Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:12

Ўзбекистонда компютерда ишлашни билмаган ходимлар ишдан олинади


Uzbekistan - Uzbek President Islam Karimov is speaking about internet during his visit to Qashqadaryo region, 08Nov2011
Uzbekistan - Uzbek President Islam Karimov is speaking about internet during his visit to Qashqadaryo region, 08Nov2011

Ўзбекистон ҳукумати 2012 йил 1 январидан бошлаб давлат идораларида компютер саводхонлигини баҳолаш тизимини жорий қилади.

Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 27 октябрида чиққан 289-сонли “Давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ходимларининг малакаси ва кўникмаларини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар ҳамда уларни ишда компьютер техникаси ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш юзасидан аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги қарорига мувофиқ равишда амалга оширилмоқда.

Тадбир доирасида Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон автоном республикасидаги вазирлар, давлат қўмиталари ва агентликлари раҳбарлари, вилоят, шаҳар ва туман ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарлари дохил барча давлат хизматчилари (рўйхатда 54 хил лавозим келтирилган) 2015 йилнинг 1 январигача аттестациядан ўтиб, минимал даражада компютер саводхонлигига эгалиги ҳақида сертификат олишлари шарт бўлади.

Ҳукумат қарорида 2012 йилнинг 1 январигача давлат идоралари ходимларининг компютер саводхонлигининг минимал даражаси бўйича талабларга мувофиқлиги юзасидан баҳолаш тизимининг жорий этилиши ва келгусида ишлашини таъминлайдиган чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги ҳамда бошқа муассасаларга юклатилиши айтилади.

Қарор талабларига кўра, давлат идоралари ходимлари мамлакатнинг ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги фаолиятни тартибга соладиган ва лавозим вазифаларини бажаришга татбиқ этиладиган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларини, электрон ҳужжатлар айланиш тизимида ва электрон рақамли имзо билан ишлаш асосларини, ахборот технологияларини билишлари зарурдир.

Бундан ташқари, улар шахсий компютерда фойдаланувчи даражасида ишлаш, идоравий дастурий иловалар билан ишлаш, Интернет тармоғида, локал ва корпоратив тармоқларда ишлаш, электрон ҳужжатлар айланиш тизимидан фойдаланиш, электрон почтадан ва электрон рақамли имзодан фойдаланиш, ташкилий техникадан фойдаланиш кўникмаларига эга бўлишлари шарт.

Бу талаблар мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш истиқболлари, ахборот-коммуникацион технологиялар соҳаси ҳолати ва ривожланиши ҳамда иш фаолиятида АКТдан фойдаланиш жабҳасида жаҳон тенденцияларидан келиб чиққан ҳолда ўзгартирилиши ва тўлдирилиши мумкинлиги айтилмоқда.

Ҳукумат қарорига мувофиқ, ташкилотлар ходимларнинг ишда компютер техникаси ва АКТдан фойдаланиши бўйича малакасини оширишга доир маҳаллий ҳужжатни ишлаб чиқиши ва ўқитилиши кўзда тутилган. Ходимлар учун ўқиш давлат тилида ёки бошқа (рус, инглиз ва б.) тилларда олиб борилиши мумкин.

Давлат идоралари ходимларига бериладиган компютер саводхонлигини баҳолаш тизими сертификати беш йилгача яроқли ҳисобланиб, унинг ҳақиқийлигини интернет орқали текшириш мумкин бўлади.

Давлат идорасидаги вакант лавозимни эгаллаган ходим олти ой ичида мажбурий аттестацияда ўтиши лозим бўлади, бироқ аттестация у ишга кирган дастлабки уч ой ичида ўтказилмаслиги керак. Олий ва ўрта махсус таълим муассасалари битирувчилари эса ишга кирганларидан кейин бир йил ичида аттестациядан ўтишлари керак бўлади.

Агар ишга кирувчи кишининг сертификати бўлса, сертификатнинг яроқлилик муддати ҳисобга олинган ҳолда у ишга аттестациясиз қабул қилинади. Шунингдек, ҳомиладор аёллар ва уч ёшгача боласи бўлган таътилдаги аёллар аттестациядан ўтказилмаслиги айтилмоқда.

Аттестация компютер саводхонлигини баҳолаш тизимидаги жорий вақт режимида тест синовидан ўтказиш орқали амалга оширилади. Ходим синовдан муваффақият билан ўтган тақдирда унга уч кун ичида тегишли сертификат берилади. Тестдан ўтолмаган ходим икки ой мобайнида қайта аттестациядан ўтиши мумкин.

Мабодо ходим қайта аттестациядан ҳам ўтолмаса, бу ҳақда у ишлаган ташкилот 10 кун ичида хабардор қилинади. Ташкилот раҳбари эса кейинги бир ой мобайнида аттестация комиссияси тавсияномасига кўра ходим иши юзасидан чора кўради. Бу ўринда сўнгги чора ходимнинг ишдан бўшатилиши бўлиши мумкин.
XS
SM
MD
LG