Линклар

logo-print

Ҳар ҳолда, жиззахлик талаба йигит Жасур ўзи истиқомат қилаётган жойда ана шундай шабадани сезгандай бўлибди.

“Эркинлик шабадасини сеза бошладим”

дейди жиззахлик талаба йигит Жасур вилоят ҳокимининг телевидение орқали аҳоли билан қилган очиқ мулоқотини кўрганидан сўнг.

- Энди менда қанақа тушунча бўлди? “Энди биз ҳам бемалол проблемаларни ҳокимга, президентга айтиб чиқсак бўларкан. Энди биз ҳам Европа каби норозилик акциялари уюштириб, бемалол гапирсак бўларкан” деган таассурот уйғонди менда. Светлар ўчаяпти, норозиликлар қилиб чиқсак бўлармикан? Шунақа тушунча уйғонди-да менда.

Озодлик: Сизнинг назарингизда аҳоли ҳоким билан мулоқотдан сўнг эркинлик шабадаси сезгандай бўлдими?

- Билмадим, бўлди. Лекин азалдан Жиззах телевидениеси мана шунақа сал-пал кўтариб чиқарди. Вилоят ҳокими билан биринчи марта бўлди. Ҳатто ўзининг шахсий телефон рақамини ҳам берди. Бу биринчи марта. Ҳоким чиқиш қилгандан кейин уч кун свет ўчмади. Аввалгидан яхшиланди. Аввал керак пайтда ўчирарди, кераксиз пайтда ëқиб қўярди. Бир кунда уч соат свет берарди-да. Ҳозир оз-моз яхшиланди свет. Лекин қор ëққандан кейин газ озроқ пасайди, - дейди жиззахлик Жасур.


“Журналистлар эркин бўлганда эди...”

дейди Москвадаги андижонлик меҳнат муҳожири Ҳабибулла. У Ўзбекистондаги журналистика эркинлиги мавзусига бағишланган “Қурултой” эшиттиришига ўз муносабатини билдиради.

- Эҳ Абдулла Искандар, сиз нима деяпсиз? Ўзбекистонда шундай журналистлар борки, уларнинг ҳар хил сортидан топишингиз мумкин. Газмолфурушнинг дўконидаги ëйиб қўйилган ялтир-юлтир мато сингари товланадиган хамелеон светданми ëки кичкина доиралардан ташқарига чиқмайдиган камсуқумиданми ëки бўлмаса, давлат дефицитга чиқариб қўяëтган қалами ўткир танқидчи журналистларданми? Фақатгина бунақа танқидчи журналистларни четга экспорт қилиб юбораяпмиз. Шуниси ачинарли, холос.

Шу хаëллар билан мен хаëллар қатида ëтган, анча йиллар олдин матбуотда ўқиган бир маълумот ëдимга тушди. Журналистлар Роналд Рейгандан сўрашибди. “Сиз бундай натижаларга эришишингизга нима сабаб бўлди, деб ўйлайсиз?” деб сўрашса, Роналд Рейган: “Менинг бундай натижаларга эиршишимда сиз журналистларнинг танқиди сабаб бўлди, бунинг учун сизлардан миннатдорман”, дебди.

Бу нарсаларни ўйлаб туриб мен ҳам президентимиз Ислом бобога ўз таклифларимни айтмоқчи бўлдим. "Аслида шундай мўйсафид давлат раҳбари оддий фуқаронинг таклифига зормиди?" деган фикр хаëлимдан ўтди. Шундай бўлса ҳам Озодлик орқали айтишга қарор қилдим. Мен президентимизга буйруқбозлику қуллуқбозлик ишларининг бошқача хилини таклиф қилмоқчиман. Эътибор беринг. Диний эътиқоди учун ëки ҳаëсини рўмол билан бекитгани учун жазолашни буюриш ўрнига ëки туғиш ëшидагиларга бичишни буйруқ бериш ўрнига Ўзбекистондаги барча газета ва журналлар раҳбарларини йиғиб, минбар тахтасини қаттиқ муштлаб туриб, “Баринг ойига бештадан танқидий мақола ëритасан. Тўртта ҳам бўлмасин. Агар тўртта бўладиган бўлса, мен сенларни қамоққа тиқаман” деб пўписа қилса. Рост-да. Президент журналистларга бир неча марта илтижо қилиб, “Омон бўлгурлар, Ўзбекистонда цензура йўқ. Воқеаларни рўй-рост ëритинглар” деб улуғ ëши билан илтимос қилди. Журналистлар эса ҳали ҳам сукут сақлашаяпти. Ҳеч бўлмаса, Ислом бобонинг ëшини ҳурмат қилишса бўларди, - дейди Москвадаги андижонлик меҳнат муҳожири Ҳабибулла.


“Ўзбекистонда тракторчига ҳам иш йўқ”

дейди Россиядаги фарғоналик меҳнат муҳожири. У “Баҳс майдони” эшиттиришига муносабат билдиради.

- Жума куними, шанба куними - "Баҳс майдони" бўлди-ку. Кореялик одамни кўраяпсиз-ку “Ëнбошлаб ëтганга ҳеч ким бермайди, Ўзбекистонда ҳам иш топса бўлади” деяпти. Ҳақиқатан ҳам Ўзбекистонда иш топса, шунча одам Россияга келмайдию. Мен ҳам келмайман-ку. Менинг олтита болам бор. Кореядаги одам умуман нотўғри гапирди.

Озодлик: Сиз Ўзбекистонда иш топа олмадингизми?

- Мен ўзим тракторчиман. Иш топа олмадим Ўзбекистонда.

Озодлик: Нега энди? Ҳожибой айтган-ку: "Энг обрўлилар тракторчилар бўлиб қолди" деб.

- Жойи жаннатда бўлсин раҳматли Ҳожибой Тожибоев, тўғри айтгану, у айтгани бўлмаяптида энди ҳозир.

Озодлик: Тракторчиларга иш йўқми?

- Тракторни ташлаб, охири шу ëққа келдим энди. Пул бермаяпти ҳозир. Ҳаммаëқ пластик. Банкка олиб борсангиз, 20 фоиз бериш керак. Ундан кейин сизга пул беради. Унда қанақа қилиб тирикчилик қилиб бўлади. Худога шукур, Россия яхши бўлаяпти.

Озодлик: Россияда ҳам тракторчилик қилаяпсизми?

- Ҳа.

Озодлик: Сир бўлмаса, қанча ойлик олаяпсиз?

- Бир соатига 60 рубл.

Озодлик: Ойига қанча топасиз?

- 15-16 минг. Бу тахминан 500-600 доллар бўлади. 400 уйга жўнатаяпмиз.

Озодлик: Демак, шу 400 долларни Ўзбекистонда топиб бўлмайди-а?

- Ҳеч ҳам иложи йўқ.

Озодлик: Ўзбекистондаги сизнинг ҳамкасбларингиз бир ойда қанча топади?

- Фермернинг тракторини ҳайдасангиз, ойликни 200 минг қилиб бераяпти. У билан тирикчилик қилиб бўлмайди-да, - дейди Россиядаги фарғоналик меҳнат муҳожири.


“Қишга зўр тайёргарлик кўрганмиз”

дейди Қўқон шаҳар “Маҳалла” жамғармаси раиси Муҳаммадали Мамажонов.

- Мен Қўқон шаҳар “Маҳалла” жамғармаси раиси Мамажонов Муҳаммадали ҳожи ака бўламан. Қўқон шаҳрида бўлиб ўтган воқеалар, мана яқинда юртбошимиз келдилар. Ниҳоятда чиройли, яхши бир тадбирлар бўлди. Қўқон шаҳрида бўлган катта ўзгаришларга ниҳоятда юксак баҳолар берилди. Халқимиз ниҳоятда хурсанд Қўқон кўчалари обод бўлганидан, кенгайганидан, янги-янги уйлар қурилганидан. Ҳамма хурсанд. Кайфиятларимиз яхши.

Озодлик: Мана совуқ тушди, қиш келаяпти. Шу билан боғлиқ муаммолар бўлмаяптими?

- Совуқда бўладиган муаммоларни биз бир-икки ой нариëқда ҳаракатини қилганмиз. Бунинг учун давлат дастури ишлаб чиқилган. Қўқон шаҳрида озгина газ муаммоси бор, лекин "газ йўқ" деган гап эмас бу. Газ бор. Босими у даражада эмас. Сал пастроқ. Шуни кўзда тутиб, давлатимиз раҳбарлари томонидан мана Ангрен шахтасидан кўмир, мисол учун, бизга режалаштирилди. Нархи 71 минг сўм. Бир тоннаси 71 минг сўм. Бир килоси 71 сўмдан. Давлатнинг ўзининг таннархида кўмир ажратилди. 700 тоннага яқин кўмир олдик, ака. Маҳаллаларга, хонадонларга тарқатдик. Машина кираси бепул. Ўзимиз машина билан таъминлаб кўмирларни тарқатдик, ака. Бугунги кунда оз-моз қор ëғди. Лекин шаҳримизда кайфият баҳорий кайфият, ака. Унақанги ортиқча совуқ эмас. Қор ëғди, эриди. Ëмғир ëққандай бўлиб, чиройли ажойиб ҳаводан турибмиз, - дейди Қўқон шаҳар “Маҳалла” жамғармаси раиси Муҳаммадали Мамажонов.

**********************

Муҳтарам тингловчи, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг ëки Skypeда биз билан мулоқотга чиқинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 777 148 199 рақамига йўлланг.

Skypeда Озодликни оzodskype деб қидиринг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG