Линклар

logo-print

"Ўзбекэнерго" ширкати мутасаддиси Озодлик билан суҳбатда электр таъминоти яхшиланишини яна 3-4 йил кутиш керак, деди. Ўзбекистонликлар бошдан кечираётган электр таъминотидаги қийинчиликларга тизимнинг эскиргани сабабчидир ва бу муаммолар бир неча йил ичида ҳал бўлади, дея ваъда қилди мутахассис.


Жорий йилнинг ўтган тўққиз ойи мобайнида “Ўзбекэнерго” компанияси тизимидаги ҳудудий электр тармоқ корхоналарининг 10 нафар раҳбари, электр таъминловчи корхоналарнинг 69 нафар раҳбари, 816 нафар инспектор ва назоратчи ишдан бўшатилган. Улар энергия етказиш қоидаларини бузишда айбланган.

Newsuz.com сайтининг ёзишича, бу ҳақда 11 ноябр куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги йиғинда маълум қилинган.

“Ўзбекэнерго” компаниясининг маъсул ходими Озодлик билан суҳбатда бу хабарни тасдиқлаб, бугунги кунда электр энергиясидаги тақчиллик сабабларига ҳам ойдинлик киритди.

Маълум сабабларга кўра исми-шарифини ошкор қилмаётганимиз маъсул амалдорга кўра, бугун кузатилаётган электр тақчиллигининг асосий сабаби электр узатувчи техник асбоб-ускуналарнинг 70 фоизининг эскиргани ва электр қувватининг етмаётганидир.

- Асосий камчилик ҳамма ускуналарнинг эскиргани. 30 йилдан ортиқ ишлаши мумкин эмас кўп ускуналарнинг. Бизда эса 30 йилдан ошган ускуналар 70 фоизи.

Озодлик: 70 фоизи 30 йилдан ошган бўлса, нимага янгиланмаяпти?

- Пул керак унга, пул. Бирданига ҳамма нарсани янгилашга пул етмайдику. Масалан ҳозир бир киловатт соат тўқсон неча пул, уни 10 баробар кўпайтирса, халқ кўтармайди. Шунинг учун чегараси борда. Тарифни давлат назорат қилади. Агар пул бўлса, ҳаммасини сотиб олса бўлади, янгиласа бўлади.

Озодлик: Айнан Ўзбекистондаги электр тақчиллиги ускуналарга боғлиқ бўлиб қолаяптими, энди?

- Тақчилликнинг бошқа сабаблари ҳам бор. График, масалан кечки максимум дейди, масалан электроэнергиянинг қуввати 6000-7000 мегаватт бўлса, кечаси уч-тўрт баробар кам бўлади. Нимага деганда кечаси одамлар уйқуга кетгандан кейин светини ўчиради, заводлар ишламайди. Шу нарсаларга боғлиқ. Агар олдингига ўхшаш системада ишлаганда, бошқа эди. Бир жойда кун чиқса, бир жойда ботарди. Ўшанга ҳам боғлиқ жойлари бор.

Озодлик: Билмадим бу анчагина жиддийда. Ўзбекистоннинг турли вилоятларида яшовчилар электр тақчиллиги бўйича радиомизга хат ëзишади, қўнғироқ қилишади. Кейинги тахминан 10 йил давомида узилишлар мунтазам кузатилаяпти...

- Қувват етишмаслиги деяпманку. Қувват етишмагандан кейин, масалан электростанциянинг ўзининг қуввати бор. Ўшандан ортиғини бериб бўлмайди. Агар Ўшандан ортиғини берса, ускуна ишдан чиқади. Айтаяпманку максимум вақтида, совуқ пайтида кўпчилик қўлбола печка ишлатади. Бирдан эҳтиëж кўпайган вақтда кўтара олмай қолгандан кейин шунақа чекловлар киритиладида.

Озодлик: Сиз мутахассис сифатида нима дейсиз? Айни пайтдаги электр таъминотидаги тақчиллик қачон яхши бўлиши мумкин? Яхши бўладими ўзи?

- Яхши бўлади. Ҳозир 700 миллиард атрофида пул ажратилиб, реконструкция қилишга ҳукумат қарори бор. Ҳозир шунга киришилди. Масалан ремонт, модернизация ишлари олиб борилмоқда. Ундан ташқари международний банклардан ажратилган пулни олиб, Сирдарëда, Навойида, Таллимаржонда станцияларнинг янги блоклари ишга тушади. Булар тугаганда ҳалиги айтган қувватимиз етарли бўладида. Кейин ўчирмаса ҳам бўладиган бўлиб қолади.

Озодлик: Энергия етарли бўлгани билан ускуна ҳам эски дедингуз-ку.

- Ҳаммаси параллел олиб борилаяпти. Бир томондан реконструкция бўлаяпти тақсимловчи тармоқлар, иккинчи тарафдан ишлаб чиқарувчи қувватлар кўпайтирилмоқда. Бунга ҳам анча-мунча валюта ажратилиб, ишлар олиб борилмоқда.

Озодлик: Бу анчагина вақт оладиган жараëн. Қачон вазият ўнгланиши мумкин?

- Тўғри, эртага яхши бўлиб қолмайди, лекин уч-тўрт йилда ўзгариш бўлиши керак.

Озодлик: Уч-тўрт йилда яхши бўлади, деб ишонч билан айта оламизми?

- Ҳа. Нимага деганда ҳозир Навоийда қурилса, Таллимаржонда қурилса, булар 2013 йилда мўлжалланган ишга тушиши. Шундан кейин сезиларли даражада ўзгаради,- деди “Ўзбекэнерго” компаниясида маъсул лавозимда ишловчи шахс.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG