Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:56

АҚШ Давлат котиби Теҳронни БМТ ҳисоботига жавоб беришга чақирди


АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Теҳрон расмийларини Эрон ядровий қурол яратиш йўлида қатор ишларни амалга оширгани ҳақида БМТ агентлиги эълон қилган ҳисоботга бир неча кун ичида муносабат билдиришга чақирди. Халқаро атом энергияси агентлиги эълон қилган янги ҳисоботда Эрон ядровий қурол яратиш йўлида маълум ишларни амалга оширгани билдирилган.


Осиё Тинч океани давлатлари Ташқи ишлар вазирларининг Ҳаваи штати пойтахти Хоналулу шаҳридаги йиғилишида сўзлаган Клинтон АҚШ Обама маъмурияти ўз иттифоқчилари билан Эроннинг ядровий дастури борасида Теҳронга босимни кучайтириш хусусида маслаҳатлашув олиб бораётганини таъкидлади.

- Эрон масаласида, биз Эрон ҳукуматининг қуроллар билан боғлиқ фаолияти тўғрисида жиддий хавотирга сабаб бўлган ҳисоботни муҳокама қилдик. Эрон ўзининг ядровий дастури ҳақида нотўғри маълумотлар бермоқда ва бундай қуролни қўлга киритишга уринаётганини рад қилиб келмоқда.

Биз Эрон ҳукумати ҳисоботда кўтарилган жиддий масалаларга яқин кунларда жавоб беришини кутяпмиз.Қўшма Штатлар ўз ҳамкорлари ва иттифоқчилари билан Эронга босимни кучайтириш борасида маслаҳатлашувни давом эттиради, дея баёнот берди АҚШ Давлат котиби.

Шу ҳафта бошида БМТнинг Халқаро атом энергияси агентлиги Эроннинг ядровий дастурига оид янги ҳисоботни эълон қилди.

Ҳужжатда Эрон атом бомбасини тайёрлаш устида иш олиб боргани ва бу борада тадқиқотлар ҳозир ҳам давом этаётган бўлиши мумкинлиги эҳтимолдан соқит қилинмаган.

Ядровий қурол яратишга уринаётгани тўғрисидаги иддаоларни инкор қилиб келаётган Эрон БМТ агентлиги хулосасини қоралади ва уни рад қилди.

Теҳрон расмийларининг барча иддаоларни “сохта” деб уни рад қилиб ўз ядровий дастурини амалга оширишни давом эттираётгани учун БМТ ҳамда Ғарб давлатлари томонидан Эронга қарши жорий қилинган санкциялар кучайиб бормоқда.

БМТ агентлиги янги ҳисобот эълон қилганидан кейин Ғарб давлатлари Эронга қарши санкциялар янада кучайишини таъкидламоқда. Бироқ Россия бунга қарши чиқмоқда.

БМТ Халқаро атом энергияси агентлигининг 35 мамлакат аъзо бўлган директорлар кенгаши йиғилиши 17 – 18 ноябр кунлари бўлиб ўтади.

Ғарб дипломатларига кўра, йиғилишда Эроннинг ядровий соҳада олиб бораётган фаолиятини қораловчи ва Теҳронни агентлик билдираётган хавотирга эътибор қаратишга чақирувчи резолюция қабул қилинади.

Бироқ Россия ва Хитойнинг истамаётгани Ғарбнинг Эронга қарши босимни кучайтириш йўлидаги уринишига ҳалал бериши мумкин.

Эроннинг халқаро атом энергияси агентлигидаги вакили Али Ашғар Султоний янги ҳисоботни Эроннинг ядровий дастури борасидаги тортишувларни дипломатик йўл орқали ҳал этиш йўлидаги уриниш “муҳитини заҳарлаган тарихий хатолик” дея атади.
XS
SM
MD
LG