Линклар

Тошкентликлар биометрик паспорт олишмоқда

  • Садриддин Ашур

Янги биометрик паспорт (olam.uz сатидан олинди).

Янги биометрик паспорт (olam.uz сатидан олинди).

Ўзбекистон пойтахтида фуқароларга янги биометрик паспорт берила бошланди. Бу ҳақда Ўзбекистон ИИВ маълум қилди.


Ўзбекистон ИИВ Кириш, чиқиш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси ходими Улуғбек Тошмирзаевнинг Озодликка айтишича, Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек ва Юнусобод туманларида фуқароларга биометрик паспорт берила бошлаган. Бошқарма мулозимига кўра, бу тадбир ҳозирча синов тариқасида ўтказилмоқда.

- Биометрик паспортлар бериш кечадан, 10 ноябрдан бошланди. Бу ҳозирча синов тадбири. Оммавий равишда биометрик паспорт берилиши бошлангани йўқ. Бундан мақсад биометрик паспорт берадиган бутун бошли системани тўлиқ ўрганиб чиқишдир. Бу система тўлиқ ишга туширилса, йилнинг охиригача бутун Тошкент шаҳри бўйича паспорт берила бошланиши мумкин,- дейди бошқарма ходими.

У. Тошмирзаевга кўра, Ўзбекистондан ташқарига сафар қилаётган фуқаролар амалдаги қонунга биноан 2015 йилнинг 31 декабригача бемалол ҳозирги паспортлари билан чиқишлари мумкин:

- Масалан, ҳозир Мирзо Улуғбек ва Юнусобод туманларида яшаётган фуқаролар, агар паспортларини муддати тугуган бўлса, энди уларни биометрик паспортларга алмаштиришлари мумкин,- дейди ИИВ ходими.

Унинг айтишича, биометрик паспорт олиш тартиби бироз бошқача бўлади:

- Фуқаро ўзининг биометрик маълумотларини бериши учун ўзи келиши керак. Чунки у расм олиб келмайди, балки ўша ерда туширилади, бармоқ излари олинади. Бу маълумотлар паспортдаги махсус микрочипга жойлаштирилади,- дейди У. Тошмирзаев.

Бошқарма ходими мамлакатдан ташқарида яшаётган ўзбекистонликларнинг паспорт алмаштиришида муаммо бўлмаслигини таъкидлади:

- Хорижда юрганлар Ўзбекистонга қайтиб келганда паспортларини бемалол алмаштиришлари мумкин. Агар улар хорижда консуллик рўйхатидан ўтган бўлса, ўша ернинг ўзида алмаштириш имкони бор. Биз келажакда Ўзбекистоннинг хориждаги консулликларини биометрик паспорт бера оладиган аппаратлар билан таъминлаймиз. Бу келгуси йилга мўлжалланган,- дейди Ўзбекистон ИИВ Кириш, чиқиш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси ходими Улуғбек Тошмирзаев.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси қарорига кўра, янги биометрик паспорт олаётган фуқаролар энг кам иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида давлат солиғи тўлашлари керак бўлади.

Ўзбекистон пезидентининг 3 ноябр куни имзо чеккан фармонига мувофиқ 1 декабрдан бошлаб Ўзбекистонда бир ойлик энг кам иш ҳақи миқдори 62 минг 920 сўм этиб белгиланди.

Янги биометрик паспорт бериш икки босқичда амалга оширилади.

2011 йилга мўлжалланган биринчи босқичда янги паспорт вазирлик ва ташкилотлар ходимларига берилади.

Бундан ташқари янги паспорт берилишини сўраб мурожаат қилганлар ҳамда паспорт алмаштирадиган ёшга етган Ўзбекистон фуқароларига ҳам биометрик паспорт берилади.

2012 – 2015 йилларга мўлжалланган иккинчи босқичда Республиканинг ҳамма фуқаролари қонунда белгиланган тартибда янги биометрик паспорт ола бошлайдилар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG