фракцияларни ажратиб оладиган бешта қурилма бор. Уларни атмосферний вакумний дейди. Биринчи навбатда нефт ана шу қурилмаларга киради. Ана шу бешта қурилмадан фақат иккитаси ишлаяпти экан, нефт танқислиги сабаб. Кўчалардаги ëқилғи қуйиш шохобчаларида ҳам танқислик кундан кунга ортиб, айримлари ҳатто бекитди ҳам. Шахсий машинаси борлар “ëқилғи нархи кундан кунга ошаяпти” дейишаяпти,- дейди Фарғона нефтни қайта ишлаш заводининг собиқ ишчиси Исмоил Маллабоев.

Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг технология бўлими бошлиғи Баҳодир Усмонов ҳам нефт таъминотининг озайганлигини тан олди:

- Албатта, хом ашё олдингига қараганда кам. Лекин бизга қўйилган мажбуриятни бажаряпмиз. Биз суткасига 1850-1900 тонна ёнилғи ишлаб чиқаряпмиз. Бизда ҳеч қачон узилиш бўлмаган,- деди микрофонсиз суҳбатда Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг технология бўлими бошлиғи Баҳодир Усмонов.

Бухоролик мутахассис айтган “ёнилғи узилишсиз ишлаб чиқарилаётган” бўлса, унда нега вилоятларда ёнилғи сотиш шохобчалари ишламаяпти, нега бензиннинг нархи қўлда икки қарийб бараварга чиқиб кетмоқда? “Ўзнефтмаҳсулот” ҳиссадорлик ширкати бу саволга жавоб беришдан бош тортди.

Қудуқларнинг туби кўриниб қолди


Ўзбекистонлик иқтисодчи Дмитрий Поваров фикрича, мамлакат иқтисодиёти бошдан кечираётган ёнилғи танқислигининг сабаби нефт хом ашёсининг Ўзбекистондаги захираларига бориб тақалади:

- Гап шундаки, Ўзбекистонда собиқ иттифоқ даврида очилган нефт қудуқларининг таги кўриниб қолди. Захираси катта деб ставка қилинган янги нефт қудуқларининг захираси кўп эмаслиги маълум бўлди.

Шунинг учун ҳам Ўзбекистон 2003 йилдан бошлаб Қозоғистон ва Россиядан нефт импорт қила бошлади. 2010 йилдан бошлаб эса Қозоғистондан келтириладиган нефт импортида узилишлар содир бўла бошлади. Чунки Қозоғистон вақтинча нефт экспортини тўхтатди ва Ўзбекистон бу хом ашё таъминотида кутилмаган муаммога дуч келди.

Бундан ташқари илгари “Зеромакс” компанияси ҳам нефт импорти билан шуғулланарди. Бу компания банкрот деб эълон қилинганидан сўнг, албатта, нефт импорти ҳам анча қисқарди. Албатта, бунга муқобил равишда бошқа контрагентликлар ҳам тузилгандир, бироқ улар, менимча, бу ишни унчалик уддалай олишмаяпти,- дейди ўзбекистонлик иқтисодчи Дмитрий Поваров.

5 ноябр куни президент Ислом Каримов Ўзбекистон Бош прокуратурасига Тошкентдаги бензин ва газ танқислиги масаласини ўрганишни топширди.

Uzmetronom.com сайти хабарига кўра, Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев ҳам иқтисод масалари бўйича нефт-газ соҳасига маъсул бўлган Ғуломжон Иброҳимовга жиддий топшириқлар берган.

REGNUM агентлигининг Ўзбекистон давлат статистика қўмитасига таянган ҳолда ёйинланган маълумотларига кўра, мамлакатда бензин ишлаб чиқариш жорий йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида ўтган йилга нисбатан 2,6 фоиз (1,009 миллион тонна), керосин 4,5 фоиз (260,3 минг тонна), дизел ёқилғиси 1,1 фоиз (845,5 минг тонна), сиқилган газ ишлаб чиқариш эса 4,4 фоиз (191,8 минг тонна) га камайган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG