Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:39

Золимга қарши золим билан дўстлашса бўладими?


Қўшма Штатлар Афғонистонда террорчиларни йўқ қилиш учун ўз халқига террор ўтказаётган режим билан дон олишмоқда, дейди Рассел Занка.
Қўшма Штатлар Афғонистонда террорчиларни йўқ қилиш учун ўз халқига террор ўтказаётган режим билан дон олишмоқда, дейди Рассел Занка.

АҚШнинг Ўзбекистон билан муносабатларни илиқлаштираётгани америкалик сиёсатшунос ва таҳлилчилар ўртасида баҳсларга сабаб бўлишда давом этмоқда. Марказий Осиё масалалари бўйича таниқли таҳлилчилар Қўшма Штатлар Афғонистондаги манфаатлари йўлида дунёдаги энг авторитар режимлардан бири бўлган Ўзбекистон ҳукумати билан “дон олишиш” орқали нафақат бу мамлакат, балки бутун минтақадаги вазиятни таҳлика остига қўйишидан огоҳлантирмоқда. Бироқ бу таҳлилчилар орасида АҚШ-Ўзбекистон иттифоқчилигини энг тўғри йўл дея атаб, ёқлаётганлар ҳам йўқ эмас.


Бугун вужудга келган вазиятда Вашингтоннинг Тошкент режими билан ҳамкорлик қилиши энг тўғри йўл. Бу америкалик ҳарбий таҳлилчи Жошуа Фаустнинг фикри.

Америка Хавфсизлик Лойиҳаси ҳарбий шарҳловчиси, Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича таҳлилчи АҚШ Ўзбекистон билан муносабатларни яхшилашга киришганидан бери бу мавзуда қатор мақолаларни эълон қилди. Фауст ўзининг сўнгги мақолаларидан бирида ёзишича, Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш мақсади учун Покистон билан ҳамкорлик самара бермай қўйган вазиятда, аксинча бу мамлакатнинг Толибонга алоқадор жанггари гуруҳларни қўллаб-қувватлаётгани Вашингтонга Шимолий Таъминот Тармоғига эътиборни ошириш ва Тошкент билан муносабатларни яхшилашдан ўзга танлов қолдирмайди.

Ўзи бошиданоқ Ўзбекистон билан алоқаларни узмаслик керак эди, дея баҳс қилади таҳлилчи Фауст ўзининг “Нега Ўзбекистон ҳамкорлик учун яхши танлов” номли мақоласида.

“Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти аянчли эканини тан олиш керак, албатта бу ёмон ҳолат... Лекин Ўзбекистоннинг халқаро изоляцияга олиниши вазиятни янада кескинлаштирди холос – мамлакатда 2004 йилга нисбатан репрессия янада кучайди ва инсон ҳуқуқларига бўлган ҳурмат камайди”, деб ёзади таҳлилчи.

Унинг фикрича, ғарб Ўзбекистон ҳукумати билан муносабатларни кучайтириш орқали ҳозирча кичик бўлсада ижобий натижаларга эришиш билан кифояланиб туриши керак. Бу кичик қадамлар келгусида “тўпланиб, жиддий натижаларга олиб келади”.

Бундан ташқари, таҳлилчи фикрича, Афғонистонда муваффақиятга эршиш учун Шимолий Таъминот Тармоғи ва Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиш Покистон билан ҳамкорликдан кўра анча самаралироқдир.

Ҳарбий таҳлилчи Жошуа Фаустнинг фикрларига АҚШдаги Иллиной Университетининг Марказий Осиё масалалари бўйича антрополог-профессор, бир неча йил Ўзбекистонда яшаган Рассел Занка қарши чиқади. Фаустнинг мақоласига жавобан профессор Занка “Foreign Policy” газетасида “Золимларга қарши уруш золимларга музозамат қилишга мажбур қилганда” сарлавҳаси остида мақола эълон қилди.

Қўшма Штатлар бир тарафдан ўзини инсон ҳуқуқларини ёқловчи дунёдаги етакчи мамлакат сифатида кўз-кўз қилиб, бошқа томондан Каримов режимининг қаттолигини била туриб у билан “дон олишиши” нафақат Ўзбекистон учун, балки бутун ғарбнинг бошқа авторитар мамлакатлар билан олиб боарётган сиёсати учун ўта салбий ҳолатдир, дейди профессор Занка Озодлик билан суҳбатда.

- Афғонистондаги урушдан асосий мақсад АҚШнинг душманлари – террорчилар бу мамлакатни назорат қилмаслигига эришиш учун у ерда барқарорлик ўрнатишдан иборатдир. Лекин бу мақсадга эришиш учун Қўшма Штатлар ўз халқига террор ўтказаётган, террорчи усулларини қўллаётган режим (Каримов ҳукумати-таҳр.) билан дон олишишга мажбур бўлмоқда, дейди Марказий Осиё бўйича мутахассис.

АҚШ ўзини инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси қилиб кўрсатмаганда ҳам майли эди, бунчалик иккиюзламачилик бўлмасди, дея қўшимча қилади Рассел Занка.

Жошуа Фауст ўз мақоласи якунида “Нью Йорк ва Брюсселдан ташқарида реал дунё бор. Ва бу реал дунёда баъзан номукаммал танловлар бўлади. Ўзбекистон билан хавфсизликка оид ҳамкорлик ана шундай номукаммал танловдир”, деб ёзади.

Ўзбекистонда бир неча йил яшаган профессор Рассел Занка бу фикрга мана бундай жавоб қайтаради.

АҚШдаги Иллиной Университети профессори Рассел Занка Ўзбекистонда бир неча йил яшаган.
АҚШдаги Иллиной Университети профессори Рассел Занка Ўзбекистонда бир неча йил яшаган.
- Кўпчиликда бундай фикр бор. Албатта биз Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишни истаймиз. Лекин бу ҳамкорлик жараёнида ўзини инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи дунёдаги етакчи давлат деб ҳисоблайдиган Қўшма Штатлар ўз мажбуриятларига содиқ қола оладими, йўқми, деган саволни унутмаслиги лозим. Ёки “ўртоқ Каримов сизнинг қаттол эканлигингизни биламиз, лекин нима ҳам қила олар эдик, сиз бизга кераксиз ва сизга нисбатан сиёсатимизни ўзгартириб турамиз” қабилида иш тутадими?, дейди таҳлилчи.

Ўзбекистон халқаро изоляцияга тушиб қолгандан бери вазият ёмонлашди, Тошкент билан ҳамкорлик қилиш у ерда вазиятни яхши томонга ўзгартиради, қабилидаги фикрларга профессор Занка АҚШ 1990 йиллар ўрталаридан 2005 йил Андижон воқеаларига қадар Ўзбекистон билан яқин ҳамкорлик қилиб келганини эслатади. Агар Ўзбекистон ҳукумати бу ҳамкорлик натижаси ўлароқ 2005 йил 13 май куни Андижонда юзлаб норозиларни тап тортмай ўққа тутган бўсла, бу ҳамкорлик бўлмаганда режим бундан ҳам қаттолроқ бўлармиди, дея киноя қилади профессор Рассел Занка.
XS
SM
MD
LG