Линклар

Фуад Рустамхўжаев ишида версиялар кўпайди


Фуад Рустамхўжаев ЎХҲнинг Берлин қурултойида гапирмоқда. 25 май¸ 2011 йил.

Фуад Рустамхўжаев ЎХҲнинг Берлин қурултойида гапирмоқда. 25 май¸ 2011 йил.

Аввалига ЎХҲ фаолининг сиëсий ва бизнес фаолияти учун ўлдирилгани тахмин қилинган бўлса¸ энди унга диний ва маиший мотивлар ҳам қўшилган.


Фуад Рустамхўжаев ўлдирилишида тафтиш қилаëтган Россия тергов қўмитасининг Иваново шаҳар бўлими терговчилари ҳозирда қотиллик ортидаги мотивлар юзасидан тўртта версия кўриб чиқилаëтганини маълум қилди.

Ўзбекистон Халқ ҳаракатининг Россия бўйича етакчиси¸ тадбиркор ва Ивановодаги маҳаллий масжидда имомлик қилиб келган Фуад Рустамхўжаев 24 сентябр куни тунги 11 лар атрофида ўз уйи олдида отиб кетилган эди.

26 сентябр куни қотиллик юзасидан Россия Жиноят Кодексининг 105-моддаси¸ 1-банди бўйича жиноий иш очган изқуварлар терговнинг илк кунларида фақат икки версия ўрганилаëтганини маълум қилган эди.

2011 йилнинг май ойида Берлинда таъсис этилган Ўзбекистон Халқ ҳаракатининг Россиядаги фаоли Фуад Рустамхўжаевнинг ўлимидан бир ярим ой ўтиб¸ Иваново Тергов қўмитаси мутахассислари тўрт версия бўйича иш олиб бормоқда¸ дейди мазкур қотилликни тафтиш этаëтган тергов гуруҳи раҳбари Светлана Павлова Озодлик билан суҳбатда.

- Ҳозирда тўртта версия ўрганилмоқда ва улардан иккитаси асосийдир. Биринчиси¸ Фуад Рустамхўжаев Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан мухолифатда бўлгани боис¸ унинг сиëсий қарашлари учун ўлдирилгани¸ айни пайтда¸ унинг тадбиркорлик фаолияти ана шу икки асосий версиядир. Унинг бизнес фаолияти билан боғлиқ тергов ҳаракатлари тугамади¸ зотан бу йўналишда катта материал тўпланган¸ ҳали ҳамма саволларга жавоб топилганича йўқ.

Айни пайтда¸ қотиллик Фуаднинг диний фаолияти билан боғлиқ бўлиши мумкин¸ деган тахмин ҳам кўриб чиқилмоқда¸ аммо бу тахмин заиф бўлгани учун¸ унинг тасдиқланмаслик эҳтимоли кучлироқ. Ва ниҳоят тўртинчиси¸ қотиллик маиший можаро асосида амалга оширилган¸ деган тахмин. Тергов давомида Фуад Рустамхўжаевнинг бир эмас¸ бир неча хотини борлиги аниқланди ва ҳозирда барча тўрт йўналишда иш давом этмоқда¸ дейди Озодлик билан суҳбатда тергов гуруҳи раҳбари.

Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда Фуад Рустамхўжаевнинг яқинлари тергов кўриб чиқилаëтган версияларни торайтириш ўрнига¸ уни кенгайтирганидан ҳафсаласи пир бўлганини яширмадилар. Марҳум мухолифатчи яқинларини¸ айниқса терговга Фуад Рустамхўжаевнинг икки шаърий хотини борлиги фактининг тортилаëтгани хавотирга солмоқда.

“Бири Россия¸ бири Қирғизистон ҳудудида яшаб келган бу иккала аëл бир-бирини мутлақ танимаган¸ Фуаднинг икки оила талашадиган катта бойлиги ҳам йўқ эди¸ шунинг учун терговнинг бу версияга вақт ажратаëтгани¸ асосий гумон – унинг сиëсий қотиллик қурбони эканини эътибордан четга суриш учун ишга қўшилган бўлиши мумкин” деган хавотирда марҳум мухолифатчи яқинлари. Фуаднинг яқинлари ишончига кўра¸ у сиëсий буюртма асосида ўлдирилган ва бунга на бизнес ва на маиший мотивларнинг алоқаси бор.

Бундай эътирозга муносабат билдирган Фуад Рустамхўжаев ишини тергов қилаëтган гуруҳ раҳбари Светлана Павлова¸ қотилликнинг буюртма эканини эътироф этади:

- Қотилликнинг¸ ўз моҳиятига кўра¸ буюртма экани кўриниб турибди. Аммо ҳозирча буни тасдиқлайдиган факт йўқ. Тергов¸ асосий диққатни биринчи версияга қаратмоқда¸ лекин бугунгача мазкур версияни қўлловчи объектив далиллар йўқ.

Фуаднинг қариндошлари ҳам¸ маслакдош¸ дўстлари ҳам матбуотга гапирганда бу сиëсий қотиллик¸ бунинг ортида Ўзбекистон махфий хизматлари турибди¸ деган баëнотни қиладилар. Аммо ҳозирча ҳеч ким тергов чоғида айни шу тахминни қўлловчи кўрсатма берган эмас. Улар тергов билан ҳамкорлик қилмаса¸ биз бу версияни қувватловчи исбот-далилни қаердан олайлик¸ дейди Россия Тергов қўмитасининг Иваново шаҳри бўйича бўлими ходими¸ Фуад Рустамхўжаев ишини ўрганаëтган гуруҳ раҳбари Озодлик билан суҳбатда.

Ҳозирча қотилликка оид қўлимизда мавжуд факт¸ Фуад Рустамхўжаевга ўқ узилган тўппонча - у қотиллик жойидан унча узоқ бўлмаган ердан топилди ва қотилнинг¸ айрим нашрлар ëзган каби¸ таксида эмас¸ балки пиëда келганидир¸ дейди тергов гуруҳи раҳбари.

- Исковуч итлар қотил изининг Рустамхўжаев яшаган кўп қаватлик уйдан анча масофада бўлган машина йўлида йўқолгани ҳидини олди¸ дер экан терговчи Павлова¸ бу факт¸ қолаверса икки ўқнинг аниқ-тиниқ марҳум бошини нишонга олгани қотилликнинг профессионал киллер томонидан амалга оширганини тахмин қилишга асос бўлишини қўшиб ўтади.

Фуад Рустамхўжаев фаоли бўлган Ўзбекистон Халқ ҳаракати 25 сентябр куни эълон қилган баëнотида¸ бу суиқасд учун Ўзбекистон режими¸ унинг махфий хизматларини айблаган эди. Гарчи бу айбловга очиқ расмий жавоб берилмаган бўлса-да¸ Ўзбекистон махсус хизматларига қарашли экани айтиладиган www.press-uz.info интернет сайти бу тахминга “фантастика жанрига оид” деган ëрлиқ ëпиштирди.

Айни пайтда¸ Ўзбекистон ичкарисидаги яқинларига нисбатан тазйиқлар ошиб бораëтганини билдираëтган Ўзбекистон Халқ ҳаракати фаоллари¸ махфий хизмат ходимлари Фуад Рустамхўжаев ўлими воситасида ўзларига жиддий огоҳлантирув юборилганини айтмоқдалар.

“Яқинда аëлимни милиция участкасида сўроқ қилган Тошкентдан келган шахс¸ унга "Эрингга айтиб қўй¸ хорижда хоҳлаганимни қиламан деб ўйламасин. Россияда бўлган иш бошқа жойда ҳам бўлиши мумкин”¸ деган. Бу гапни тушунмаган аëлим “Россияда нима иш бўлди?” деб сўраса¸ "Бу гапни эрингга еткизсанг¸ ўзи тушуниб олади¸ деган”¸ дейди ўз оиласи хавфсизлиги боис исми айтилишини истамаган Ўзбекистон Халқ ҳаракатининг хориждаги фаолларидан бири. Бу эса¸ ҳаракат фаоллари ишончига кўра¸ Фуад Рустамхўжаевнинг ўлдирилиши ортида Ўзбекистон махфий хизматлари турганини тасдиқловчи билвосита далилдир.

Россия Тергов қўмитаси расмийсининг Озодликка билдиришича¸ Фуад Рустамхўжаев бир пайтнинг ўзида ҳам Россия¸ ҳам Ўзбекистон фуқароси бўлганига қарамай¸ расмий Тошкент ўзи фуқароликдан чиқармай келган фуқаросининг ўлдирилишига ҳозирча ҳеч қандай қизиқиш кўрсатмаган ва бу воқеа юзасидан бирор расмий сўров юбормаган.

Айни пайтда тергов гуруҳи раҳбари¸ ҳозирча ўзбекистонлик мухолифатчи ўлимини тергов қилаëтган мутхассисларга сиëсий асосда босим бўлаëтгани ҳақидаги айрим гумонларни ҳам мутлақ рад этди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG