Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:44

Ҳокимлар халқ билан очиқ мулоқотга киришди...ми?


Шу пайтгача телевизорда аҳоли билан энг асосий ҳоким мулоқот қилиб келган.
Шу пайтгача телевизорда аҳоли билан энг асосий ҳоким мулоқот қилиб келган.

Ўзбекистон вилоятлари ҳокимлари маҳаллий телевидениелар орқали аҳоли билан мулоқот қилишга киришди. Жиззах ва Хоразм вилоятлари ҳокимларининг аҳоли билан теле-мулоқотларидан сўнг, Самарқанд вилояти ҳокими ҳам 8 ноябр куни кечқурун икки соатлик бевосита мулоқот ўтказишни ваъда қилди.


Ўзбекистон маҳаллий телевидениеларида вилоят ҳокимининг аҳоли билан очиқ мулоқотга киришиши илк бор кузатилмоқда.

Жиззах вилояти ҳокими Сайфиддин Умаров 5 ноябр куни кечқурун маҳаллий телевидение орқали бир ярим соат давомида жиззахликлар саволларига жавоб берди.

Жиззахлик инсон ҳуқуқи фаоли Саида Қурбонованинг айтишича, ҳокимга асосан ижтимоий муаммолар хусусида саволлар берилган:

- Ҳоким ҳар соҳанинг масъул ходимлари билан бу мулоқотда иштирок этди. Аҳолидан шундай савол тушди: “Биз пластик карточкага озиқ-овқатни 15-20 фоиз қимматга оляпмиз. Буни тартибга солиш иложи борми?” деди. Шунингдек, газ, электр энергияси муаммолари ҳақида ҳам саволлар берилди. Ҳоким буни тартибга оламиз, деб ваъда берди,- дейди Саида Қурбонова.

Унинг айтишича, аҳоли берган саволлар студияда телефонда ўтирган қизлар томонидан ёзиб олиниб, ҳокимга берлган. Бироқ ҳеч кимга телефон орқали тўғридан-тўғри савол бериш имкони берилмаган.

Самарқанд шаҳрида истиқомат қилувчи Шароф Обидов вилоят ҳокими билан 8 ноябр кечқурун бўлиши эълон қилинган мулоқотни орзиқиб кутаётганини айтади:

- Берадиган саволларим кўп, ҳокимга. "Насаф" футбол жамоаси Осиё кубогини қўлга киритган ўйинни свет йўқлиги учун кўролмай қолган эдик, энди Ўзбекистон ва Шимолий Корея ўйинини ҳам кўролмаймизми, деб сўрамоқчиман. Бироқ, биламан бу саволимни унга етказишмайди. Чунки, ҳокимлар бу муаммоларни жуда яхши билади, бироқ уни ҳал қилмаган ва қилолмайди ҳам,- дейди Шароф Обидов.

Самарқандлик пенсионер ўқитувчи Бобомурод Мавлонов ҳокимлар ҳеч қачон ўзлари бундай ташаббус билан чиқмаган бўлар эди, дейди. Унинг фикрича, бундай топшириқ уларга халқ орасида кучайиб бораётган норозиликни сал бўлса ҳам пасайтириш мақсадида юқоридан туширилган бўлиши аниқ.

- Аслида, ҳокимларга ноқулай саволлар ўтказилмайди. Бу саволлар аввал чиғириқдан ўтказилиб, кейин ҳокимга узатилади. Ҳокимларку майли, шу пайтгача президент ҳам бирор марта халқ билан очиқ мулоқотга киришмаган. Президент билан халқ ўртасидаги кўприк қулаб тушганига анча йил бўлган, ўртада бир жарлик пайдо бўлган. Бу уринишлар эса ана шу кўприкни қайта тиклашга уриниш. Лекин барибир фойдаси йўқ. Чунки ҳокимлар ваъда бергани билан бирорта муаммони ҳал қила олмайди,- дейди Бобомурод Мавлонов.

Самарқанд шаҳрида истиқомат қиладиган 75 ёшли Шавкат бобо бундай мулоқотлар "юқори" кўрсатмаси асосида ишлаб чиқилган махсус сценарий асосида ташкил қилинишига шубҳа йўқ:

- Аслида бу саволлар аввал ёзиб олинадида, кейин ҳоким столига қўйилади. Ҳоким эса истаган саволига жавоб беради. Бу махсус сценарийда, предварителная подготовка, дейди буни. Эски услуб. Ҳозирги шароитда ҳокимнинг қайси масалани ҳал қилишга кучи етса қилади, бўлмаса қилмайди, чунки аксарият ваъдалар бажарилмаяптида,- дейди Шавкат бобо.

Хўш, нега ўтган 20 йил давомида бирор марта ҳам маҳаллий телевидениелар орқали халқнинг дардини тингламаган маҳаллий ҳокимлар бугун бирин-кетин аҳоли билан мулоқот қилишга киришди? Нега улар бирданига халқнинг дардини тинглагиси келиб қолди?

Бу саволларга жавоб берар экан, “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамиятининг фаоли Абдураҳмон Ташанов шундай дейди:

- Менинг ўйлашимча, кейинги пайтда араб давлатларида бўлган халқ исёнлари коррупция даражаси юқори бўлган мамлакатларга ўзига хос сабоқ берди. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам бир томондан хавфсизлик чораларини кучайтириш бошланди, иккинчи томондан, ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий ҳаётда халққа яқинлашиш тенденцияси бошланди.

Лекин мен буни тўғридан-тўғри стихияли жараён деб айта олмайман. Сабаби, ҳокимларнинг ўзларида халқ билан тўғридан-тўғри мулоқот қилишга, одамлар билан яқиндан ишлашга на хоҳиш бор ва на имконият. Демак бу кўпроқ юқоридан берилган кўрсатма ва тавсияга ўхшаяпти, - дейди “Эзгулик” инсон ҳуқуқи фаоли Абдураҳмон Ташанов.
XS
SM
MD
LG