Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:24

Қозоғистон депутатлари президентдан парламентни тарқатишни сўради


Қозоғистон парламенти қуйи палатаси аъзолари президентдан Мажлисни тарқатиб юбориб муддатидан олдин сайлов ўтказишни сўради. Қозоғистон парламентининг иккала палатасини президент Нурсултон Назарбоевнинг партияси тўлиқ назорат қилади.


Қозоғистонда бир неча ой давом этган миш-мишлардан сўнг мамлакат парламенти қуйи палатаси аъзолари 10 ноябр куни президент Нурсултон Назарбоевга парламентни тарқатиб юборишни сўраб мурожаат қилдилар. Президент Назарбоевнинг депутатлар сўровини қондириши кутилмоқда.

Маҳаллий матбуот хабарларига кўра, агар президент бу сўровни қондирса, Қозоғистонда 15 январ куни муддатидан олдин сайлов ўтказилади.

Айтилишича, муддатидан олдин сайлов ўтказишдан мақсад Қозоғистон парламенти фақат бир партия вакилларидан иборат бўлгани юзасидан халқаро ҳамжамият томонидан анча вақтдан бери Остона шаънига айтиб келинаётган танқидлардан қутулишдан иборатдир.

Шу кунга қадар Қозоғистон парламенти қуйи палатаси - Мажлисдаги 105та ва юқори палата - Сенатдаги 47та ўриннинг ҳаммасини президент Нурсултон Назарбоев етакчилигидаги Нур Отан партияси вакиллари эгаллаб келмоқда.

Агар Назарбоев муддатидан олдин сайлов ўтказишга қарор қилса, мухолифат партиялари учун сайловга тайёргарлик кўришига жуда оз вақт қолади.

Қозоғистон қонунларига мувофиқ мамлакат президенти парламент аъзолари сўровига мувофиқ бош вазир ва парламентнинг иккала палатаси раислари билан маслаҳатлашувдан сўнг муддатидан олдин сайлов ўтказа олади.

Мажлис раиси ўринбосари Нуртой Сабиляновга кўра, президентга йўлланган мурожаатга Мажлиснинг 107 нафар депутатидан 53 нафари қўл қўйган.

10 ноябр куни Остонада бўлиб ўтган матбуот анжуманида Сабилянов парламентни тарқатиб юборишдан мақсад камида икки партия вакилларидан иборат бўлган янги парламент ташкил этишдир, деди.

- Бизнинг ҳозирги қонунга мувофиқ сайлов натижалари қандай бўлишидан қатъий назар келаси парламент биттадан кўп сиёсий партия вакилларидан иборат бўлади. Шунинг учун бу дарҳол амалга оширилса мақсадга мувофиқ бўлади. Ушбу демократик механизм кўп партиявий тизимни яратишга имконият яратади, деди Мажлис раиси ўринбосари Нуртой Сабилянов.

Қозоғистонда навбатдаги сайлов 2012 йил август ойида ўтказилиши режаланган.

Шу пайтгача Қозоғистонда ўтказилган барча сайловлар Ғарб давлатлари томонидан эркин ва адолатли эмас, деб бахоланган.
XS
SM
MD
LG