Линклар

12 ноябр куни Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси Алмазбек Атамбаевни расман президент ўлароқ рўйхатга олди.

Шу тариқа президентлик сайловлари ўтган 30 октябрдан буён тўхтамаётган баҳс-мунозараларга нуқта қўйилгандек бўлди.

Сайлов пайтида тушган шикоят ва аризалар “президентлик сайлови якуний натижаларига таъсир этмас”лиги МСК томонидан қайд этилди.

30 октябр куни ўтган сайловларда 62,52 фоиз овоз олган Қирғизистон социал-демократик партияси лидери Алмазбек Атамбаев ғолиб, дея тан олинди.

Маълумотларга кўра, Қирғизистонда яшовчи этник ўзбекларнинг ҳам аксарияти сайловда Атамбаев учун овоз берганлар.

Атамбаевнинг асосий мухолифлари – “Ягона Қирғизистон” партияси раҳбари Адахан Мадумаров 14,78 фоиз, “Ата-Журт” партияси лидери Қамчибек Ташиев эса 14,32 фоиз овоз қозонган.

Қолган номзодларнинг йиққан овози 1 фоизга ҳам етмаган. Шунингдек, президентлик сайловида 13 149 киши “барча номзодларга қарши” овоз берган.

Эслатиб ўтамиз, даставвал президентлик курсисига 86 киши даъвогарлик қилган, бироқ 30 октябр куни бўлиб ўтган сайловда қирғизистонликлар фақат “элакдан ўтган” 18 киши учун овоз бергандилар.

Икки ҳафта муқаддам ўтказилган сайловга рўйхатга олинган 3 миллион 32 минг 666 нафар фуқародан 61,28 фоизи, яъни 1 миллион 858 минг 632 нафар сайловчи келган.

Маълумотларга кўра, 30 октябр куни ўтказилган сайловни 56 мамлакатни тамсил этган 792 нафар хорижлик кузатувчи ҳамда 100 дан зиёд хорижий оммавий ахборот воситаси вакиллари кузатиб борган.

Уларнинг аксарияти бу галги президентлик сайловидан қисман қониқиш ҳосил қилганларини қайд этганлар.

Аввалроқ жаҳондаги турли мамлакатлар лидерлари, шу жумладан, Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Алмазбек Атамбаевни сайловдаги ғалабаси билан қутлаганди.

Алмазбек Атамбаев президентлик сайловига қадар мамлакат Бош вазири лавозимида ишларди. Эндиликда у мазкур лавозимни топшириши ва Қирғизистонда янги ҳукумат тузилиши кутилмоқда. Бу янги ҳукумат таркибига сайловда мағлуб бўлган айрим номзодларнинг ҳам кириши эҳтимолдан соқит қилинмаяпти.

Айни пайтда Қирғизистон президентини қасамёдга келтириш маросими қачон бўлиши ҳозирча номаълум бўлиб турибди. Мавжуд қонунчиликка кўра, Қирғизистонда сайланган президент сайлов натижалари эълон қилинганидан бошлаб 30 кун ичида қасамёдга келтирилиши керак.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG