Линклар

logo-print

Газ ҳам йўқ, свет ҳам йўқ, сув ҳам йўқ

  • Сарвар Усмон

Газ милтиллаб ёняпти, кўпчилик қишлоқларда шу ҳам йўқ, дейди Озодлик суҳбатдошлари.

Газ милтиллаб ёняпти, кўпчилик қишлоқларда шу ҳам йўқ, дейди Озодлик суҳбатдошлари.

"Эркин микрофон"га бўлган қўнғироқларнинг аксарияти бугун кўпчиликни қийнаётган газ, свет ва сув муаммоси ҳақида бўлди.


Газ билан электр Наманганнинг Халқободида ҳам йўқ


Сарлавҳада “ҳам” боғловчиси ишлатилгани бежиз эмас. Кейинги кунларда Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати кескин пасайиб кетиши биланоқ Озодликнинг Эркин микрофонига қилинаётган мурожаатларнинг аксарияти иссиқлик манбалари тақчиллиги тўғрисидаги шикоятлардан иборат бўлиб қолди.

Наманган вилояти, Поп тумани, Халқобод шаҳарчасидан қўнғироқ қилган, ўзини Йўлчибой, деб таништирган йигитнинг айтишича, у яшайдиган аҳоли пунктида нафақат газ ва электр энергияси, балки сув ҳам йўқ.

- Наманган вилояти, Халқобод шаҳарчасидан бўламан. Ўзи қаерга мурожаат қилишни ҳам билмаймиз аслидаю борадиган жойимиз қаердалигини ҳам билмаймиз. Халқобод шаҳарчасида бировнинг уйида газ бўлмаса, 10-15 кун бўлдики одамларнинг уйида совуқ сув ҳам йўқ. Иссиқ сувнинг узиб ташланганига 8 йил бўлди. Ҳозирги вақтда умуман свет йўқ. Икки соат свет беради. Одамлар қанақа қилиб тирикчилик қилаяпти, нима еяпти билмаймиз.

Озодлик: Газ қачондан бери йўқ.

- Менимча, газ 15 кундан бери йўқ. Ëнаяпти фақат номига. Гугурт чўпни ëқиб қўйгандай ëнаяпти.

Озодлик: Свет қачондан бери ўчаяпти?

- Свет 20 кундан бери шунақа. Бир суткада икки соат ëқиб қўяди. Бир хил вақтларда умуман уч-тўрт суткалаб свет бермаяпти.

Озодлик: Сув ҳам йўқ дедингиз.

- Сувни умуман айтмаса ҳам, бир ҳафтадан бери аҳолига сув берилгани йўқ. Кимдан ëрдам сўрашимиз керак? Нима чет элдан ëрдам сўрайликми? Халққа ким ëрдам беради?

Озодлик: Сув қачондан бери йўқ?

- 11-12 кун бўлди. Умуман сувни ўйлагани йўқ бизда ҳеч ким. Аҳоли бир жойга боришга қўрқади. Нима қилишни билмаяпти инсонлар.

Озодлик: 20 кундан бери свет ўчаяпти экан, 15 кундан бери газ пасайиб кетибди, 10-12 кундан бери сув йўқ экан. Сиз мана Озодликкача қўнғироқ қилаяпсиз. Озодликка қўнғироқ қилишдан олдин шу масалалар бўйича, маҳаллий ҳокимият бордир, чиқиб мурожаат қилдингларми? Газ таъминоти идоради, сув таъминоти идораси, электр энергияси таъминоти идораси бор, маҳаллий ҳокимият бор. Мурожаат қилдингларми?

- Мен кеча ҳокимиятга мурожаат қилган эдим. Ҳоким касал экан. Қолган жойга боришнинг фойдаси йўқда. Ҳаммаси бизга “юқоридан” дейди. Қаерга борсангиз ҳам “юқори” дейди. Маҳалладагилар бориб келишаяпти, тўполон қилишаяпти. Ҳеч қаерга ўтмаяпти гапи. Ëзиш керакми энди. Барибир хатимиз етиб бормаслигини ҳам биламиз, дейди Наманган вилояти, Поп тумани, Халқобод шаҳарчасида яшовчи Йўлчибой.

Биз бошқа халқободликлар билан ҳам боғландик. Улар Йўлчибой айтган гапларни тасдиқлади.

Маълумотларга қараганда, халқободликларни, қолаверса, газ ва электр тақчиллигидан қийналаётган бошқа водийликларни суюнтирадиган гап йўқ. Хабар қилинишича, Бош вазир Шавкат Мирзиёев анъанавий селектор йиғилишида водий вилоятлари бу йил ўтган йилги газнинг ўндан бирини ҳам олмайди, деган.

Ўзбек нимадан қўрқади?


Эркин микрофонга Қозоғистоннинг Чимкентидан ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларидан бири қўнғироқ қилиб, арз-додини тўкиб солди.

- Исмим Баҳром. Ўзимиз ўзбекистонлик. Чимкентдан телефон қилаяпмиз. Бизларни Тошкентдан чимкентлик бир киши олиб келди. Қозоқ йигити эди. У бизларни Чимкентнинг Чаëн райони Бирлик овулига олиб борди. 10 кунча бўлди. Олиб боргандан кейин бизлар ғишт теришимиз керак эди. Ғиштни договор бўйича бошладик. На ëтишда, на овқатда умуман хароб бўлдикда. Жуда қийналиб турибмиз. Болалар телефон қилган эди, хўжайинимиз келиб қолдида бирдан ўчиришга мажбур қилди бизларни. Ҳозир кетгандан кейин сизларга яна телефон қилаяпмиз. Иложи бўлса бизларга ëрдам қилсаларингиз, деган эди Эркин микрофонга ўтган ҳафта охирида Қозоғистоннинг Чимкентидан мурожаат қилган ўзбекистонлик меҳнат муҳожири.

Унинг айтишича, қозоғистонлик иш берувчилар 100 нафар ўзбекистонликни қулдай ишлатмоқда.

Биз жорий ҳафта бошида овозини эшитганингиз йигит билан боғланишга, уларнинг муаммоларини атрофлича ўрганишга ҳаракат бошламоқчи бўлдик.

Бироқ телефонини очган йигитдан Озодлик мухбири “Бу Чимкент ҳам эмас, Қозоғистон ҳам эмас. Ва умуман бу менинг телефоним эмас, бошқа қўнғироқ қилманг”, деган гапни эшитди.

Балки иш берувчи келиб қолгандир, деб ўйладик.

Кейинги кунларда қилганимиз қўнғироқларга ҳеч ким жавоб бермади.

Қозоғистондан Озодликка қўнғироқ қилиб, қулликда ишлаётганидан зорланган йигитнинг айтганларини эшитган баъзи тингловчиларимиз наҳотки улар ўзларини ўзлари ҳимоя қила олмасалар, деб куюнмоқда.

Улардан бири Эркин микрофонга скайп орқали мурожаат қилар экан, мана бундай деди:

- Сизлардан ëрдам сўраганига аччиғим келиб юрибди беш-олти кундан бери. Эркакми аëлми ўзи улар? Сиздан сўраб боргани йўқку, нима қилади сиздан ëрдам сўраб? 100та ўзбек бўлса, Озодлик билан телефонда гаплашганда мен эшитдимда. “Ҳозир назоратчи келаяпти” дейди. 100та одам, тушунмадим. Қандай қилиб шу беш-олтита қозоқ, вой-вўй, тоза бир, ҳеч тушунмай қолдикда.

Озодлик: Энди уларнинг шароити оғир бўлса керакда.

- Мен тушундим. Демоқчиманки, мен ўзим икки йил армияда хизмат қилганманда. Афғонистонда хизмат қилганманда. У ердаги шароитдан кўра Қозоғистондаги шароит яхши бўлса керак. Ўғил бола бўлса бариси. Ушламайдими шартта-шартта барисини. Кўпчиликку улар ахир. Шунчалик қийинми. Мен шунга умуман диққат бўлиб кетдим. Ҳеч бирлашмади бирлашмадида ўзбек зоти.

Озодлик: Нима учун бирлашмаяпти деб ўйлайсиз?

- Қўрқоқ. Қўрқади. Нимадан қўрқади ҳайронман.

Озодлик: Нимадан қўрқади?

- Ана шунга тушунмайманда мен. Нимадан қўрқади? Калтакдан қўрқадими, урса бир жойи оғрийди шундан қўрқадими, нимадан қўрқади? Шунга ҳайронманда мен ҳам, дейди суҳбатдошимиз.

Эркин микрофонга скайп орқали боғланган тингловчимиз билан мулоқотни шу жойда – унинг саволида уздик.

Келинг, шу савол жавоби устида бош қотириб кўрайлик:

Ўзбек нимадан қўрқади?

***********************

Муҳтарам тингловчи, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг ëки Skypeда биз билан мулоқотга чиқинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 777 148 199 рақамига йўлланг.

Skypeда Озодликни оzodskype деб қидиринг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG