Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:23

Тожикистонда россиялик учувчилар қамалди


Тожикистон ҳудудида ҳибсга олинган россиялик икки учувчи саккиз ярим йилданга озодликдан маҳрум этилди.

8 ноябр куни Қўрғонтепа шаҳар маҳкамаси Россияга тегишли “Ролкан Инвестмент ЛТД” учувчилари Владимир Садовничий ва Алексей Руденкога 10,5 йиллик қамоқ жазоси тайинлади. Аммо, маҳкамага раислик қилган судя Темур Бобоевга кўра, Тожикистонда қабул қилинган авф тўғрисидаги қонун талабига мувофиқ уларнинг жазо муҳлати 2 йилданга қисқартирилди.

Маҳкама ҳукмига биноан рус учувчилари жазони кучайтирилган тартибдаги колонияда ўтайди. Ундан ташқари, маҳкама Садовничий ва Руденкони тўрт йил муддатгача учувчилик ҳуқуқидан маҳрум қилди.

Россиялик Владимир Садовничий ва Эстония фуқароси Алексей Руденко Тожикистон жиноят кодексининг учта моддаси - контрабанда, чегарани ноқонуний кесиб ўтганлик ва халқаро парвоз меъёрларини бузганликда айбланиб, шу йил 12 мартида миллий хавфсизлик ходимлари томонидан ҳибсга олинган эди.

Айни пайтда рус учувчилари Қўрғонтепа шаҳар маҳкамаси ҳукми адолатсиз бўлганини айтмоқда.

Россиянинг Тожикистондаги элчиси маслаҳатчиси Дмитрий Кабаев эса маҳкама ҳукмидан тушкунликка тушганини билдирган. Зеро, унингча, Россия элчилиги маҳкама адолатли ва биродарларча ҳукм қабул қилишига умид қилган эди.

- Россия томони суд ҳукмини ўзгартириш учун барча куч ва имкониятларини ишга солади, - деди россиялик дипломат Кабаев.

Судланганлар оқловчиси Ғулом Бобоев ҳам суд ҳукмидан норозилигини билдирар экан, ҳукм устидан албатта юқори инстанцияларга кассация тартибидаги ариза билан мурожаат қилажагини таъкидлади.

- Улар (Садовничий ва Руденко назарда тутилаяпти - таҳр.) Қўрғонтепа шаҳар аэропортига қасддан қўнганлари йўқ, балки бу ҳолат самолётда ёнилғи тугагани билан боғлиқ, - деди адвокат Бобоев.

Айни пайтда тожикистонлик соҳа мутахассислари Садовничий ва Руденко бошқарган самолётлар Тожикистонда қайдга олинмагани сабабли бу мамлакат ҳудудидаги аэропортларга қўниш ҳуқуқига эга бўлмаганини айтмоқдалар.

Расмий маълумотларга кўра, Владимир Садовничий ва Аликсей Руденко “Ролкан Инвестмент ЛТД” ширкатига тегишли учоқлар капитанлари бўлган. Бу ширкат Буюк Британиянинг офшор ҳудудида қайддан ўтган ва у кимга тегишли экани номаълум.

Шунингдек, ана шу ширкатга тегишли АН-72 русумли икки самолёт 2008 йилдан буён ҳеч бир расмий рухсатсиз Афғонистон ҳудудида фаолият қилиб юрган.

“Ролкан Инвестмент ЛТД” ширкати масъули Валерий Пфефер Садовничий ва Руденко уч йилдан буён мазкур ширкатда шартнома асосида ишлаётганларини айтади. У учувчилар учоқларда НАТОга тегишли озиқ-овқат маҳсулотларини Афғонистонга етказиб бериб турганини таъкидлади.

Маълум бўлишича, қўлга олинган куни бу икки учувчи Тожикистон ҳудудига Афғонистондан кириб келган бўлган.

Аснода мустақил таҳлилчилар рус ҳарбийларини тожик-афғон чегарасига қайтариш ва шунга ўхшаш иқтисодий-сиёсий масалалар атрофидаги баҳслар боис сўнгги бир неча йил ичида Россия ва Тожикистон муносабатлари анча совиганини айтмоқда. Таҳлилчиларнинг фикрича, Қўрғонтепа маҳкамаси чиқарган ҳукм Россия ва Тожикистон алоқаларига янада салбий таъсир қилиши мумкин.

- Рус фуқароларига нисбатан бундай ҳукм албатта Россия томонига ёқмайди. Натижада икки давлат ўртасидаги муносабатлар яна ҳам чигаллашиб кетиши табиий, - дейди мустақил таҳлилчи Давлат Усмонов.

Бироқ Тожикистон президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази раиси Суҳроб Шарипов фикрича, учувчилар устидан чиқарилган ҳукм ҳеч қандай сиёсий хусусиятга эга эмас.

- Ҳар йили юзлаб тожикистонликлар Россия ҳудудида ҳибсга олинади ва узоқ йиллик қамоқ жазоларига маҳкум қилинади. Лекин бу ҳолат Россия ва Тожикистон муносабатларига ҳеч қанча таъсир қилгани йўқ. Ўйлайманки, иккала учувчи тақдири билан боғлиқ ҳолат ҳам фақат ҳуқуқий хусусиятга эга, холос, - деди ўзаро суҳбатда тожик расмийси Суҳроб Шарипов.
XS
SM
MD
LG