Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:01

Тожикистонда хитойликлар кўпаяётганидан ташвиш билдирилмоқда


Тожикистон Миграция хизмати хитойликларнинг Тожикистонга оқимини тартибга солишни тавсия қилди.

Бу идора расмий маълумотларига кўра, айни пайтда Тожикистонда тахминан 80 мингдан ортиқ хитойлик фуқаро турли соҳаларда фаолият кўрсатмоқда.

Дунёда аҳолиси энг кўп бўлган Хитойдан ишчи кучининг Тожикистонга тартибсиз ва ноқонуний тарзда оқиб келаётгани, миграция хизмати мутахассислари фикрича, ўз аҳолисини доимий иш билан таъминлай олмаётган кичкина давлат - Тожикистонда келгуси беш йил ичида ижтимоий ва демографик портлашни вужудга келтириши табиий.

Бугунги кунда, мустақил кузатувчиларнинг айтишича, бундан икки йил олдингига нисбатан ҳақиқатан Тожикистонда хитойликлар сони кескин ошган. Бугунги кунда мамлакат бозорларида ишлаётган хитойлик ишбилармонлар Тожикистондаги ҳаётидан рози эканини айтади.

- Тожикистонга арзон маҳсулот олиб кирган кишининг ҳаёти анча яхши. Мен учун бу мамлакат энг яхши макондир. Ишим яхши, пойабзал сотаман, ҳеч кимга халақит бермайман. Бошқаларнинг мен билан иши йўқ. Хуллас, яшашим жуда яхши, - дейди ўзини Сзян Лу деб таништирган хитойлик суҳбатдошимиз.

Унинг дўкони президенти қасри рўпарасида жойлашган бўлиб, марказдаги энг серхаридор дўкон саналар экан.

Хитойликларнинг мамлакат бозорларини осон ва тўсиқсиз эгаллаб олаётгани оддий тожикистонликлар норозилигига сабаб бўлаётгани сезилади.

- Хитойлик савдогар бозоримизга маҳсулот олиб кирар экан, йўлкирани ҳам ана шу маҳсулот ҳисобидан чиқаради. Шу сабабли, табиийки, уларнинг топиши бизникидан яхшироқ. Мана ҳозир мебел, гилам, озиқ-овқат, компютер магазинларининг ҳаммаси уларнинг қўлида. Бирор киши улардан: “Сен кимсан, бу мамлакатда нима қилаяпсан?” деб сўрамайди. Ҳозир ҳар қадамда учтадан хитойликни учратасан киши. Ўзимизнинг қарийб икки миллион одамимиз Россияда сарсон бўлиб юрибди. Иш шундай кетаверса, Тожикистон Хитойнинг бир вилоятига айланиб қолиши турган гап, - дейди исми сир қолишини сўраган суҳбатдошларимиздан бири.

Тожикистон Миграция хизмати мутахассисларига кўра, виза расмийлаштириб Тожикистонга келаётган Хитой фуқаролари виза муҳлати тугаган тақдирда ҳам ортга қайтиб кетмайди. Аксинча, пора эвазига виза муҳлатини узайтириб, узоқ вақт қолишга ҳаракат қилади.

Тожикистондаги “Миграция ва тараққиёт” маркази раҳбари Музаффар Зарипов ташқаридан келаётган меҳнат муҳожирлари ва уларнинг бу мамлакатда бўлиши жараёнини тартибга солиш зарурлигини айтади.

- Ҳозир ана шу ишни қилмасак, кейин кеч бўлади. Тожикистонга хитойлик фуқароларнинг тартибсиз равишда кириб келиши олдини олишимиз лозим. Ундан ташқари, Тожикистонда хорижий сармоя эвазига амалга оширилаётган лойиҳаларга кўпроқ маҳаллий фуқароларни жалб этиш зарур. Ёшларимизнинг аксарияти ишсиз, уларга касб-ҳунар ўргатишимиз керак, - дейди Музаффар Зарипов.

Тожик расмийлари хитойлик меҳнат муҳожирларининг мамлакатга оқимини тартибга солишга шайланаётган айни пайтда, мустақил таҳлилчилар кузатишларича, Тожикистонда хитойликлар билан оила қуриш тенденцияга айланиб бормоқда.

Тожикистонда яшаб, ишлаётган хитойликларнинг ҳаммаси ҳам рус, инглиз ёки тожик тилида эркин гаплаша олмайди. Шунга қарамай, тожик оилаларида хитойлик куёвларни ҳам учратиш мумкин.

Душанбе шаҳар марказий касалхонасидан олинган маълумотларга кўра, жорий йил 9 ойи давомида биргина шаҳар туғруқхоналарида хитойлик ота ва тожикистонлик онадан дунёга келган 13 нафар чақалоқ қайдга олинган.
XS
SM
MD
LG