Линклар

Москва ва Душанбе муносабати таранглашмоқда

  • Гулнора Равшан

Россиядан депортация қилинган тожикистонлик меҳнат муҳожирлари.

Россиядан депортация қилинган тожикистонлик меҳнат муҳожирлари.

Россия Федерациясининг Душанбедан чақиртириб олинган элчиси Юрий Попов 14 ноябр куни эрталаб Тожикистонга қайтди.

Тожикистон жанубида судланган икки нафар рус учувчиси иши юзасидан консултация учун Москвага чақиртирилган элчи бугун баёнот бериши ҳам кутилаётганди, бироқ бундай бўлмади. - элчихона масъуллари Поповнинг Москвага сафари тафсилотлари ҳам, бирор-бир баёнот ҳам берилмаслигини таъкидладилар.

Россиянинг Душанбедаги элчиси Юрий Попов 11 ноябр куни Душанбеда президент Имомали Раҳмон билан рус учувчилари тақдири билан боғлиқ масалада суҳбатлашганидан кейин Москва уни чақириб олган эди.

Кузатувларга кўра, россиялик икки учувчи - Владимир Садовничий ва Эстония фуқароси Алексей Руденконинг Тожикистонда қамалиши Россия-Тожикистон алоқаларида тарангликни вужудга келтирган.

Садовничий ва Руденко Тожикистон Жиноят кодексининг учта моддаси - контрабанда, чегарани ноқонуний кесиб ўтганлик ва халқаро парвоз меъёрларини бузганликда айбланиб, шу йил баҳорида миллий хавфсизлик ходимлари томонидан ҳибсга олинган эди.

8 ноябр куни Қўрғонтепа шаҳар суди бу икковлонни 8,5 йилданга озодликдан маҳрум этганди.

Кучли резонанс пайдо қилган бу масалага ҳатто юқори даражали Россия ва Тожикистон расмийлари ҳам аралашди.

Кремл учувчилар устидан чиқарилган ҳукм замирида сиёсий омиллар ётганини таъкидлади.

Расмий Душанбе эса бу масалага сиёсий тус бермасликка чақирди.

Ўтган ҳафтада Россия давлат раҳбари Дмитрий Медведев Тожикистон томонини узоқ йилларга қамалган рус учувчилари ишини қайта кўриб чиқишга даъват этди.

Жума куни рус элчиси Юрий Поповни қабул қилган президент Имомали Раҳмон бу масала дипломатик йўллар билан ҳал бўлишини ва мазкур ишни шахсан ўзи назорат қилишини билдирган.

Айни пайтда Қўрғонтепа шаҳар ички ишлар бўлимнинг вақтинча сақлаш изоляторида тутиб турилган Садовничий ва Руденко ҳукм юзасидан юқори инстанцияларга кассация тартибида шикоят аризасини ёзган.

Бироқ Қўрғонтепа шаҳар маҳкамаси судяси Темур Бобоев “Tojnews” хабар агентлигига берган эксклюзив интервюсида учувчилар Садовничий ва Руденко жиноятларини инкор этиб бўлмас далиллар келтирган.

Мустақил таҳлилчилар Россия босими кучайган тақдирда Тожикистон томон Садовничий ва Руденкони Россия томонга экстрадиция қилиши мумкинлигини урғуламоқда.

Учувчилар устидан бошланган томонлар баҳсига муносабат билдирган Тожикистон Бош прокурори Шерхон Салимзода ҳам аввалроқ рус учувчиларининг экстрадиция қилиниши мумкинлигига ишора қилганди.

Ўтган ҳафтада Россия томони Тожикистонга виза режимини жорий қилиш билан таҳдид қилганди.

Аснода Россия ҳудудида яшаб, ишлаётган тожикистонлик фуқароларни оммавий тарзда депортация қилиш жараёни бошлангани кузатилади. Таҳлилчилар мулоҳазасича, Қўрғонтепа шаҳар суди ҳукмидан ғазабга келган расмий Москва шу йўл билан Душанбедан ўч олишга қарор қилган бўлиши мумкин.

Россия Миграция хизмати расмийси Залина Корнилова Интерфакс агентлигига айни пайтда 297 нафар тожикистонлик юртига депортация қилиниш арафасида турганини маълум қилган.

Интерфакснинг Россия Миграция хизматига таяниб хабар қилишича, тожикистонлик меҳнат муҳожирларини оммавий тарзда депортация қилиш тўппадан-тўғри президент Медведев топшириғи асосида амалга оширилмоқда экан.

12 ноябр куни Москвадан қувилган 12 нафардан иборат гуруҳ Душанбе келди.

Озодлик мухбири билан суҳбатда улар Россия ҳудудида ишлаш учун барча зарур ҳужжатлари бўлишига қарамай, Россия Миграция хизмати ходимлари уларни тутиб, Тожикистонга депортация қилганидан шикоят қилдилар.

- Домодедово аэропортида бир гуруҳ марказий осиёликлар билан тургандик. Ўша ерга келган Миграция хизмати ходимлари “ким ўзбекистонлик - қўлини кўтарсин”, деди. Ўзбекистонликлар қўлларини кўтарди. Лекин уларга ҳеч нарса демай, ҳаммасига жавоб бериб юборди. Кейин “ким тожикистонлик - қўлини кўтарсин”, деди. Биз тожикистонликлар уларга ўзимизни маълум қилдик. Ўша ернинг ўзида бир гуруҳимизни ортга, яъни Тожикистонга қайтарди. Қолганларни эса қаёққадир олиб кетишди. Аксарият муҳожирларнинг Россия ҳудудида ишлаш учун расмий рухсатномаси бор эди. Лекин Миграция ходимлари ўша ҳужжатларни аэропортнинг ўзидаёқ қайчилаб ташлади ва ”ўз ҳукуматингиз гуноҳи учун жавоб берасиз”, деб айтди, - дейди Москва шаҳридан депортация бўлган, аммо исмини айтмаган тожикистонлик суҳбатдош.

Россия ҳукуматининг бу тахлит иш тутиши аксарият тожикистонлик меҳнат муҳожирларининг норозилигига сабаб бўлмоқда.

Тожикистоннинг Москвадаги элчихонаси масъулларининг айтишича, бу норозилик ортидан ўтган ҳафта сўнгида ва бугун - 14 ноябр куни ўнлаб тожикистонлик меҳнат муҳожири элчихона биноси олдида намойиш уюштирган.

Элчихона матбуот бошлиғи Мурод Бўрибоев таҳдидлар остида қолаётган меҳнат муҳожирларига амалий ёрдам бериш мақсадида элчихона қошида кечаю-кундуз амал қилувчи штаб ташкил этилганини билдирди.

- Россияда яшаб, ишлаётган тожикистонлик фуқаролар билан боғлиқ айрим муаммолар ва ташвишлантирувчи ҳолатлар юзасидан Тожикистоннинг Россия ҳудудидаги ваколатхоналари ҳамда Россия тегишли идоралари билан ўз вақтида алоқада бўлиш ва ҳамкорликда бу масалаларга ечим топиш мақсадида ана шу штаб тузилди, - деди Тожикистоннинг Москвадаги элчихонаси расмийси Бўрибоев.

Тожик дипломатининг билдиришича, айни пайтда 205 нафар тожикистонлик фуқаро Москва шаҳридаги вақтинча сақлаш ҳибсхонасида тутиб турилибди.

Бўрибоев жанобларининг гапига қараганда, тожикистонлик меҳнат муҳожирларини оммавий тарзда депортация қилиш ортидан кўнгилсиз воқеалар келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида шу соатларда Тожикистон ҳукумат расмийлари россиялик ҳамкасблари билан музокаралар олиб бормоқда экан.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG