Линклар

logo-print

Муҳожирга музей керакми?


Яқин орада марказий-осиёлик мардикорлар Третьяков Галлереяси кунба-шундалари бўлиб қолса, ажабмас.

Яқин орада марказий-осиёлик мардикорлар Третьяков Галлереяси кунба-шундалари бўлиб қолса, ажабмас.

Москва шаҳар Маданият департаменти хорижлик меҳнат муҳожирларига мўлжалланган “Мигрантлар учун музейлар” дастурини жорий қилишни режалаштирмоқда. Дастур мигрантларни пойтахт ҳаётига мослаштириш ва “маданийлаштириш”га қаратилгани айтилмоқда.

Мигрантлар музейларда тарбияланади

Россия пойтахти амалдорлари гастарбайтерларни Москва ҳаётига мослаштиришнинг "ажойиб услуби"ни ишлаб чиққанини айтмоқда. Москва Маданият департаменти ишлаб чиққан дастурга кўра, қурувчи ва ҳайдовчи, фаррош ва аравакашлар шаҳар музейларига экскурсияга олиб борилади.

Бир ой аввал Маданият департаменти раҳбари этиб тайинланган Сергей Капковнинг журналистларга айтишича, мазкур лойиҳа Федерал миграция хизмати билан ҳамкорликда амалга оширилади.

“Москвага меҳнат қилгани келаётганларга оз бўлсада маълумот берамиз ва пойтахтимиз қадриятлари, умуминсоний тамойилларни намойиш этиб борамиз”, деди Москва мэрияси расмийси.

Капковнинг "Комсомольская Правда" газетасида келтирилган сўзларига кўра, ҳозирда Москва диаспоралари билан миллий ва диний масалаларда тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Чунончи, унинг сўзларига кўра, Москванинг “ишчи меҳмонларига” ўз миллий ва диний маракаларини “мўътадил, дабдабасиз ва москвача” шаклда олиб борилиши уқтирилмоқда.

“Бу раҳбаримизнинг шахсий ташаббуси!”

Озодлик мухбири “Меҳнат муҳожирларининг Россия пойтахти музейларига сафарлари қай тарзда амалга оширилади” деган савол билан Москва Маданият департаментига мурожаат қилди.

Маданият департаменти Ахборот бўлими бошлиғи Ирина Аверкина дастур ҳозирча мукаммал эмаслигини тан олиб, мавзу ҳусусида изоҳ бера олмаслигини таъкидлади.

- Бу ҳақда бизда расман бирор маълумот бера олмаймиз, чунки дастур устида иш олиб борилмоқда. Ўйлашимча, яқин келажакда, балким кейинги йилга ҳақиқатан шундай режани амалга оширармиз,- деди Ирина Аверкина.

Москва Маданият департаментининг музейлар бўйича бўлим бошлиғи Сергей Янюшкин Озодлик билан суҳбатда “Мигрантлар учун музейлар” дастурини ўз раҳбари Сергей Капковнинг шахсий ташаббуси эканини маълум қилди.

- Биз ҳамма учун бепул “Музейлар куни”ни ташкил этишни режалаштирмоқдамиз. Фарқи йўқ – мигрантми, ё бошқами – кириш ҳамма учун бепул бўлади. Шунинг учун, нима сабабдан айнан мигрантлар ҳақида гапирилганини ўзим ҳам билмайман. Ажратиш учун асос йўқ: москваликлар, меҳмонлар муайян кунларда бепул ҳеч қандай ҳужжатларсиз музейларга киритилади,- дейди Москва ҳокимиятининг Музейлар бўйича бўлим бошлиғи Сергей Янюшкин.

Москва мэрияси расмийлари Сергей Капковнинг ташаббусини қўллаб-қувватламаётганини, шу тариқа юмшоқ қилиб билдираётган бўлса, Интернетда Маданият департаменти бошлиғининг фикрларига кескинроқ муносабат билдирилмоқда.

“Мигрантлар кимнинг ҳисобига музейларга боради?”, “Гастарбайтерлар музейларда юрса, ким ишлайди?”, “Биз уларни чақирганимиз йўқ!”, “Маймунларга маданият ўргатиб бўладими?!” қабилидаги шарҳлар орқали москваликлар бу хабарга нисбатан ўз муносабатларини билдирмоқда.

Муҳожирнинг музейга боришга вақти йўқ!

Россия Фанлар Академияси Социология институти катта илмий ходими, миграция масалалари бўйича эксперт Игор Кузнецов Озодлик Радиосига “музейларга мигрантларни олиб бориш билан уларни маҳаллий маданиятни қабул қилиши ёки юриш-туришини ўзгартириши мумкинлигига ишонмайман”, дейди.

- Бу одамлар бу ерга ишлаш ва пул топишга келади ва, билишимча, эрталабдан кечгача дам олиш кунларисиз меҳнат қилади. Шунинг учун музейма-музей юриш учун уларда на вақти, на кучи қолади. Қолаверса, Москва музейларида сақланаётган буюмларнинг аксарияти христиан маданияти қадриятларидир. Муҳожирни Россия Ислом маданияти музейи қизиқтириши мумкин, лекин афсус бундай музейнинг ўзи йўқ! Гап шундаки, бу ерда нафақат мигрантларнинг Москвага интеграцияси масаласи, балки москваликлар ва россияликларнинг мигрантларга бўлган муносабати масаласи ҳам кўтарилмоғи керак,- дейди жамиятшунос Игор Кузнецов.

Мутахассиснинг сўзларига кўра, мигрантларни “маданийлаштириш” каби турли дастурларни қабул қилишдан олдин ҳукумат аъзолари бунинг оқибатларини пухта ўйлаб чиқмоқлари зарур. Кузнецов Москва Маданият департаментининг мигрантларни музейларга жалб қилишга оид ташаббусини қўшимча даромад олиш манбайи эканини айтади.

“Бошқа томондан, Россияда авж олиб бораётган ксенофобия касаллиги жамиятда содир бўлаётган қандайдир норозилик кўриниши деб қаралиши тарафдориман. Москвада миллатчиликнинг авж олаётгани ўзидан-ўзи пайдо бўлган ҳодиса эмас”, дея давом этади Игор Кузнецов.

- Агарда биз Россияда Ислом ва Рус Православ динларни ҳақида фикр юритадиган бўлсак, улар бири-бирига юз йиллар давомида идеал тарзда мослашиб кетган. Россияга кириб келаётган Исломнинг ҳозирги кўринишини жамиятимиз қабул қила олмаяпти. Яъни Россияда илгари мавжуд бўлмаган мазҳаблар - масалан ваҳобийлик ёки салафийлик - билан келишмовчиликларни бартараф этиш учун яна юзлаб йиллар керак бўлади. Ахир бундай қарамақаршиликдан Россия мусулмонлари ҳам азият чекмоқда. Москвада яшаб меҳнат қилаётган муҳожирлар ўз юртидан олиб келган кичкинагина оламида яшамоқда, уларнинг москваликлар учун ҳақоратли дейилаётган айрим урф-одатлари аслида уларнинг оламида одатий ҳол. Мен Ўзбекистонда кўп маротаба бўлганман ва биламанки, Москвада, Россияда юзага келаётган тушунмовчиликлар у ерда пайдо бўла олмайди, чунки толерантлик ўзбеклар маданиятининг бир қисми. Бизга, москваликларга шу ҳислат етишмаяпти. Лекин у ерда тарбияланиб Москвага келаётган ажойиб тарбияли ўзбек йигит-қизлари шу маданиятидан узоқлашиб қолаётганига ҳам гувоҳман,- дейди Россия Фанлар Академияси Социология институти катта илмий ходими Игор Кузнецов.

Суҳбат сўнггида у марказий осиёлик муҳожирлар учун энг долзарб масала - рус тилини ўрганишдир, деди.

Айни пайтда Россия Федерал миграция хизмати раҳбари Константин Ромодановский 2012 йилдан бошлаб ҳорижлик меҳнат муҳожирларидан рус тилидан махсус имтиҳонлар олиниши жорий қилиниши мумкинлигини маълум қилди.

“Россияда меҳнат қилаётган 9 миллион ҳорижлик муҳожирдан 29 фоизи - рус тилини билмайди”, - деди ФМС раҳбари.
XS
SM
MD
LG