Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:02

Жанубий осетияликлар Республикага янги раҳбар сайламоқда


13 ноябр куни жанубий осетияликлар Республикага янги раҳбар сайлаш учун овоз бердилар. Тбилиси расмийлари эса Грузиянинг исёнкор ўлкаси ҳисобланган Жанубий Осетиядаги сайловни ноқонуний деб атади.


Ўзини Грузиядан мустақил деб эълон қилган Жанубий Осетияда Республика раҳбари лавозимига янги лидер танлаш учун сайлов ўтказилмоқда.

Бу 2008 йилда Россия ва Грузия ўртасида қисқа муддат бўлиб ўтган урушдан кейин Москва Жанубий Осетия мустақиллигини тан олганидан бери исёнкор ўлкада ўтказилаётган илк сайлов.

Атиги 70 минг аҳолига эга бўлган Жанубий Осетия раҳбари лавозимига 11 номзод даъвогарлик қилмоқда.

Жанубий Осетияга 10 йил давомида раҳбар бўлиб келган Эдуард Кокойти учинчи муддатга сайланиш ҳуқуқига эга бўлмагани сабабли сайловда иштирок этмаяпти.

У пойтахт Цхинвал ҳокими ўринбосари Алан Котаевни қўллаб-қувватламоқда.

Республика раҳбари лавозимига яна бир асосий даъвогар, Фавқулодда холатлар вазири, Москва қўллаб-қувватлаётган Анатолий Бабилов сайловчиларга Грузия билан урушдан кейин Республикани қайта тиклаш ишларига Москва томонидан ажратилган маблағларнинг талон-тарож қилинишини тўхтатишни ваъда қилган.

Бабибов Жанубий Осетиянинг Россияга қўшилиши тарафдорларидан бири ҳисобланади.

13 ноябр куни сайлов участкасида рафиқаси ва болалари ҳамроҳлигида бюлетенларни сайлов қутисига ташлаганидан кейин Анатолий Бабилов мухбирларга муҳими Республика келажаги порлоқ бўлиши эканини айтди.

- Энг муҳими ҳозир овоз бераётган ушбу болалар учун Жанубий Осетия келажаги яхши ва порлоқ бўлишидир, дея баёнот берди Анатолий Бабилов.

Мухолифатнинг сайловдаги асосий номзоди Алла Джиоева сайловчиларга кенг тарқалган коррупцияга барҳам беришни ваъда қилган.

Айни пайтда у Жанубий Осетия мустақиллиги сақланиб қолиши тарафдорларидан бири.

Тбилиси расмийлари Россия Европа Иттифоқи воситачилигида эришилган ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги келишувга зид равишда Грузия ҳудудини босиб олганини таъкидлаб, Жанубий Осетияда ўтказилаётган сайловни ноқонуний деб атади.

Таҳлилчилар фикрича, Грузиянинг исёнкор ўлкаси Жанубий Осетияга ким янги раҳбар этиб сайланишидан қатъий назар у чуқур илдиз отган коррупцияга қарши кураш олиб бориши ва Республика мустақиллиги дунё давлатлари томонидан тан олиниши, шунингдек, қатор ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилиши керак бўлади.

Шу кунга қадар Жанубий Осетия мустақиллигини Россиядан ташқари Марказий Америкадаги икки давлат ҳамда Тинч океанидаги кичик орол мамлакати тан олган.
XS
SM
MD
LG