Линклар

logo-print

Эрон ядровий қурол ишлаб чиқармаётганини таъкидламоқда


Эрон Ташқи ишлар вазири Али Акбар Солиҳий.

Эрон Ташқи ишлар вазири Али Акбар Солиҳий.

Халқаро атом энергияси агентлигининг 9 ноябр, чоршанба куни эълон қилиниши кутилаётган ҳисоботида Эрон ядровий қурол яратиш устида иш олиб бораётганига далиллар мавжудлиги айтилгани матбуотга сизиб чиққан маълумотлардан маълум бўлди. Ҳисобот эълон қилиниши арафасида Теҳрон Ғарб қўлида ҳеч қандай далил йўқлиги тўғрисида баёнот берди.


Эрон Ташқи ишлар вазири Али Акбар Солиҳий Теҳроннинг ядровий дастури юзасидан халқаро миқёсда ортиб бораётган ташвишлар фонида янграётган айбловларни асоссиз, деб атади.

Мазкур масала юзасидан таранглик Халқаро атом энергияси агентлиги ҳисоботи 9 ноябр, чоршанба куни эълон қилиниши арафасида кучайди. Гап шундаки, ҳисоботдан матбуотга сизиб чиққан маълумотларга қараганда, Эрон ядровий қурол устида иш олиб бораётганини исботловчи баъзи далиллар келтирилган.

Эрон Tашқи ишлар вазири Али Акбар Солиҳий ўзнинг арман ҳамкасби Эдуард Налбандян билан Ереванда ўтказган қўшма матбуот анжуманда Халқаро атом энергияси агентлиги ҳисоботида келтирилган маълумотларни асоссиз, деб атади ва ташкилотнинг холис эканлигига шубҳа билдирди.

Солиҳий фикрича, ядровий дастури боис Эронга босим ўтказилар экан, бу амал биронта ҳам инкор этиб бўлмайдиган далилсиз қилинмоқда ва можаро тўлалигича сиёсийдир.

- Қарийб 10 йилдирки, Эрон биронта ҳам ишонарли далилсиз ўзининг ядровий дастури боис босим остида қолмоқда. Мен Эрон ислом республикасининг ХАЭАдаги вакили бўлиб ишлаганман. Мен, шунингдек, Эрон ядровий агентлиги раҳбари бўлиб ишлаганман. Шунинг учун ҳам мамлакатимизнинг ядровий дастурини майда деталларигача биламан. Ва биламанки, Эрон ядровий дастури атрофидаги можаро техник ёки ҳуқуқий масаладан кўра, сиёсий муаммодир, деди Эрон Tашқи ишлар вазири Али Акбар Солиҳий.

ХАЭАнинг чоршанба куни эълон қилиниши кутилаётган ҳисоботи Эрон ядровий иншоотларига Исроил томонидан ҳужум қилинишига туртки берадиган сабаб сифатида кўринди.

5 ноябр куни Исроил президенти Шимон Перес телевидение орқали қилган чиқиши чоғида Эронга ҳужум қилиш эҳтимоли кучли эканлиги тўғрисида гапирди.

Теҳрон расмийлари бу баёнотга зудлик билан муносабат билдирдилар. Мамлакат ҳарбий раҳбари генерал Ҳасан Фирузабидий, хабарларга қараганда, Исроил “бундай ҳужуми учун қаттиқ афсус қилиб қолади ва ўз жазосини олади”, деган.

Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод Исроил ва АҚШни Эроннинг ядровий иншоотларига ҳарбий зарба бериш учун халқаро ҳамжамият розилигини олишга уринаётгани учун айблади.

Оқ Уй расмий вакили Вашингтонда қилган чиқишида ХАЭА ҳисоботи “Эроннинг мазкур масаладаги тутиб келаётган позицияси тўғрисида биз айтиб келаётган гапларнинг ҳамда Теҳроннинг халқаро мажбуриятларига риоя қилишдан бош тортаётгани такрори ва тасдиғи бўлади”, деди.

Россия билан Франция Эронга қарши ҳар қандай ҳарбий амалиётнинг минтақадаги барқарорликни издан чиқаришидан огоҳлантирди. Германия эса, Эронга “сиёсий ва дипломатик босим ўтказиш”га чақирди.

Эрон ташқи ишлар вазири Али Акбар Солиҳий сешанба кунги чиқишида яна бир бор ўз мамлакати ядровий дастури тинч мақсадларга хизмат қилишини айтди.
Солиҳий, шунингдек, Эроннинг ядровий дастури юзасидан малакали фикрни фақатгина ХАЭА билдириши мумкин, деди.

Унинг айтишича, Эронга нисбатан билдирилган айбловлар ХАЭА доирасидан ташқарида билдирилдики, улар “халқаро сиёсий йўналиш”да ҳаракатланмоқда.

Эрон Ташқи ишлар вазирига кўра, Теҳрон ХАЭАнинг талабларини бажариб келган, лекин эндиликда эса, Эрон тўғридан-тўғри ядровий каллаклар ва ракеталар устида иш олиб бормоқда деган айбловлар илгари сурилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG