Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:09

Ҳокимлар масъулиятни аҳоли зиммасига юклади


Электр бўлмагани боис кўпчилик ҳокмилар билан мулоқотдан бебаҳра қолди, чироқ бўлганда ҳам бугун ўзбекистонликлар телесериалларни афзал кўради.
Электр бўлмагани боис кўпчилик ҳокмилар билан мулоқотдан бебаҳра қолди, чироқ бўлганда ҳам бугун ўзбекистонликлар телесериалларни афзал кўради.

Ўзбекистонда вилоят ҳокимларининг маҳаллий телевидениеда аҳоли билан ўтказган очиқ мулоқоти, бир қарашда, ҳокимлар ниҳоят халқ дардини тинглашга киришди, деган тасаввур пайдо қилиши мумкин. Бироқ...


Ўзбекистонда ҳокимларнинг телевидение орқали аҳоли билан бевосита мулоқотга чиқиш "кампанияси"ни Жиззах вилояти ҳокими Сайфиддин Умаров бошлаб берди. Ундан сўнг, Хоразм ва Самарқанд вилоятлари ҳокимлари ҳам худди шундай тадбир ўтказдилар.

Ташаббус кимдан чиқди?


Бирданига уч ҳокимнинг халқ билан мулоқот қилгиси келиб қолгани сабабини вилоятлар ҳокимиятлардан қидирдик.

Самарқанд вилояти ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими, бу ходисани изоҳини, "Ҳокимнинг нечта жони бор?" деган савол билан изоҳлади.

Унинг жавобини "ташаббускор ҳоким эмас", деган маънога йўйдик.

Жиззах вилояти ҳокими ёрдамчиси Баҳодир Назаровнинг айтишича, аҳоли билан очиқ мулоқот ўтказиш ташаббуси ҳокимнинг ўзидан чиққан:

- Бу ўзларидан чиққан (вилоят ҳокими Сайфиддин Умаров назарда тутиляпти - муаллиф) ташаббус, мана бундан кейин туман ҳокимлари ҳам халқ билан мулоқот қилиб туради. Халқнинг дарди тингланади ва уларни ҳал қилиш чоралари кўрилади. Нима бўлганда халққа яхши бўлсин, шарт-шароитлари яхши бўлсин, дейиляпти-да,- дейди вилоят ҳокими ёрдамчиси Баҳодир Назаров.

Ҳар қалай вилоят ҳокимлари билан бўлган мулоқотларни кимдир олқишлаган бўлса, кимдир уларни спектакл, деди.

Жиззахлик талаба йигит Жасурнинг фикрича, бу мулоқот ошкоралик томон қўйилган биринчи қадамдир:

- Энди биз ҳам бемалол проблемаларни ҳокимга, президентга айтиб чиқсак бўларкан. Энди биз ҳам Европа каби норозилик акциялари уюштириб, бемалол гапирсак бўларкан” деган таассурот уйғонди менда. Светлар ўчаяпти, норозиликлар қилиб чиқсак бўлармикан? Шунақа тушунча уйғонди-да менда,- дейди талаба йигит Жасур.

Ҳокимлар халққа қайишяптими ёки янги спектакл?


Жиззах вилоятининг Зарбдор туманида ўқитувчилик қиладиган инсон ҳуқуқи фаоли Зиёдилло Раззоқов эса, бу телемулоқотни махсус тайёрланган сценарий асосида қўйилган спектакл деб атайди:

- Энди бу қандайдир бир тайëрланган сценарий бўлса керак. Чунки қиш мавсумида биласиз истеъмолчиларда муаммолар жуда кўп бўлади. Масалан электр энергияси, газ иситиш тармоқлари йўналишига оид. Олайлик Ўзбекистон ўзида ишлаб чиқарилаëтган газларни Россияга бераяпти. Россия унинг устига 50 фоиз қўйиб Европа давлатларига сотиб ундан ўзларининг давлати учун қанчалик фойда келтираяпти. Ўзбекистонда чиқарилаëтган газнинг ўз халқига бермагани аҳоли кўтарилишига олиб келиши мумкинда. Шуни бости-бости қилиш учун тайëрланган сценарий деб ўйлайман,- дейди Зиёдилло Раззоқов.

«Бу араб баҳорининг таъсири»


Самарқанд вилояти ҳокими Зоир Мирзаев билан бўлган телемулоқотни кузатган пенсионер ўқитувчи, мухолифат фаоли жомбойлик Холиқназар Ғаниев ҳокимларнинг халқ билан мулоқотга чиқиши кутилмаган воқеа бўлди, дейди. Бироқ бу мулоқотда ҳеч қандай янгилик айтилмади, аксинча ижтимоий муаммолар учун масъулият яна аҳолининг зиммасига юклатилди, дея давом этади собиқ ўқитувчи:

- Биринчидан, жаҳоншумул гап бўлгани йўқ. Ҳокимимиз айтдики, “Биз сизларни огоҳлантирганмиз ëз вақтидаëқ. Ғамингни е, газ бўлмайди, свет бўлмайди деб айтганмиз” деб асосий гапи шундай бўлди. Лекин ҳар ҳолда бу янгилик. Вилоят ҳокими даражасида халқ билан тўғридан тўғри алоқа қилиш янгилик бу. Бунга сабаб кўп. Биринчидан, дунë қараяпти, дунëга қараяпти одамлар. Савол беради. “Мана Путин, Медведев бемалол гаплашади одамлари билан. Бизникилар нимага гаплашмайди” деган гап қилади. Шунга қараганда халқнинг ҳам кўзи очилаяпти. Буни эътибордан қолдириши мумкин эмас, ҳукуматнинг,- дейди Холиқназар Ғаниев.

Иккинчидан, дейди собиқ ўқитувчи, Араб Баҳори ғалаёнларининг шабадаси ўзбекистонликларга етиб келмаган бўлса ҳам бу шабада Ўзбекистон ҳукуматига етиб келган кўринади ва ҳукумат сал бўлсада ўзини халққа қайишаётгандай қилиб кўрсатиши керак деб лозим топган:

- Албатта. Албатта бундай хавф борлигини сезиб турибди улар. Жуда ҳаддан ошиб кетмайлик деган нима ҳам бўлиши мумкин. Лекин бизнинг халқни ëқиб юборсанг ҳам қўзғалмайди барибир. Аммо ташвиш ҳам йўқ бўлмаса керак. Ҳар ҳолда арабистон давлатларида эсаëтган шамоллар халққа таъсир қилмаса ҳам ҳукуматга таъсир қилган бўлиши мумкин. Бизнинг мухолифатнинг таъсири десак ҳам бўлади, қандайдир даражада, - дейди мухолифат фаоли Холиқназар Ғаниев.

“Менинг саволларим бўғзимда қолди”


Хоразм вилоятининг Гурлан туманида яшовчи Аминбой ака вилоят ҳокими билан телемулоқотни кўролмаган, чунки ўша куни қишлоқларнинг бирортасида чироқ бўлмаган. Аминбой ака ҳеч бўлмаса шу куни чироқни узишмасмикин деган умидда, ҳоким жанобларига бир қанча саволлар тайёрлаб қўйганини айтади:

- Менинг саволларим кўп эди. Масалан, мен Москва телевидениесини кўраман. Нефт, газ достояние народа дейди. Халқиникими ахир. Халққа бериш керак. Аввало халқни таъминлаш керак. Халқнинг аҳволи яхши бўлса, кейин экспорт қилса бўлади. Бизларга газ бермасдан мана уйлар муздай. Ҳаммамиз бир уйга қамаламиз. Ҳозир озгина ўтинимиз бор. Ўшани ëқиб ўтирибмиз. Уйлар совуқ. Аҳвол оғир жуда.

Ҳокимдан газни, электр энергиясини, бола пулини сўрар эдим, магазинга ун қўй, ëғ қўй дер эдим, ëшларни иш билан таъминла дер эдим. Ахир долзарб нималар шуку. Асосий масалани гаплаш керак. Мен бир марта ҳам Бош вазиримизнинг юзини кўрмадим телевизорга чиқиб халқ билан мулоқот қилиб турганини. Ҳеч бўлмаса кварталда гапласа бўладику. Россиянинг Бош вазири, президенти гаплаб ўтирибдику ахир,- дейди суҳбатдош.

Аминбой ака сингари ҳкомига тайёрлаб қўйган саволари қолиб кетганлар ўзбекистонликлар жуда кўп бўлди. Чунки жонли эфир пайтида эълон қилинган телефонларга тушишнинг деярли имкони бўлмади.

- Тўртта номер экранда кўрсатиб турилган эди. Бевосита алоқа деб ëзилган. Ҳар биттасига 10 мартадан рақамни тердим. Бирортасига тушиб бўлмади гапнинг очиғи. Ҳаммаси банд бераверди. Кейин саволлар ҳам ҳар доимгидай, масалан бошқа жойда кўрамиз, савол берилса, жонли эфирга узатиладида кейин жавоб беради. Бу ерда эса ёрдамчилар қоғозларга ëзиб келиб кўрсатаяптида. Шунда ҳам элакдан ўтказгандай қилиб келтириб беришдида,- дейди самарқандлик Шароф Обидов.

Жомбойлик пенсионер Холиқназар Ғаниев ҳам эълон қилинган телефонлар телемулоқот давомида ишамагани айтдаи:

- Мен атайлаб уч-тўртта телефон номерига, мана номерлари турибди менинг қоғозимда, боғланишга ҳаракат қилиб кўрдим. Қаëқда, нореал нарса у. Бир соат давомида қараб ўтирдим. Ҳар замон телефон қилиб турдим. Бир неча марта ҳар хил номерга телефон қилиб турдим. Бўлмади,- дейли Холиқназар Ғаниев.
XS
SM
MD
LG