Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:50

Ошган ойлик қандай камайтирилди?


Ўқитувчилар қўли икки-уч йилдан бери пул кўргани йўқ, дейди Озодлик суҳбатдоши.
Ўқитувчилар қўли икки-уч йилдан бери пул кўргани йўқ, дейди Озодлик суҳбатдоши.

Президент маош ва пенисяларни оширса-да, бюджет хизматчиларининг ҳақи амалда камайтирилмоқда.


Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 1 декабрдан бошлаб ойлик иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақаларни ўртача 10 фоизга ошириш тўғрисидаги фармонга 3 ноябр куни имзо чекди.

Ҳужжатда бундан кўзланган мақсад “аҳоли даромадлари ва турмуш даражасини ошириш, шунингдек, республика фуқароларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтиришдан иборат экани” билдирилган.

1 декабрдан бошлаб Ўзбекистон ҳудудида бир ойлик энг кам иш ҳақи миқдори 62 минг 920 сўмни, энг кам пенсия ва нафақалар 123 минг 60 сўмни, қариялар ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган ёрдам миқдори 75 минг 510 сўмни ташкил қилади.

Бу жорий йилда маош, пенсия ва нафақаларнинг иккинчи марта оширилишидир.

Маош, пенсия, стипендия ва нафақалар ошар экан, бу нафақаларни олишга нойил бўлганлар сони камайтирилмоқда.

Бундай оширилишдан юрак ҳовучлаб қолганмиз, дейди Ўзбекистондаги Олий ўқув юрти ўқитувчиси.

Исми номаълум қолишини истаган ўқитувчи Озодлик мухбирига Гулистон университетида ўқитувчилар ойлигини камайтириш тадбирлари бошланганини гапириб берди:

- Бизнинг ойликларимиздан 50-60 мингдан қирқмоқчи эдида. Кейин йиғилишда жанжал бўлди. Кейин битта ўқитувчимиз туриб “Нимага бундай қилаяпсизлар?” деб савол берди. Чунки у сентябрда тасдиқланган эди. Эртасига у ўқитувчини ректор чақириб, ўзи билан суҳбатлашиб, ўқитувчи ўзининг ҳақ эканлигини кўрсатиб берибди. Шундан кейин ректор ҳозирча шундай қолдирибди.

Суҳбатдошимиз ойликлар кесилишига Университет ўтказилган текширувда ўқув юрти бюджетида улкан камомад аниқлангани сабаб бўлган дейди

- Бунинг келиб чиқишининг сабаби бизнинг университетда яқин 154 миллион сўм камомад чиқди. Камомад чиқди ревизия келиб текширганда. Масалан, стипендиялар бўйича деканатлар келишиб, уч баҳо олган болаларнинг баҳосини тўртга ўтказган. Кейин кўп пул тўлаб юборган. Шунинг орқасидан 154 миллион камомад чиқиб, ҳозир иккита деканимиз ишдан кетди. Шунинг орқасидан кўп муаммолар келиб чиқдида. Энди ойлик масаласида ҳам ўқитувчиларнинг ойлигини кесишга қарор қилдида раҳбарият.

Бу камомадни қоплаш ўқитувчилар ҳисобидан бўлаëтгани Гулистон университети ўқитувчилари орасида баҳсларни келтириб чиқарган.

Бюджет маблағлари тақсимотида маориф ва олий таълимга кам ажратилгани таассуфга лойиқдир дейди суҳбатдош:

- МХХ, милиция булар ҳозир жуда катта ойлик олишаяптику. Буларнинг ҳаммаси нотўғри ишлар. Яқин 1 милион атрофида олишади. Масалан, биз университетда дарс бериб, 500-600 минг атрофида олаяпмиз. Ëки бўлмаса мактаб ўқитувчилари икки-уч йилдан ошиб қолди қўли пул кўрмайди. Фақат пластик карточка. Пулсиз дарс ўтишаяпти. Бунда ўқитувчида умуман қизиқиш, билим бериш каби нарсалар бўлмайдида. Ўқитувчиларни бу жуда оғир аҳволга солиб қўйди ҳозирги ҳукумат. Буни ўзгартириш керак. Ўзгартирмаса, умуман келажакда билим бўлмайди.

Ўзбекистондаги пенсионерларга нафақаларнинг кечикиб тўланиши ва ногиронларнинг инвалидлик мақомидан мосуво қилинаëтгани давлат бюджетидаги муаммолар борлигидан дарак, дейди Ўзбекистон давлат қурилиш академиясининг исми сир қолишини истаган мутахассиси.

Унга кўра, Ўзбекистон бу кетишда фуқароларни ижтимоий таъминлаш борасида жиддий муаммолар билан юзлашиши мумкин.

Айни пайтда ойлик ва нафақалар кечикиши одат тусини олди, дейди Ўзбекистондаги олий ўқув юрти ўқитувчиси:

- Биз олий ўқув юрти домлалари вақтида олмаймиз. Баъзи пайтда икки ойлаб кечикиб кетади. Унинг ярмини пластик карточкада беради.

Сўнгги бор давлат томонидан тўланадиган маош, пенсия ва нафақалар 1 августда оширилган эди.
XS
SM
MD
LG