Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:49

Қачон Ўзбекистон яхши бўлади?


Қор ёғиб ўзбекистонликлар газ тақчиллиги билан юзма-юз қолган бир пайтда вилоятлар ҳокимлари телевизорда саволларга жавоб бермоқда.
Қор ёғиб ўзбекистонликлар газ тақчиллиги билан юзма-юз қолган бир пайтда вилоятлар ҳокимлари телевизорда саволларга жавоб бермоқда.

"Эркин микрофон" суҳбатдошларидан бири ҳокимга савол бериш имкони бўлганда ана шу саволни беришини айтади.


Ўзбекистонда қор ёғди: газ тугади


Ноябр ойининг илк кунлариёқ Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати пасайиб кетди ва 7 ноябр кечқурун республиканинг аксар вилоятларида қор ëғди.

Ҳаво совиши билан шундоқ ҳам милтиллаб турган газ чўғи камайди, бутун бошли маҳаллаларда иссиқлик мосламаларига газ умуман келмади, деб хабар берди 8 ноябр куни “Эркин микрофон”га турли вилоятлардан сим қоққан ўзбекистонликлар.

Шундайлардан бири Урганч шаҳрининг Анна Герман кўчасидаги кўп қаватлик уйлардан бирида яшовчи Аделя Жуманиëзова.

Ҳаво ҳарорати - 3га тушган ҳозирги кунларда тунни ишхонамда ўтказаяпман, дейди Аделя опа.

- Ҳозир Урганч шаҳрида тўртинчи қаватда арендада яшаяпман. Бугун уйга борсам, батареялар умуман муздай. Отоплениени ëқмади. Кеча кечаси - 3 бўлди. Эрталаб қарасам, ҳамма сувлар музлаб қолган. Бизларнинг идорада сув йўқ музлаб қолгани учун. Мен ҳозир ўзимнинг кабинетимда яшаяпман. Чунки уй совуқ. Жума, шанба, якшанба кунлари уйда эдим. Устимга кийимларимни кийиб ухладим. Жуда ҳам совуқ. Анна Герман кўчасидаги беш қаватли дом. Батареялар умуман муздай. Уйга бориб овқатимни олиб келдим обедга. Даже уйнинг ичида пахта ëғи қотиб қолган. Мен ҳозир мажбурликдан идорада яшаяпман. Чунки кабинетимда ëз-қиш кондиционери бор, плиткам бор ва идоранинг батареяларига бугун эрталаб отопление беришди.

Озодлик: Нимага бунақа бўлаяпти? Болалилар қанақа қилиб жон сақлаяпти?

- Мен ўша саволни бермоқчи эдим ўзимизнинг маҳаллий амалдорларга. Чунки жума ва шанба кунлари маҳаллий вилоят телевидениесида бизнинг вилоят ҳокими чиқиб гапирган. Как будто газнинг лимити йўқмиш. У одамларга кўмир сотиб олишни таклиф қилаяпти. Кечирасизу кўмирни ҳовлиси борлар сотиб олади. Домда яшаëтганлар кўмирни олган тақдирда ҳам унга алоҳида печка қуриш керак.

Озодлик: Ҳар йил шунақа бўлармиди ë бу йил бошқачароқми?

- Мен ҳам ҳайронман нимага. Бизнинг яшашимиз йилдан йилга ëмонлашиб бораяпти. Биз каменний векка қараб кетаяпмиз. Бир пайтлар кўмир ëқардик эсингиздами? Мен у пайтларда ëш бола эдим. Онам уйни кўмир билан қиздирарди. Беш-олти ëшда эдим. Ҳозир мен 59 ëшдаман. Ҳамма давлатлар олдинга кетса, биз аксинча орқага қараб кетаяпмиз, дейди Аделя Жуманиëзова.

Урганчлик Аделя опа, “Эркин микрофон” орқали Ўзбекистондаги каттаю кичик мансабдорларга мурожаат қилиб, уларни куну тунни устки кийимларни қатма-қат кийиб ҳам иссиқ топа олмаëтган минг-минглаб ўзбекистонликлар, айниқса норасида гўдаклар азобини ўз танасида ҳис этиб кўришга чақиради.

Туркманистонга ўтолмаймиз


Озодликнинг Skypeдаги манзилига бўлаëтган қўнғироқлар сони кунига ортиб бормоқда, зотан уй ва қўл телефонларидан Озодликка сим қоқишга чўчиган ўзбекистонликлар, хавфсизлик нуқтаи назаридан ўзлари учун бехавотир Skype воситасида алоқага чиқмоқдалар.

Нукус шаҳридан Skype орқали Озодликка боғланиб, ўз исмини айтишни сўрамаган йигит Ўзбекистон ва Туркманистон президентлари ўзаро муносабатларни янада ривожлантириш ҳақида чиройли гаплар гапириб турган ҳозирги даврда ўзбек-туркман чегарасининг Хўжайлидаги чегара пунктида ўзи гувоҳ бўлган манзара ҳақида гапиради.

- Қариндошларим бор Туркманистонда. Ўзбекистон томонга ўтасиз, лекин Туркманистон томонга ўтиш жуда ҳам қийинлашиб кетди. Одам кўп, ўтиш мумкин эмас, ўтказмайди ҳам. Уже икки ой бўлди. Одам кўпда. Кичкина шовқин қилсангиз, ҳаммасини чиқариб ташлаяпти. Туркманлар ҳам Ўзбекистонга ўта олмайди. Олдинлари яхши эди. Ҳозир қийинлашиб кетди. Тонг билан соат 5да борасиз. Рўйхатга ëзиласиз. Соат 5да борсангиз, 200нчи бўлиб рўйхатга ëзиласиз. Кунига 150-200 одам. Хўжайли шаҳридан ўтамиз. Ўтганлар ўтади, ўтмаганлар қайтади. Нейтралкада тунайди. Ҳозир ўтаëтган одам кўп. Туркманистон ўтказмаяпти. Ҳеч нарса талаб қилмайди. Паспортларни кўради. Бешта ўзбекистонликни чақиради, кейин бешта туркманни чақиради. Бештасини ўтказаман дегунча бир соат ўтиб кетади. Албатта нарса текширилади. Туркманистонга ўтиш учун 8 доллар тўланади. Документда 6 доллар, биздан 8 доллар олади. Ўзбек пул олмайди. Туркманлар олади. Устига икки долларни нимага олишини сўрасак, айтмайди. Сўрасак, қайтариб юборади, дейди Қорақалпоғистондан Озодликка Skype орқали боғланган йигит.


Қачон Ўзбекистон яхши бўлади?


OzodSkype га қўнғироқ қилиб, ўз мулоҳазаларини ўзбекистонликлар билан ўртоқлашмоқчи бўлганлардан бири, самарқандлик аëл Озодлик мухбирининг “Бугун сизда ўзингиз яшаëтган вилоят ҳокимига бевосита савол бериш имкони бўлганида, ундан нимани сўраган бўлардингиз?” деган саволига мулоҳаза билдирди.

- Қачон Ўзбекистон яхши бўлади? Билмайдида. Нимага Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни йўлга қўймайди? Нимага одамларга иш очилса, ишлашга қўймайди? Агар ишлашга имконият бўлса, одамлар оддий кичкина корхоналар очса, нормалний газ, светини топшириб одамлар ишласа бўладику. Ўзбекистонда бунақа бўлмайди. Ҳали милиция келади, ҳали газ келади, ҳали сув келади. Ҳатто сиз тўлаган бўлсангиз ҳам бирорта причина топади. Мисол учун кичкина ошхонача очсангиз, ҳали пожарний келади, ҳали у, ҳали бу келади, ишқилиб сизни ишлашга қўймайдида. Ҳар кун бепул овқатингизни еб кетади катта ишларда ишлайдиган одамлар. Одамлар кичкина корхона очса, одамларни иш билан тъминлаш мумкинку. Иш йўқ Ўзбекистонда, дейди самарқандлик аëл нафақат Самарқанд, балки Ўзбекистоннинг бутун ҳокиму вазирларига мурожаат қила туриб.

**********************

Муҳтарам тингловчи, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг ëки Skypeда биз билан мулоқотга чиқинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 777 148 199 рақамига йўлланг.

Skypeда Озодликни оzodskype деб қидиринг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG