Линклар

Компания раҳбарияти шу кунларда пенсия таъминотига оид Ўзбекистон қонунчилигига 2010 йил киритилган ўзгартишлар ижросига киришган.

"Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясида мамлакат конституцияси қабул қилинган кун – 8 декабр арафасида нафақа ëшига етган ходимларни оммавий равишда ишдан бўшатиш кутилмоқда"¸ деб хабар қилди телерадиокомпаниянинг ўз исми айтилишини истамаган ходими Uznews.net мухбири билан суҳбатда.

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг кекса журналистларидан бири Озодлик билан суҳбатда ўзининг ҳам ўтган ҳафта нафақага чиққанини маълум қилди.

“Ҳозир компания раҳбарларининг нафақа ëшига етганлар¸ аниқроғи йиллардан бери ишлаб юрган нафақахўрларни чақириб¸ уларни огоҳлантираëтгани бор гап. Огоҳлантириш 100 фоиз нафақангизни олмоқчи бўлсангиз¸ ишдан кетинг¸ акс ҳолда¸ нафақангизнинг 50 фоизини олиб¸ биз билан янги иш келишуви тузасиз¸ деган мазмунда бўлмоқда. Мен ўз хоҳишим билан пенсияни танладим. Яхшигина пенсия баробарида¸ менга ишхонам 1 миллион сўм миқдорида бир марталик мукофот ҳам берди”¸ дейди Озодлик билан ўз исми айтилмаслиги шарти билан гаплашган кекса журналист.

Айни шундай¸ телерадиокомпаниянинг рус тилидаги дастурларида ишлаб келаëтган бошқа кекса журналист¸ бу жараëн бораëтганини тасдиқлаган ҳолда¸ ҳар бир нафқа ëшидаги ходим иши индивидуал тарзда кўриб чиқилаëтганини билдирди. Унга кўра¸ фаол журналистика билан шуғулланиб¸ ҳали ҳам радио ва теледастурларни бошқариб келаëтган нафақахўрлар ўз ишини аввалгидек давом эттирмоқда.

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси журналисти Шарофиддин Тўлаганов¸ бу жараëнда ваҳимали хабарга асос бўлгулик фавқуллоддалик йўқ¸ деган ишончда.

- Бундан ваҳима қилиш керак эмас. Бу одатий бир жараëн¸ деб ўйлайман. Чунки ҳам ойлик олишаëтган эди, ҳар пенсия олишаëтган эди. Энди биласизми¸ ҳозир бизда камида тўртта олий билим юртида журналист ўқитилаяпти. Уларни иш билан таъминлаш керак. Кейин биласиз¸ бутун дунëда талаб қилинадики, ëшлар янги фикр беради. Пенсия ëшига етганлар ҳозир микрофон кўтариб бир жойга бора олмайди. Кейин барибир уларнинг фикрлари сал эскичароқ. Мен бу жараëнни қўллаб-қувватлайман¸ дейди Миллий телерадиокомпания мухбири Озодлик билан суҳбатда.

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясида бораëтган нафақа ëшидаги ходимларни мажбуран ишдан бўшатиш жараëнининг аслида бутун мамлакат бўйлаб давлат идораларида бошланганига анача бўлади¸ дейди телерадиокомпания собиқ мухбири Малоҳат Эшонқулова.

- Бу нафақат телевидение миқëсида¸ балки бутун Ўзбекистондаги фаолият юритаëтган жамики корхоналар, ташкилотларда оммавий равишда амалга оширилаëтган жараëн¸ деб ўйлайман¸ дейди “Ëшлар” телеканалининг собиқ мухбири.

11 ноябр куни Озодлик суҳбатлашган ўзбекистонлик ҳар иккала журналист ҳам нафақахўр ходимларни мажбуран ишдан кеткизиш жараëни ортидаги бош сабаб мамлакатдаги ишсизлик муаммосига қайсидир усулда ечим топиш эканини эътироф этдилар. Боз устига¸ ахборот дунëси ниҳоятда тараққий қилган технология даврига кирган ҳозирги пайтда¸ кекса журналистлар бугунги тезлик ва талабларга жавоб бера олмай қолди¸ дейди Шарофиддин Тўлаганов.

- Ўзгартириб бўлмайдиган одамнинг ўзи йўқ, деган бир гап бор. Ҳозир радионинг ëки телевидениенинг имиджини ушлаб турган бир журналист бор¸ десангиз мен ишонмайман. Бу нотўғри бўлади. Чунки ўша пенсияга кетаëтган журналистнинг ишини университетни битириб келган ëш журналист ҳам қилади.

Масалан¸ очиғини айтаман ҳозир пенсия ëшида ишлаëтганлар компютерни билмайди. Хоҳлаган одамни олиб келинг шикоят қиладиган бўлса, ариза билан мурожаат қилган бўлса, олиб келинг. Компютерни билмайди. Масалан¸ ўзингиз ишлайсиз ўша радиода. Ўзингиз монтаж қиласиз, ўзингиз эфирга берасиз, ҳаммасини ўзингиз қиласиз.

Бизларда шу кунгача оператор қилиб берарди, ëнида режиссëр ўтириши керак, режиссëр ëрдамчиси ўтириши керак, уч-тўртта одам қиларди¸ масалан¸ кўрсатувни ëки радиога кетадиган 5 минутлик эфирни. Энди бизда ҳам техникалар ривожланиб кетаяпти. Германиядан олиб келинаяпти, чет элдан олиб келинаяпти. Энди буни биладиган ëшлар керак¸ дейди Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси мухбири.

Телерадиокомпанияда жиддий ислоҳотлар ўтказиш талабини ўртага қўйганидан сўнг ишдан бўшатилган “Ëшлар” телеканали журналисти Малоҳат Эшонқулова¸ мазкур тизимда кадрлар соҳасида жиддий ўзгаришлар қилишга эҳтиëж аллақачон пишиб етилганини айтади. Аммо бу ишни нафақа ëшига етганларни мажбуран ишдан кетказиш¸ кексаларни ëшларга алмаштириш билангина амалга ошириш мумкин¸ деган фикр адолатсизликдан бошқа нарса эмас¸ дейди компаниянинг собиқ ходими.

- Ростини айтсам, телевидениеда ишлайдиганлардан ишламайдиганларнинг сони жуда ҳам кўп. Бу лоф эмас. Лекин мен бу ерда нафақа ëшидаги кексаларни назарда тутмадим. Асосан раҳбарлар атрофига йиғилган тўдалар¸ десак бўлади буни. Ишга келмасдан маошини олганда имзо қўйишга келадиганлар ëки бўлмаса пластик карточкасига загрузка қилиш учун қадам ранжида қиладиганларнинг сони ортиб кетган. Лекин буни нафақахўрлар ҳисобига дейиш¸ мутлақо ноҳақлик бўлади¸ дейди Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг собиқ мухбири Малоҳат Эшонқулова.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG