Линклар

"Эркин микрофон"га қўнғироқ қилган марғилонлик жувон ўзбек жамиятидаги стереотиплар турмуши бузилишга сабаб бўлаётганини айтади.


Ислом Абдуғаниевич Каримов отамизга ариза


Озодликнинг “Эркин микрофон”и тингловчиларимиз учун ўзига хос ишонч телефонига ҳам айланиб қолган.

Эшиттиришга қилинган мурожаатлардан аксарияти эфирга узатилмайди, сайтимиз юзини кўрмайди. Чунки, кўпчилик “Эркин микрофон” навбатчисига дарду ҳасратини тўкиб солгач, кўнгли бирдан бўшаб қолади, муаммолари ечилгандай бўлади, мурожаат қилгувчининг овозидан чиройи ёришгани, енгил тортгани билинади.

Навбатчининг “айтганларингизни эфирга берайликми”, деган саволига “йўқ, керак эмас”, деб жавоб беришади.

Баъзи мурожаатларни эса, “Эркин микрофон” навбатчисининг ўзи эфирга беришни лозим топмайди. Чунки тингловчи кўтарган мавзу тор маиший мавзуда бўлади.

14 ноябр куни Марғилондан мурожаат қилган 25 яшар Инобатхоннинг шикояти ҳам аввалига ана ўшандай – бир оила миқёсидаги маиший можаро бўлиб кўринди.

Лекин Инобатхоннинг айтганларини барибир эшитавердик. Кўнглини бўшатиб олсин, дедик-да.

- Мен Ўзбекистон Республикаси, Фарғона вилояти, Марғилон шаҳридан Қурбонова Инобатхонман. Ëшим 25да.

Озодлик: Нима учун мурожаат қилаяпсиз Эркин микрофонга?

- Марғилонда ҳақиқат қилишмаяпти. Бизнинг ЗАГСларимизни қирқиб юборишаяпти бизнинг иштирокимизсиз. Мен учрамаган жойлар қолмади.

Озодлик: Демак, сиз турмушда эдингиз.

- Ҳа.

Озодлик: Неча йил турмуш қурдингиз?

- 5 йил бўлди. Бир йил яшадим холос.

Озодлик: Бир йил яшаб тўрт йилдан бери яшамаëтган эдингизми эрингиз билан?

- Йўқ, ўшани мен Ислом Абдуғаниевич Каримов отамизга ариза билан мурожаат қилган эдим.

Озодлик: Нима деб?

- Ўша аризани ўқиб берсам бўладими?

Озодлик: Ўқингчи.

- Ўзбекистон Республикаси президенти муҳтарам Ислом Абдуғаниевич Каримовга. Марғилон шаҳар, Увайсий маҳалласи, Қ. Алиев кўча 12 уйда истиқомат қилувчи Қурбонова Инобатхон Осимхоновнадан ариза. Муҳтарам Ислом Абдуғаниевич. Мен Қурбонова Инобатхон Осимхоновна, 1986 йил 11 май куни Марғилон шаҳрида туғилганман. 2006 йил 10 ноябр куни Марғилон шаҳар Б. Марғилоний кўча 2 уй 26 хонадонда яшовчи Қурбонов Олимхон Жўрахонович билан қонуний никоҳдан ўтиб, турмуш қурганман. Ўзаро турмушимиз давомида бир нафар фарзандли бўлганмиз. Қизимиз Қурбонова Фарзонахон 2007 йил 26 декабр куни туғилган....

Ариза матни анча узун экан, майли ўқиб олсин, деб сабр қилдик. Лекин ариза жудаям узун экан, шунинг учун тўхтатишга мажбур бўлдик.

- Ўзининг ҳал қилув қарорида гўëки мени судда иштирок этган қилиб кўрсатибгина қолмай, ...

Озодлик: Инобатхон тушундим. Сизнинг иштирокингизсиз ажратиб юборибди. Энди бошқатдан суд бўлсин. Барибир куëвингиз сиз билан яшамоқчи эмаску. Сизга нима зарурлиги бор бунинг ë алимент бермаяптими?

- Йўқ, мана шуни охиригача эшитингда. Отамизга етказайлик, дейди Инобатхон.

(Президент Каримовни назарда тутаяпти, Инобатхон.)

Озодлик: Отангиз аралашадиган иш эмас эканда бу. Оилавий можаро экан.

- Ҳа. Турмуш ўртоғим фарзандимни айлантириб олиб чиқиб юрадиларда бизни. Кўришиб юрамиз. Бунга сабаб қайнотамнинг нималари йўқда. Йўл беришмаяпти бизга. Ўшанга битта бизмас эканда. Ҳамманинг ЗАГСини қирқиб юборишаяпти ҳеч кимнинг иштирокисиз. Бизга ëрдам беринглар деб ўша отага, мен учрайдиган жойим қолмадида. Президент девонигача бордим, Олий судларгача бордим, ҳеч ким ëрдам бермаяпти.

Озодлик: Демак, сизнинг куëвингиз билан муносабатингиз яхши-а?

- Ҳа, биз яхшимиз. Ота-оналари йўл бермаяптилар, “яшасанг, бизнинг ўғлимиз эмассан” деб ëмон гаплар гапиришаяпти. Ота-онани деб нима қилишаяпти.

Озодлик: Ҳозир куëвингизнинг хотини иккитами?

- Йўқ. Уйланганлари йўқ. “Мен уйланмайман. Бола бор ўртада. Болани етим қилмайман” дейишларига қарамай бизни нима қилишаяптида йўл бермасдан. Мен боламни етим қилгим келмайдида тоға. Мен бировнинг қўлига ташлаб бергим келмайди. Роса ҳаракат қилдим ярашиб кетишимизга десак, “суднинг қарори қонуний, биз бекор қила олмаймиз” дейишаяпти. Менда ҳамма ҳужжатлари бор. Менинг ЗАГСимни қирқиш учун менинг ҳам иштироким керакку тўғрими? Ўртада фарзандим бўлса. Эътиборга олмасдан 2010 йилда қорга ҳамма нарсаларимни (йиғлаб) суд ижрочилари ирғитиб ташлашди. Қайнотам уйни талаб қилибдилар уйимни бўшатиб қўйсин деб. Ўзларининг уйларини талаб қилибдилару менинг отам-онам ҳалол меҳнатга қилиб берган нарсаларни эътиборга олишмади. Қишнинг кунида борадиган жойим йўқ эди. Кўчаларга ирғитиб ташлашди.

Озодлик: Ҳозир қаерда яшаяпсиз?

- Ҳозир ота-онамнинг уйларида яшаяпман, дейди Инобатхон.

Марғилонлик 25 яшар Инобатхон билан суҳбатни мана шу жойда узамиз.

Албатта, бу бир оилавий мажароки, унга президентнинг аралашиши шарт эмас.

Ҳатто Марғилон шаҳар суди Инобатхонни эри билан ажратар экан, қонунни бузган бўлса ҳам, мамлакат президенти аралашадиган иш эмас бу.

Умуман, Инобатхоннинг бузилган оиласини қайта тиклаш президент у ёқда турсин, шаҳар ёки вилоят миқёсидаги бирон бир амалдорнинг иши эмас.

Амалдорлар, албатта, ўртага тушиб қўйса, насиҳат қилиб қўйса, Инобатхоннинг қайнота-қайнонасини инсофга чақириб қўйишса, ёмон бўлмайди.

Шундан ортиғига уларнинг ваколати йўқ.

Хўш, унда нима учун Инобатхоннинг арз-додини эшиттирдик?

Фикримизча, бу ерда жуда катта муаммо, нафақат Инобатхоннинг оиласига, балки умуман миллатга тааллуқли муаммо ётибди.

Ота-онанинг фарзандлар ҳаёти устидан назорати чексизлиги муаммоси.

Буни биз “муаммо”, дер эканмиз, тингловчиларимиз орасида “муаммо” эмас, ”қадрият” дегувчилар ҳам жуда кўп топилади.

Келинг, шу ўринда Инобатхоннинг бир писандасини яна бир марта эшитайлик.

- Ота-оналари йўл бермаяптилар. “Агар яшасанг, бизнинг ўғлимиз эмассан” деб ëмон гапларни гапиришаяпти. Ўшанга ҳуқуқи, барибир эркак кишида, ота-онани деб нима қилишаяпти, дейди Инобатхон.

Хўш, ўзбекча эркаклик ота-онангнинг хоҳишини деб, фарзандинг етим бўлишига индамай рози бўлаверишми?

Мана шу саволни ўртага ташлади Инобатхоннинг арз-доди.

Тобут кўтаргани одам қолмади


“Эркин микрофон”га мурожаат қилган яна бир тингловчимиз ўзини “Самарқанд вилояти, Пастдарғом туманиданман. Исмим Маҳмуджон” деб таништирди.

Тинговчиларимиздан бири “Эркин микрофон”нинг аввалги сонларидан бирида одамлар “Озодлик”ка ҳадеб салбий ҳолатларни айтаверади, ахир ўзбекистонликлар яхши яшаяпти, камчиликни гапиравермаслик керак, деган гапларни айтган эди. Қизиғи, шу гапларни айтган йигитнинг ўзи ҳам тирикчилигини Ўзбекистондан ташқарида ўтказаётган меҳнат муҳожири эди.

Пастдарғомлик Маҳмуджон ака, ўша йигитнинг айтганларига муносабат билдирар экан, мана бундай деди:

- Ўзбекистон ичкарисида ҳақиқатни айта олмаймиз. Лекин четда юрганлар айтиши керакда ҳақиқатни. Бўлар гапнинг тўғрисини айтиш керак бировдан қўрқадиган бўлса ҳам, дейди Маҳмуджон ака.

Унинг айтишича, мамлакатдаги аҳвол меҳнат муҳожири айтганчалик зўр эмас. Ўзи яшаб турган Пастдарғом тумани қишлоқларида ишга яроқли эркаклар пул топаман, деб ташқарига чиқиб кетгани учун биров қазо қилиб қолса, тобутни кўтаришга тўртта одам топилмай қолади.

- Айниқса, ëз кунлари таъзия бўладиган бўлса, тобут кўтаришга одам бўлмай қолади. Мактабдан ëки коллеждан ўқувчиларни олиб келиб чиқартириб, тележкага ортиб, қабристонга олиб боришади. Бизнинг қишлоқдан ҳар бир оиладан ҳеч бўлмаса бир киши кетган. Бўлмаса икки-уч кишилаб кетган оиллардан. Эркаклар, аëллар, шу ишга яроқли аҳоли Россиядада. Тўй қилса ҳам, уй-жой қилса ҳам Россия ëки Корея ҳисобидан бўлаяптида, дейди Маҳмуджон ака.

Чунки, деб давом этди Маҳмуджон ака,

- Лекин мустақиллик даврида Пастдарғомда бирор-бир ишлаб чиқариш корхонаси қурилмади. Бирор-бир реално иш жойи яратилган эмасда. Ҳаммаси қоғозда бўлган агар отчет берилган бўлса ҳам, дейди Маҳмуджон ака.

********************

Муҳтарам тингловчи, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг ëки Skypeда биз билан мулоқотга чиқинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 777 148 199 рақамига йўлланг.

Skypeда Озодликни оzodskype деб қидиринг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG