Линклар

logo-print

Страсбург суди ўзбек қочқини тарафини олди


Страссбург суди ёрдам ҳимоя қилган ўзбекистонликлар сони кўпаймоқда.

Страссбург суди ёрдам ҳимоя қилган ўзбекистонликлар сони кўпаймоқда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди Ўзбекистон фуқароси Умид Ёқубовнинг Россия расмийлари устидан топширган шикоят аризасини тўлиқ қондирди. Европа суди сиёсий қочқин Умид Ёқубовга қочқинлик мақоми берилмагани ва уни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш тўғрисидаги қарорни ноқонуний деб топди. Ҳукмга кўра, Россия ҳукумати 1,8 минг евро миқдорида жаримага тортилди.


8 ноябр куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди бирданига учта шикоят аризаси юзасидан Россия ҳукуматига қарийб 87 минг евро миқдорида жарима солди.

Жумладан 1,8 минг евро Россиядан Ўзбекистонга экстрадиция қилиш хавфи остида бўлган ўзбекистонлик сиёсий қочқин Умид Ёқубовга топширилади.

“Страсбург суди Россияни Ёқубовнинг суд ҳаражатларини қоплашга етарли миқдорда жаримага тортди”, деди Озодликка Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судида Умид Ёқубовнинг манфаатларини ҳимоя қилган адвокат Кирилл Коротеев.

- Суд ҳаражатларини қоплашга 1800 евро ажратилди, яъни маънавий ва моддий зарар борасидаги талаблар ҳуқуқбузарлик ҳақида Декларациянинг эълон қилиниши билан чекланди. Бунга ўхшаш Мўминов ёки Камалиев ишларидан фарқли ўлароқ, суд қонунбузарлик ҳолати содир бўлмаган, дея қарор қилди. Биз суддан 14 минг евро миқдориад жарима солинишини талаб қилган эдик. Страсбург суди чиқарган Декларацияда Ёқубовни Ўзбекистонга бериб юборилиши Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенциясининг 3- ва 13-моддаларининг қўпол тарзда бузилишига олиб келиши мумкинлиги акс эттирилди,- дейди адвокат Кирилл Коротеев.

Ҳимоячи оммавий ахборот воситаларида Европа суди қарорига кўра Умид Ёқубов фойдасига Россиядан 14 минг евро товон ундирилгани тўғрисида пайдо бўлган хабарлар ҳақиқатга мос эмаслигини қўшимча қилди.

“Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судининг Ўзбекистон фуқароси Умид Ёқубов иши юзасидан чиқарган ҳукми унга Россияда қочқинлик мақоми берилишига асос бўлиши мумкин”, дея қўшимча қилди Ёқубовнинг Страсбургдаги ҳимоячиси Кирил Коротеев.

2009 йилда Россияга келиб қолган 42 ёшли Ўзбекистон фуқароси Умид Ёқубов қочқинлик мақомини сўраб Федерал миграция хизматига мурожаат қилган.

2010 йилнинг 4 январида Рязань шаҳар ҳуқуқ-тартибот органлари Умид Ёқубовни Ўзбекистоннинг талаби билан ҳибсга олган. Ўз мамлакатида тақиқланган “Ҳизб ут-Таҳрир” диний ташкилотида аъзоликда айбланаётган Ёқубов Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 244-2 (ноқонуний диний ташкилотларга аъзолик) ва 223 (чегарани ноқонуний кесиб ўтиш) моддалари бўйича халқаро қидирувга берилган.

“Ўн кундан кейин изолятордан озод қилинган Ёқубов 27 январ куни милиция ходимларига қаршилик кўрсатганликда айбланиб иккинчи марта қўлга олинди”, дейди Озодликка бу ишни кузатиб бораётган Москвадаги “Фуқаровий кўмак” ташкилотининг Марказий осиёлик қочқинларга кўмак дастури раҳбари Елена Рябинина.

- Тергов давомида уни экстрадиция қилишга ҳеч қандай асос йўқлиги аниқланди, чунки Ўзбекистон тарафидан қўйилган айбловлар асосида Россия қонунчилигида мутлақо жавобгарликка тортиш мумкин эмас. Шу боис Россия хавфсизлик хизмати Ёқубовни маъмурий жавобгарликка тортиб, Ўзбекистонга бериб юборишни ният қилганга, ўхшайди. Рязандаги тергов изолятори раҳбарияти адвокат Светлана Колбневага Умид Ёқубов билан учрашишга рухсат бермаган. Шундан кейин биз Европа Инсон ҳуқуқлари судига мурожаат қилишга мажбур бўлдик,- дейди ҳуқуқ фаоли Елена Рябинина.

“Фуқаровий кўмак” ташкилотининг Страсбург судига мурожаати жавобсиз қолмади: 2010 йилнинг 4 февралида суд қочқин Умид Ёқубовни Ўзбекистонга экстрадициясини тўхтатди.

Елена Рябининанинг сўзларига кўра, Россия Бош прокуратураси Умид Ёқубовга Ўзбекистонга бериб юбормаслик кафолати билан Европа судига жўнатган аризасини қайтариб олишни ҳам таклиф этган.

Елена Рябинина Ёқубов Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан “Ҳизб ут-Таҳрирга” аъзоликка иқрор бўлишга узоқ йиллар давомида мажбурлаб келинган, сўроқлар давомида умуртқасидан жароҳат олганини маълум қилди.

- У ҳозирда эски жойида, Рязанда. Аниқ қаерда эканини барча учун тушунарли бўлган сабабларга кўра очиқламайман. Унинг Миграция хизматига қочқинлик мақомини сўраб топширган аризасига берилган рад жавоби устидан шикояти шу йилнинг июл ойидан бери кўриб чиқилганича йўқ. Ҳар ҳолда, Страсбург судининг бу қароридан кейин Ёқубовга вақтинчалик қочқинлик мақоми берилади, деган ишонч пайдо бўлди,- дейди “Фуқаровий кўмак” ташкилотининг Марказий осиёлик қочқинларга кўмак дастури раҳбари Елена Рябинина.

Европа суди сайтида чоп этилган расмий хабарномага кўра, 8 ноябр куни Европа суди Россиядан тушган яна иккита шикоят аризасидаги талабларни қондирган: Россия ҳукумати Ўзбекистонга экстрадицияси ноқонуний деб топилган Умид Ёқубов, тергов пайтида милиция ходимлари томонидан калтакланиб жароҳат олган россиялик Евгений Филатов ва 2003 йилда Россия ҳарбийлари томонидан ўғли ўғирлаб кетилиб йўқ қилинганини иддао қилаётган чеченистонлик Гижан Эмбиевага жами 86 минг евродан зиёд товон пули тўлашга мажбур этилди.

Бугунги кунда Россия Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига топширилаётган шикоят аризалари сони бўйича дунёда етакчилар қаторида. Ўз чиқишларидан бирида бу ҳақда хабар берган Страсбург судидаги Россиянинг расмий вакили Георгий Матюшкин “Биз Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига топширилаётган арзлар бўйича 15-17 ўринларни эгаллаб келмоқдамиз”, дейди.
XS
SM
MD
LG