Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:53

Россия Эронга қарши ҳарбий ҳужум оқибатларидан огоҳлантирди


Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров.
Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров.

АҚШ ва Исроил сиёсатчилари уранни бойитиш дастурини тўхтатишдан бош тортиб келаётган Эронга қарши ҳарбий зарба берилиши эҳтимоли кучайиб бораётгани айтаётганига жавобан Россия Ташқи ишлар вазири Эронга қарши ҳарбий зарба оқибатларидан огоҳлантирди.


Эроннинг ядровий дастури билан бўлган тортишив яна халқаро ҳамжамият диққатини ўзига тортмоқда.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Ғарб давлатларини Эронга қарши ҳарбий зарба бермасликка чақирди.

Лавров Эронга қарши ҳарбий ҳужум қилиш “жуда жиддий хатолик” бўлишидан огоҳлантирди.

- Эронга қарши ҳарбий зарба олдиндан айтиб бўлмайдиган оқибатларга олиб келадиган жуда жиддий хатолик бўлади. Бугунги кунда дунёдаги бошқа муаммолар каби Эроннинг ядровий дастури билан боғлиқ муаммони ҳам ҳарбий йўл орқали ҳал қилиб бўлмайди, дея баёнот берди Россия Ташқи ишлар вазири.

Лавров Исроил Президенти Шимон Переснинг Эронга ҳарбий ҳужум эҳтимоли кучайиб бораётгани тўғрисидаги фикрларига шундай муносабат билдирди.

Перес Исроилнинг "Ҳаём" газетасига берган интервьюсида бугунги кунда Эронга ҳарбий зарба берилиши эҳтимоли кундан кунга ошиб бормоқда, деган фикрларни илгари сурди.

Атом энергияси халқаро агентлигининг жорий ҳафта Эрон ядровий дастурига оид янги ҳисоботи эълон қилиниши кутилмоқда.

"Вашингтон Пост" газетасининг разведка идораларидаги манбага асосланиб ёзишича, Эрон хорижлик олимлар ёрдамида ядровий бомба тайёрлашда муҳим тажрибани қўлга киритган.

Исроил ва Қўшма Штатлар Эроннинг ядровий объектларига қарши ҳарбий зарбалар берилиши эҳтимолларидан анча вақтдан бери огоҳлантириб келади.

Теҳрон расмийлари Эрон атом қуролини яратишга уринаётгани ҳақидаги Ғарб давлатлари айбловини рад қилиб келмоқда.

Эрон Президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод Мисрнинг Ал-Ахбар газетасига берган интервьюсида АҚШ ва Исроилни Эронга қарши ҳарбий зарба бериш учун халқаро ҳамжамиятнинг қўллаб-қувватлашига эга бўлиш йўлларини излаётганликда айблади.

БМТ томонидан қатор санкциялар жорий қилинганига қарамай, Эрон уранни тўйинтириш ишларини тўхтатишни шу пайтгача рад қилиб келмоқда.

Венадаги дипломатлар Атом энергияси халқаро агентлигининг янги ҳисоботи ташкилот аъзоларига сешанба ва чоршанба кунлари тарқатилишини маълум қилган.

Хабарларга кўра, янги ҳисоботда Эрон ядровий қурол яратишга уринаётганини тасдиқловчи янги далиллар келтирилган.

Эрон Ташқи ишлар вазири Али Акбар Солиҳий якшанба куни БМТ ташкилотининг ҳисоботи “сохта” иддаоларга асосланган, дея баёнот берди.
XS
SM
MD
LG