Линклар

logo-print

АҚШ президентига қасд қилганликда гумонланган ўзбек устидан суд қолдирилди

  • Абдулла Искандар

Улуғбек Қодиров АҚШ президентига суиқсд қилиш билан боғлиқ тўрт жиноятда айбланмоқда.

Улуғбек Қодиров АҚШ президентига суиқсд қилиш билан боғлиқ тўрт жиноятда айбланмоқда.

АҚШ Президент Барак Обамага суиқасд қилишга уринганликда айбланаётган 22 ёшли Ўзбекистон фуқароси Улуғбек Қодиров устидан суд яна қолдирилди. Суднинг 7 ноябрда давом этиши билдирилган эди.


АҚШнинг Алабама штати федерал судяси Харуэлле Дэвис президент Обамага суиқасд қилиш нияти билан M15 русумли автоматни ноқонуний сақлаганликда гумонланган Ўзбекистон фуқароси устидан судни қолдирди.

"The Birmingham News" нашри хабарига кўра, бунга Қодиров ва бошқа гувоҳлар ўртасида ёзиб олинган 35 соатлик суҳбатларни таржима қилиш учун прокурорларга қўшимча вақт керак бўлаётгани сабаб қилиб кўрсатилган.

Суд ҳужжатларига кўра, 22 яшар Ўзбекистон фуқароси Улуғбек Қодиров 13 июл куни Алабама штатининг Бирмингем шаҳридаги меҳмонхонада ўзини қурол савдогари, деб танитган Федерал тергов бюроси махфий агентидан қурол сотиб олаётган пайтда қўлга олинган.

Қодиров 9, 10, 11 ва 13 июл кунлари АҚШ президенти ҳаëтига таҳдид қилиш билан боғлиқ тўрт жиноятда, жумладан, муҳожирликка оид қонунни бузиш, ноқонуний равишда тўла автоматик қуролга эгалик қилиш ҳамда ноқонуний тарзда гранатага эгалик қилиш каби жами етти жиноятда айбланмоқда.

Қодиров қўйилган айбловлар бўйича ўзини айбдор деб тан олмаслигини билдирган.

АҚШ президентини ўлдиришда гумонланган Улуғбек Қодировнинг онаси вирусолог олима Зарифа Қодированинг АҚШдаги суд мажлисида иштирок этишига изн берилган.

Зарифа опа бундан 20 кун олдин ўғли билан телефонда суҳбатлашганини билдирди.

“Ўғлим Обамани ўлдириш учун гуруҳ тузмаган, билакс ўғлимни ўзи бировлар қўлида қўғирчоқ бўлган. Бу суҳбатдан чиқарган хулосамдир”, дейди Зарифа Қодирова Озодлик билан суҳбатда.

- Менга ҳам айтди. Чунки у ëлғон гапирмайди. Мен телефонда сўрадим. “Улуғбек, сен шунақа гуруҳ тузмоқчимидинг?” деб сўрадим. Интернетда ëзиб қўйибди президентни ўлдиришга гуруҳ тузмоқчи деб. “Ойи қатта” дейди. Нима унинг гуруҳ туза оладиган пули борми? “Сен шунақа қилмоқчимидинг?” десам, “Йўқ” дейди. У ëлғон гапирмайди. У ҳаëтда ëлғон гапирган бола эмас. У қанақасига Барак Обамани ўлдириши мумкин? У чумчуқни ҳам ўлдира олган бола эмас. Роса кўнгли тоза. Ҳеч ҳам унақа нарса қила оладиган бола эмас. Лекин ҳамма айб менда. Ўша ëққа жўнатган мен эдим. Аълочи бола эди. Институтда аълога ўқиган,- дейди Зарифа Қодирова.

Зарифа Қодирова АҚШга ўқишга кетган ўғли билан суҳбатлашганида, унинг масжидга қатнаëтганидан хабар топганини ҳам айтади.

- У ëқда юрганда ҳам қизиқдида. “Мачитга кирдим” деди. Мачитга кирсанг, яхши экан, дедим. Мачитда мусулмонлар бўлади. Ҳеч ҳам ëмон нарса ўйламадим. Хаëлимнинг бир чеккасига келмасди. Алабамага боргандан кейин “Ойи, менинг устозим бор. Қуръон ўқияпман” деди. Яхши экан, дедим. Ўлай агар ëмон нарса хаëлимга келмади. Намоз ўқиса, нимаси ëмон, деб ўйлабмиз. Ўша араблар бунинг миясини қотириб ташлашдида. Диний томондан қотириб ташлаб унинг қарзини бўйнига қўйишдими бир нарса бўлди мана шу ерда араблар билан. Ўшалар бир нарса қилишди. У бола бировни ўлдирадиган, бир нарса қиладиган бола эмас эди. Ҳозир Улуғбекка айб қўйишаяпти. Лекин ўша ерда жабрланган одам Улуғбек. Биринчидан, у ҳаëтда одам ўлдирадиган бола эмас. Обама Баракни тем боле ўлдирмас эди. Улар мана шу йўлга солишган.

Озодлик: Ўғлингиздан М15 русумли автомат, граната топилгани айтилмоқда. Ҳужжатларда шунақа дейилган.

- “Шунақани оласан, шунақа қиласан” деб зўрлашган болани. У милтиқ ушлайдиган, милтиқ отадиган бола эмас. Ниҳоятда тоза бола эди. У просто биласизми содда ишониб кетаверган. Миясига қуйиб қўйишган унинг,- дейди Улуғбек Қодировнинг онаси.

Айни пайтда Зарифа Қодирова АҚШда ўтадиган суд мажлисида бир она сифатида қатнашиб ўз ўғлининг гуноҳсиз эканлигини исбот қилиш ниятида собит.

- Мен қурол олишга бола туғмаганман. Мен уни солиҳ амаллар қилади деб ўстирганман, дейди Зарифа Қодирова.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG