Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:35

Атамбаев: "Давлат раҳбарлари Худодан қўрқиши керак"


Алмазбек Атамбаев (марказда) жамоат билан бирга Ҳайит намозини ўқиган биринчи президент бўлди.
Алмазбек Атамбаев (марказда) жамоат билан бирга Ҳайит намозини ўқиган биринчи президент бўлди.

Қирғизистоннинг сайланган президенти Алмазбек Атамбаевнинг намоз ўқиши қизғин баҳслар мавзусига айланди.

Қирғизистоннинг айни пайтдаги Бош вазири, 31 декабрдан бошлаб эса мамлакат президенти лавозимига расман киришувчи Алмазбек Атамбаев авваллари ҳам матбуот орқали қилган чиқишларида намоз ўқишини билдирган эди. Лекин бу билдирув жамоатчилик томонидан одатий ҳол сифатида қабул қилинган.

Бироқ Алмазбек Атамбаевнинг 6 ноябр куни Бишкек марказий майдонига йиғилган 50 мингдан ортиқ диндорлар билан бир сафда туриб намоз ўқиши ва унинг намоз ўқиш арафасида сўзлаган нутқи қирғизистонликлар орасида жуда қизғин баҳсларга сабаб бўлмоқда.

- Раҳбарлар охират кунида бўйинлари кишанланган ҳолда қойим бўладилар. Ҳукуматдагилар, халқни бошқараётганлар шуни унутмасинлар. Оддий мусулмонлардан фарқли ўлароқ, раҳбарлар қиёматда бўйинларидан кишанланган ҳолатда турадилар. Демак, халқ бошқаришнинг масъулияти жуда оғир. Раҳбарлар энг аввало халқни ўйлаши, Худодан қўрқиши керак, - деди Қирғизистоннинг сайланган президенти Алмазбек Атамбаев.

Айтиб ўтиш лозимки, Ҳайит намозлари Бишкекда марказий майдонда ўқилади ва унга 50 мингдан ортиқроқ намозхонлар йиғилади. Ҳар йили ҳайит намозларида президент маъмурияти раҳбари президент табригини ўқиб эшиттирар, лекин бирорта давлат раҳбари намозхонлар сафига қўшилмас эди. Атамбаев жамоат билан бирга намоз ўқиган биринчи президент бўлди.

Президент маъмурияти раҳбари Эмил Қаптагаев давлат раҳбарининг намозга йиқилишини қирғизистонлик диндорлар узоқ йиллардан бери орзиқиб кутишганини, бу воқеа дин ва давлатнинг уйғун эканидан далолат беришини таъкидлади.

- Йигирма йилдан бери уламолар, ҳожи акалар: “Қачон давлат раҳбарлари биз билан намоз ўқишар экан”, деб орзу қилишар эди. Бугун мана шу орзу амалга ошди, -деди Эмил Қаптагаев.

Айтиб ўтиш лозимки, 25 сентябрдан 28 октябргача давом этган президентлик сайлови тарғиботи жараёнида рақиблари Атамбаевни тарғибот жараёнида сайловчиларнинг диний туйғуларига урғу берганликда, диндан тарғибот мақсадида фойдаланганликда айблаган эдилар. Атамбаевга рақиб бўлган президентликка номзодлар фикрича, Қирғизистон дунёвий мамлакат бўлгани сабабли президентликка даъвогар ўз диний туйғуларини яширин сақлаши лозим эди.

Айни пайтда бир қатор таҳлилчилар ҳам мана шу каби фикрларни билдирмоқдалар.

- Агар Атамбаев хизмат лавозимида динга таянадиган бўлса, катта хато қилади. Негаки у президент сифатида холис бўлиши ва бирорта динга мойиллик билдирмаслиги лозим. Қирғизистон дунёвий мамлакат ва раҳбарлар муайян бир дин ёки диний оқимни очиқдан-очиқ қўлламасликлари керак, -деди Бишкекдаги “Фридом хаус” жамоат ташкилоти расмийси Алмаз Эсенгелдиев.

Таҳлилчи Санжар Тожиматов эса давлат раҳбарлари томонидан динга эътибор берилаётганини ва уларнинг намоз ўқишларини олқишлайди.

- Қўшни давлатларнинг раҳбарлари Шўро даврида партиявий лавозимда ишлаган одамлар. Уларнинг қон-қонига атеизм сингиб кетган. Уларнинг динга муносабати ҳам бугунги замон талабларига жавоб бермайди. Шу жиҳатдан олиб қарасак, Қирғизистонда раҳбарларнинг динга муносабати ўзгараётганини фақат олқишлаш керак, -деди Санжар Тожиматов.

Айтиб ўтиш лозимки, Қирғизистон парламенти биносида жорий йил бошида намозхона очилган эди. Парламентдаги 120 депутатдан 20 таси намоз ўқиши маълум қилинган. Алмазбек Атамбаевдан ташқари Қирғизистон ҳукуматидаги учта вазир ҳам беш маҳал намоз ўқийди.
XS
SM
MD
LG