Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:07

Эрон ядровий дастури юзасидан шубҳалар янада кучайди


Бу дастур ҳақида янги ҳисобот чиқарган БМТ агентлиги Эронда ядровий қурол дастури бор¸ демаган бўлса-да¸ Теҳроннинг бу борадаги уринишлари шубҳали эканини таъкидлади.

Халқаро атом энергияси агентлиги сешанба куни эълон қилган энг сўнгги ҳисобот Эрон ниятларига доир мавжуд шубҳаларни кучайтирди¸ айни пайтда Теҳрон баëнотларига нисбатан ишончни янада заифлаштирди.

Агентлик ўз аъзолари¸ қолаверса бошқа манбалардан олинган ишончли маълумотларга таяниб туриб¸ Эрон ўтказаëтган синовларнинг ўз моҳиятига кўра¸ одатда ядровий қурол яратиш билан боғлиқ синовларга жуда яқинлигини билдирди.

Аммо бундай хулоса¸ Эронда ядровий қурол яратиш дастурининг амалда мавжудлиги тасдиқланганини англатмайди¸ дейди Швециядаги Халқаро тинчлик бўйича Стокҳолм тадқиқот институти мутахассиси Даниэл Норд Озодлик билан суҳбатда.

- Халқаро атом энергияси агентлиги ўз ихтиëрида мавжуд маълумотни ўртага қўйди¸ аммо Эронда ҳарбий ядровий дастур бор¸ деган гапни айтгани ҳам йўқ. Агентлик бундай дейишгача бориб етмади. Бунга бир томондан¸ Эрон ядровий дастурига яна бир бор жиддий эътибор қаратиш эҳтиëжи¸ бошқа томондан эса¸ жамоатчилик орасида ваҳима уйғотмаслик масъулияти сабаб бўлган бўлса керак. Зотан¸ Эрон ядровий дастури моҳиятига оид аниқ-тиниқ хулоса бериш халқаро ҳамжамиятни ë Эронни ядровий давлат сифатида тан олиш¸ ëхуд бунга йўл бермаслик учун Эронни бомбалашдан бирини танлаш зарурати олдида қолдирган бўларди¸ дейди швециялик мустақил мутахассис.

БМТ қошидаги Халқаро атом энергияси агентлиги Эрон ядровий қуроллар технологияси устида иш олиб бораëтганини тасдиқлагани муносабати билан Франция президенти Николя Саркози Хавфсизлик Кенгашини Теҳронга қарши чора қўллашга чақирди.

Франция Ташқи ишлар вазирлиги эълон қилган баëнотда¸ агар Эрон бу масалада халқаро талабларга бўйсунмаса¸ Париж ҳукуматининг Теҳронга қарши “мисли кўрилмаган” санкциялар қўллашга ҳозирлиги айтилади.

Халқаро атом агентлигининг сўнгги ҳисоботи муносабати билан Германия ҳукумати Теҳрон раҳбариятини ўз ядровий дастури юзасидан мавжуд саволларга музокаралар воситасида жавоб беришга¸ акс ҳолда бундай зиддият оқибатларига тайëр бўлишга чақирди.

- Агар Эрон ўз ядровий дастури юзасидан жиддий музокаралар бошлаш таклифини рад этишда давом этаверса¸ унга нисбатан янги ва кескин санкциялар қўлламасликнинг иложи йўқ. Бундай ҳолда дарҳол кескин ва кенг кўламли санкциялар қўлланилади. Биз ҳарбий эҳтимолларни муҳокама қилишга қаршимиз¸ деди Германия Ташқи ишлар вазири Вестервелле 9 ноябр куни.

Айни пайтда Берлин дипломатлари раҳбари Эронга қарши қўлланилиши мумкин янги санкцияларнинг нималардан иборат бўлиши ҳақида аниқ маълумот бериш ҳозирча имконсиз экани¸ зотан бу борада жаҳоннинг етакчи ҳукуматлари бир қарорга келиши лозимлигини таъкидлаб ўтди.

Халқаро атом энергияси агентлигининг ўз аъзолари¸ қолаверса бошқа манбалардан олинган ишончли маълумотлар асосида сешанба куни эълон қилинган янги ҳисоботи хулосаси Эрон раҳбарияти томонидан “сиëсий мотивларга асосланган¸ мувозанатсиз” дея баҳоланди.

- Бизга атом бомбаси керак эмас. Эронликлар оқил миллат. Сизда 20 000 ядровий қалпоқча бўлса ҳам¸ эронликлар икки дона ҳам бомба қилмайди. Бу халқ сиз ҳеч қачон тенг бўлолмайдиган нарсалар қуради ва бу юксак ахлоқ бўлади¸ деди жумладан давлат телевидениеси орқали олиб кўрсатилган нутқида президент Маҳмуд Аҳмадийнажод Ғарб¸ хусусан АҚШ етакчиларига мурожаат қила туриб.

Ўз чиқишида Эрон президенти Халқаро атом энергияси агентлигини АҚШнинг асоссиз даъволарига ишониб¸ ўз обрўсига путур еткизмасликка чақирди.

Ҳозирга қадар БМТ Хавфсизлик Кенгаши уранни тўйинтириш жараëнини тўхтатиш талабига қулоқ солмагани боис Эронга қарши санкция жорий қилишни кўзда тутган тўртта резолюция қабул қилган.
XS
SM
MD
LG