Линклар

Қозоғистоннинг Тараз шаҳрида исломий жанггари эканликда гумон қилинган шахс билан рўй берган отишмада етти киши нобуд бўлди.

Қозоғистон Бош прокурори ўринбосари Нурмуханбет Исаев “жиҳодчи” билан бўлган тўқнашув пайтида ўлганлардан беш нафари хавфсизлик хизмати ходимлари эканини маълум қилди.

Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги Тараз шаҳридаги қурол сотадиган дўконлардан бирига шанба куни эрталаб ҳужум уюштирилгани оқибатида қоровул нобуд бўлгани ва яна бир киши яраланганини билдирган.

Вазирликка кўра, жиноятчи дўкондан иккита “Сайга” милтиғини ўғирлаб автомобилда қочиб кетган.

Жиноятчи ортидан таъқиб қилиб келган икки полиция ходимини отиб ўлдирган.

Шаҳар марказида таслим бўлаётган жиноятчи ўзини портлатган пайтда йўл ҳаракати полициясининг бир ходими ҳам ўлган.

Бу сўнгги икки ҳафта давомида Қозоғистонда рўй берган иккинчи зўравонлик воқеасидир.

31 октябр куни Атирау шаҳрида содир этилган иккита портлаш пайтида ўзини портлатган бир худкуш нобуд бўлган.

Ҳужум учун масъулиятни “Ҳалифат лашкарлари” (Jund al-Khilafah) гуруҳи ўз зиммасига олган.
XS
SM
MD
LG