Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:42

Самарқандда аёллар чиқишидан сўнг электр берилди


Ўзбекистонда совуқ кунлар тушиши билан мамлакатнинг бир қатор вилоятларида электр ва газ таъминотидаги бот-бот узилишлар аҳолининг норозилигига сабаб бўлмоқда.


Самарқандда йигирмадан зиёд аёл газ ва электр таъминотидаги муттасил узилишларга норозилик билдириб, вилоят ҳокимияти биноси олдига йиғилган.

Самарқандлик фаоллардан бири Ҳолиқназар Ғаниевнинг айтишича, аёлларнинг ушбу чиқишидан кейин айрим туманларга электр токи берилган.

Лекин вилоятнинг кўпгина қишлоқ ва туманларида аҳоли ҳали ҳам электр таъминотидан бенасиб қолмоқда.

Ўзбекистонда куз ойларининг совуқ кунлари бошланиши билан электр тармоғида узилишлар тез-тез рўй бера бошлайди.

Газ таъминотидаги узилишларга норозилик билдириб ўтган ҳафта Жиззах вилоятида ҳам аёллар кўчага чиққан эди.

Жиззахлик аёлларга кўра, табиий газ ва электр энергияси таъминотидаги узилишлар уларнинг доимий муаммоларига айланган.

- Газ йўқ. Ҳатто чой қайнатишга йўқ. Жуда қийналиб кетдик. Адëл, чопон ўраниб ўтирамиз¸ - дейди жиззахлик аёллардан бири.

Жиззахлик ҳуқуқ фаоли Бахтиёр Ҳамроевга кўра, бу ҳар йили кузатиладиган ҳолдир.

- Шаҳарда, айрим туман марказларида газ бор, қолганларида умуман йўқ. Айрим туманларда эса газ йиллаб бўлмайди. Қиш келиши билан ҳар йили кузатиладиган нарсаку бу, - деб айтган эди жиззахлик ҳуқуқ фаоли Бахтиёр Ҳамроев.

Шу кунларда Хоразмдаги кўпгина хонадонлар ҳам иссиқлик таъминотидан бенасиб қолдилар.

Вилоятнинг бир қанча туманлари ва туман марказларида “зангори олов” етказиб беришда узилишлар бор.

-Яхшиям уйимизни деворлари қалин. Ҳозирча чидаяпмиз. Лекин ҳарорат яна пасайса, билмадим нима қиламиз, - дейди овозидан шамоллагани сезилиб турган хоразмликлардан бири.

Ўтган йили ҳам газ таъминотидаги узилишлар сабаб Ўзбекистоннинг бир қанча вилоят туманларида оз сонли норозилик чиқишлари бўлган эди.

Хусусан, ўтган қиш мавсумида газ ва электр муаммолари боис мамлакатнинг Қорақалпоғистон, Хоразм, Самарқанд, Андижон, Фарғона, Бухоро, Жиззах ва Тошкент вилоятлари аҳолиси оммавий норозилик акциясилари ўтказган эдилар.

Табиий газ ишлаб чиқариш бўйича Ўзбекистон дунёда саккизинчи ўринни эгаллайди.

Ҳар йили Ўзбекистонда 60 миллиард куб метр газ қазиб олинади.

Кузатувчиларга кўра, мамлакатдаги газнинг аксарияти бошқа давлатларга экспорт қилинаётгани учун маҳаллий аҳоли зангори оловдан бенасиб қолмоқда.
XS
SM
MD
LG