Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:25

Телевизор: Ғафур Раҳимов қўлга олинди


Телевизорни биров ўтириб кўради, биров ёнбошлаб, яна биров ястаниб ётволиб кўради. Бировлар ҳафсала билан – кўк чойни аччиқ дамлаб, бир ҳовуч майиз солинган тақсимчани олдига қўйволиб кўрса, баъзилар телевизорни ёлғизликдан қутулиш учун ёқиб қўяди – жавраб турсин шу! Фақат бизнинг мухбиримиз севиб кўради телевизорни. Жон-жаҳди билан кўради. Тикилиб кўради. Айниқса ЎзТВни. Шундай қилиб, навбат “Телевизор” рукни остидаги навбатдаги эшиттиришга.


Ўзбекистонда Ғафур Раҳимов қўлга олинди. Мамлакат телевидениесида 8 ноябр куни намойиш қилинган “Нафсида ёнаётган одамлар” кўрсатуви муаллифининг айтишича, Ғафур Раҳимов

“Маълум бўлишича, Оқила Намозова етказиб берган гиëҳванд моддаларни Қозоғистон республикасига олиб ўтиш билан шуғулланиб келган”.

Нафсида ёнаётганларга эшиттиришимиз охирида яна қайтамиз.

Ҳозир эса, нафсида ёнмаётган, уни, яъни нафсини ҳалол меҳнати билан қондираётган оддий меҳнаткаш ўзбек ҳаётининг ЎзТВдаги инъикоси билан таништирмоқчимиз.

Оддий ўзбекнинг ҳаёти мамлакатнинг Бош Информацион Дастури – “Ахборот”да акс этади, деб ўйладик ва ундан ўша оддий ўзбекни изладик.

Сюжет рақам 1.

​Таомилга кўра, Бош Информацион Дастурнинг биринчи сюжети қаҳрамони Энг Катта Ўзбек – мамлакат президенти бўлди. Лекин Мустақил Юртнинг Энг Катта Ўзбеги Тошкентга сафар қилган Венгрия президенти Пал Шмитт билан сўзлашувлар ўтказар экан, бошқа давлатнинг тилида гапирди.



Сюжет рақам 1да оддий ўзбек кўринмади.

Сюжет рақам 2.

Иккинчи сюжетда Можористон раҳбарининг Бухорога саёҳати кўрсатилди. Пал Шмитт Бухорода юрар экан, камеранинг ўткир кўзига фақат венгр ва ўзбек мулозимлари тушди.





Фақат бир жойда сувенирфуруш опа кўринди. Опа хурсанд кўриндию лекин Катта меҳмонни деб опанинг савдодан қолганига ачиндик.

Сюжет рақам 2да сувенирфуруш опадан бошқа оддий ўзбек кўринмади.


Сюжет рақам 3.

Олий Мажлисдаги йиғилиш. Йиғилишда бюджет масаласи. Нотиқлар тилида доимгидай фақат фоизлар. Биронта ҳам абсолют рақам йўқ.

“2012 йилга ижтимоий соҳага ажратилаëтган маблағларнинг жами бюджет харажатларидаги улуши 58,6 фоизни кўзда тутилмоқда”.

Олий Мажлисда оддий ўзбек бўлмаслиги аниқ гап. Лекин бюджет ҳақида гап борар экан, унинг оддий ўзбек ҳаётига таъсири неча сўмли бўлишини эшитгимиз келувди, эшитмадик.

Демак, сюжет рақам 3да оддий ўзбек кўринмади.

Ишни жадаллаштирамиз.

Сюжет рақам 4. Халқаро давра суҳбати тўғрисида. Сюжетда оддий ўзбек йўқ.

Сюжет рақам 5. Чехиялик тадбиркорлар иштирокидаги бизнес-анжуман тўғрисида.

Сюжетда оддий ўзбек йўқ.

Сюжет рақам 6. Полимерларга оид илмий-амалий конференция тўғрисида.

Сюжетда оддий ўзбек йўқ.

Сюжет рақам 7. Фуқаролик жамияти фаолларига соврин топшириш маросими тўғрисида. Сюжетда оддий ўзбек йўқ.

Сюжет рақам 8. Спорт хабарлари.

Бўлди. Тугади “Ахборот”.

Э йўқ, бе йўқ, бу йил совуқ эрта тушиб қолди, каттаю кичик ҳокиму ҳокимчалар бу йил газдан умид қилманглар, деб оддий ўзбекни қўрқитаяпти, бунинг боиси нима;

газга умид бўлмаса, оддий ўзбек ўтин-кўмирни қаердан олаяпти, неча пулдан олаяпти;

Булар-ку, бугуннинг мавзулари. Лекин 12 та вилоятдан иборат қарийб 30 миллион кишилик Ўзбекистондай катта мамлакатда наҳотки “Ахборот” учун бошқа янгилик топилмаса, деб бир томошабин сифатида оғриниб қўйдик.

Ресурслари етишмасмикан, десак, “Ахборот”нинг тўртинчи сюжетида австриялик мутахассис Стефан Ландау

“Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси моддий техник базасини техник қайта жиҳозлаш ишлари ўтказилди. Ўз техник даражасига кўра у собиқ иттифоқ ҳудудида биринчи ўрини эгаллайди”, деди.

Ландау жаноблари жуда тўғри гапни айтди. Ўзбекистоннинг нафақат марказий, балки вилоят телевидениеларидаги асбоб-ускуналарга баъзи қўшни мамлакатлар марказий телевидениелари ҳавас қилишади, деган гапни кўп эшитганмиз ҳамкасблардан.

Демак, гап ресурслардагина эмасга ўхшайдур.

Гап айланиб келиб, қўшни мамлакатларга ҳам тақалган экан, боя ваъда қилганимиз “Нафсида ёнаётган одамлар” кўрсатуви тўғрисидаям икки оғиз сўз.

Кўрсатувда “Гиëҳванд моддалар савдоси билан шуғулланувчи жиноий гуруҳнинг яна бир аъзоси Тошкент вилояти, Зангиота туманида яшовчи Ғафур Раҳимов”дан ташқари наркотик моддалар савдоси билан шуғулланган яна бир неча ўзбекистонлик кўрсатилди. Ажаб қилишди, кўрсатиб дедик.

Дедигу қўлга олинганларни бирлаштирадиган бир жиҳат борлигига эътибор бердик: ҳаммасидан тортиб олинган наркотиклар Тожикистон билан боғлиқ бўлиб чиқди.

Бу ҳақда олиб борувчи нафақат айтди, “Оқ ажал билан шуғулланувчи тожик оғуфурушлари гиëҳванд моддаларни хорижий давлатларга олиб чиқиш учун Ўзбекистондан транзит йўл сифатида фойдаланишга уринади”, балки наркотик моддалар йўли Гитлернинг Барбаросса режасини ёдга солувчи харитага ўхшаш харитада кўрсатилди ҳам.

Харитага эътибор бериб қарасангиз, Ўзбекистоннинг Афғонистон билан чегараси наркотиклардан ҳоли эканини кўрасиз.

Энг қизиғи, Қирғизистон йўналиши ҳам, харита рост бўлса, мутлақо тозадир.

Ахир, ўтган йилги Ўш қирғини сабабларидан бири сифатида наркотиклар йўли устидан назоратни талашиш эканлиги бўлиши мумкинлигини кўплаб таҳлилчилар айтишувдику?!

Харита рост бўлса, назоратни ўрнатиб бўлишибди-да?
XS
SM
MD
LG