Линклар

logo-print

Йиқилган Берлин деворининг кўланкаси


Берлинни шарқий билан ғарбийга ажратган девор 1989 йил 9 ноябр куни қулаган эди.

Берлинни шарқий билан ғарбийга ажратган девор 1989 йил 9 ноябр куни қулаган эди.

Чоршанба куни Германия пойтахтида Берлин девори қулатилганлигига 22 йил тўлди.


Бундан 22 йил бурун мен бир ўзбек рассоми сифатида Шарқий Берлинда эдим.

Ўзбек халқ эртаклари китоби ГДРдаги нашрига сувратлар чизаëтган эдим.

1988 йилнинг ëзида илк маротаба шарқий Берлиннинг Шўнефелд қўналғасига қўндим.

Горбачев ҳурриятидан ларзага келган Москвадан кейин Шўнефелд ўта сокин ва кўримсиз туюлди менга. Нафақат аэропортда балки бутун ГДРда улкан бир маҳзунлик бор эди.

Мен ўшанда девор ëнидаги Шўнҳаузалле кўчасида турдим. Девор орқасидан кўриниб турган теракларга ҳавас қилгандим.

Бу тераклар Ғарбдаги эркин муҳитда ўсаëтган тераклар эди.

Ғарбий ва Шарқий Берлин ўртасидаги девор 1961 йилда Германия Демократик Республикаси томонидан Совет Иттифоқи кўмагида қурилган эди.

ГДР мулозимларига кўра, девор социалистик Берлинни ғарбий Берлиннинг ëмон таъсиридан тўсиш мақсадида тикланган.

Аслида, девор шарқий-германиялик немисларнинг ғарбга қочишига йўл қўймаслик мақсадида қурилган эди.

Берлин девори совуқ урушнинг яққол тимсолига айланган эди.

Совет Иттифоқида Михаил Горбачëв томонидан бошланган демократик ислоҳот бу деворнинг қулашига олиб келди.

1989 йилда ГДРга сафар қилган СССР Президенти Михаил Горбачев немис халқининг озодлик ва демократияга муштоқлигини ўз кўзи билан кўрди.

"Йўқолсин Штази! Девор йиқилсин! Бизга озодлик керак!"- деб ҳайқиришган эди ўшанда Горбачев олдига чиққан шарқий-германияликлар.

"Ҳар бир халқ ўз тақдирини ўзи белгилайди",- деди уларга жавобан Михаил Горбачëв.

Халқ ҳам Горбачëвнинг шу гапига маҳтал бўлиб турган экан шекилли, 28 йил тикка турган деворни ва унга қўшиб 40 йил давр сурган ГДР давлатининг ҳам оëғини осмондан келтиришди.

Девор йиқилганига, харитадан ГДР деган давлатнинг ғойиб бўлганига ҳам 22 йил тўлди.

Ҳар йили 9 ноябр куни Германия халқи Берлин девори қулаган кунни нишонлайди.

Бу байрам деворга қарши ГДР ичида туриб курашганлар учун айниқса қадрли.

Суҳбатдошим Эккеҳард Маас 57 ëшда.

ГДРдаги диссидентлар курашидан ҳикоя қилувчи "Девор кўланкасида" китобининг муаллифи.

Ўтган асрнинг 70-йилларида Маас ўз ҳамфикрлари билан демократия ғояларини тарғиб қилиш мақсадида концертлар ўтказган эди.

Концертлар ертўлада ўтказилгани учун Эккехард Маасга ГДР махсус хизмати, Штази жосуслари "Ертўла" деган лақаб қўйишди. Штази архивларида "Ертўла" яъни Эккеҳард Маас фаолияти ҳақида 14 томлик материал йиғилган. 14 томлик бу материал билан ҳозир ҳамма танишиши мумкин.

Эккеҳард Маас Берлин девори қулаганида 35 ëшда эди.

У ўша кунни шундай эслайди:

"Мен девордан бор йўғи 200 метр берида яшар эдим. Кечқурун бирдан югуриб кетаëтган оломон овози эшитилди. Бу менга ғалати туюлди. Чунки туннинг бу қисмида одамларнинг югурганини эшитиш нотабиий эди. Кўчага чиқсам девор қулабди. Одамлар дарëси Ғарб томонга қараб оқар эди. Шунча орзу қилганимиз, бу кун ниҳоят етиб келган эди."

Суҳбатдошимга, сиз ўша пайтда, яъни ўтган асрнинг етмишинчи йилларида Берлин девори қулашига, Совет Иттифоқининг тарқаб кетишига кўзинггиз етганмиди деб савол берганимда унинг жавоби мана бундай бўлди:

“Биласизми, уйимдаги ошхонада мусиқачи ва рассом дўстларим билан тонготар мунозаралар олиб бораëтганимдаëқ мен учун ГДР ва умуман социализм ғояси ўлиб бўлган эди. Албатта ўшанда Ғарб билан бизнинг орамиздаги девор жуда қалин ва юксак эди. Аммо қашшоқ ГДР фақат Совет Иттифоқи садақаси билан кунини кўра олмай қолди. У ГФРдан моддий кўмак сўраб қўлини чўзди. ГФР маълум шартлар асосида молиявий ëрдам ваъда қилди. Бу шартлардан бири ГДР фуқароларининг Ғарбий Германияга сафар қилишга ижозат берилишига оид эди.

ГДР қисман бу шартни бажарди. ГФРдаги яқин қариндошлари оламдан ўтганда ГДРликларга дафн маросимига боришга рухсат берилди.

Ғарбий Германияга борган одамлар у ерда фаровон турмушни, обод кўчаларни, ҳашаматли автомобилларни, ранг- баранг ва қувноқ ҳаëтни кўришди. Улар қайтиб келганларида коммунизм ғояларига ишонмай қўйишди. Девор ўша пайтдаëқ дарз кетиб бўлган эди."

Бу германиялик диссидент Экеҳард Маас хотиралари эди. Девор йиқилганидан бери 22 йил ўтди. Шарқий Германияликлар ҳам фаровон капитализм неъматларидан баҳраманд бўлишди. Бу неъматлар эса турлича бўлиб чиқди. ГДРнинг камсуқум фуқароларига, фоҳишахоналар, уюшган жиноятчилик ва ишсизлик муаммолари билан учрашиш ҳам насиб қилди. Ҳозир Германиянинг шарқу-ғарбида девор қулаганидан таассуф қилаëтганлар ҳам оз эмас. Собиқ ГДРликлар ўзларининг осойишта ҳаëтини қўмсашса, ғарбий-германияликлар ўша пайтдаги арзон нархларни соғинишади. Шарқий Германия иқтисодини тиклашга кетаëтган улкан маблағнинг бир қисми ГФР фуқароларидан махсус солиқ тарзида олинмоқда.

Сухбатдошимиз Эккеҳард Маас эса ўтмишни соғинаëтганлар сони кўп эмаслигини айтади:

"Тўғри, биз ҳозир сиëсий босимдан қутулиб иқтисодий босимга дуч келганимизни англаяпмиз. Аммо ўтмишни соғинаëтганлар сони кўп эмас. Шарқий немислар фаровон ҳаëтни хоҳлашган эди ва бунга эришишди. Жуда кўп шарқий немислар олдин тасаввурига ҳам сиғдира олмаган моддий тўкин-сочинлик соҳиби бўлишди. Айни пайтда аҳолининг муҳтож қисми учун ижтимоий кафолат ҳам бор. Одамларнинг жуда катта кўпчилиги девор қулаганидан барибир хурсанд."

Бу собиқ ГДРлик диссидент Эккеҳард Маас фикрлари эди. Сухбатимизни унинг "Девор кўланкасида" деган китобидан олинган бир жумла билан тугатамиз.

"Деворнинг қулаши нафақат коммунизм инқирозининг, балки икки Германия бирлашишининг ҳам тимсоли бўлди. Германия озод! Бирлашди ана! Юрагимга дейман, энди ором ол!"

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG