Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:16

Ўзбекистонда аҳоли бандлиги 2,5 фоизга ошган


Ўзбек расмийларнинг аҳоли бандлиги ҳақидаги даъволарига қарамай, мамлакатдаги мардикор бозорларида ёлланма ишчилар сони камаймаяпти.
Ўзбек расмийларнинг аҳоли бандлиги ҳақидаги даъволарига қарамай, мамлакатдаги мардикор бозорларида ёлланма ишчилар сони камаймаяпти.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитасига кўра, мамлакатда иш билан банд аҳоли сўнгги тўққиз ой мобайнида 11,893 миллион одамни ташкил қилди.


Бу ўтган йил шу мавсумдаги кўрсаткичдан 2,5 фоизга кўпдир.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси эълон қилган бу рақамларга ишонилса, Ўзбекистонда қарийб ҳар уч одамнинг бири иш билан машғул, деган хулоса келиб чиқади.

Қўмита ҳисоб-китобларига кўра, жорий йилнинг январ-сентябр ойларида мамлакатда 815,4 минг иш ўрни ташкил этилган ва бунинг ярмидан кўпи қишлоқ жойларига тўғри келади.

Янги иш жойлари ўрта ва кичик бизнес ривожлантирилиши эвазига очилаётгани айтилмоқда.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси эълон қилган янги рақамларга кўра, мамлакатда ишчиларнинг ўртача ойлик маоши ҳозирда 693551,5 сўмни ташкил этади ва бу ўтган йилдагига қараганда 28 фоизга кўпдир.

Ўртача нафақа миқдори эса 191637,4 сўм бўлиб, бу ўтган йилгига қараганда 22,7 фоизга кўп.

Мустақил кузатувчилар келтирилган бу рақамлар Ўзбекистондаги реал манзарани акс эттирмаслигини айтишади.

- Шунча иш ўринлари ташкил этилган бўлса, нега йигитларимиз Россия, Қозоғистонда юрибди? Ахир, иш йўқлигидан кетишаяпти-ку, - дейди иқтисодий шарҳловчи Жаҳонгир Шосалимов.

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан буён ўз рўзғорини тебратиш учун меҳнат муҳожирлигига юз тутган ўзбекистонликлар сони бир неча миллионга етгани айтилади.

Уларнинг аксари Россия, Қозоғистон, Жанубий Корея каби яқин ва узоқ хориж мамлакатларида мавсумий ишларда банд бўлишади.

Ўзбекистонликларнинг четга иш излаб кетаётганига асосий омил, маълумотларга кўра, мамлакатдаги ишсизлик даражаси юқорилигидир.

Жаҳонгир Шосалимов тахминича, мамлакат чекка ҳудудларида ишсизлик даражаси 90 фоизга етиши, шаҳарларида эса бу кўрсаткич 50-60 фоизни ташкил этиши мумкин.

Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси тасдиқлаган “2012 йилда иш жойлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури лойиҳаси”да келгуси йилда Ўзбекистонда бир миллионга яқин янги иш ўринлари яратиш кўзда тутилган.
XS
SM
MD
LG