Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:45

Екатеринбургда яна ўзбекистонлик ҳибсга олинди


Екатеринбургда Интерпол ходимлари томонидан 2009 йилдан буён Ўзбекистонда қидирувда бўлган Эркинжон Усмонов ҳибсга олинди.


1971 йилда Ўзбекистонда туғилган Эркинжон Усмонов, маълумотларга кўра, Екатеринбург шаҳрининг “Кольцово” аэропортида Интерполнинг Свердловск вилояти бўлими ва маҳаллий полициянинг Экстремизмга қарши кураш маркази ходимларининг ҳамкорликдаги амалиёти натижасида ҳибс этилган.

“Эркинжон Усмонов Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан 2009 йилда қидирувга берилган”, дейди бу ҳақда Озодликка қўшимча маълумот берган Свердловск вилоят Ички ишлар бош бошқармаси Ахборот бўлими бошлиғи, полковник Валерий Горелих.

- У Ўзбекистон Жиноят кодексининг 246-моддаси 1-қисми, яъни диний экстремизм ва сепаратизмни тарғиб этувчи материаллар контрабандасида айбланиб, қўлга олинди. Россияда у бирор қонунбузарликда айбланаётгани йўқ, яъни Усмонов фақат Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари сўровига биноан ушланган. Ҳозирда уни Ўзбекистонга депортация қилиш бўйича тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда, - дейди полковник Валерий Горелих.

Свердловск вилоят Ички ишлар бошқармаси расмийсининг сўзларига кўра, 2009 йилда Ўзбекистонда мазкур жиноятларда айбланган Усмонов мамлакатни тарк этиб, Россия ҳудудига ўтган. У, жумладан, Владивосток, Москва ва бошқа шаҳарларда ноқонуний истиқомат қилиб келган.

- Ниҳоят, у Екатеринбург аэропортидан учиб кетаётганида оператив ходимларимиз томонидан қўлга олинди, - дея қўшимча қилди Валерий Горелих.

“Ural.ru” интернет портали хабар беришича, Ўзбекистон фуқароси Эркинжон Усмонов “Кольцово” аэропортида экстремистик руҳдаги адабиётлар билан ҳибсга олинган. Бироқ Свердловск вилоят Ички ишлар бошқармаси расмийлари Усмоновни ҳибсга олиш пайтида ҳеч қандай ноқонуний адабиёт ёки материаллар топилмаганини таъкидладилар.

Ҳозирда Эркинжон Усмонов Екатеринбург шаҳар махсус изоляторида сақланаётгани ва Ўзбекистондан уни экстрадицияси учун зарурий бўлган ҳужжатлар келиши кутилаётганини маълум бўлди.

Москвадаги “Фуқаровий кўмак” ташкилотининг марказий осиёлик қочқинларга кўмак дастури раҳбари Елена Рябинина Эркинжон Усмонов маҳаллий қонунбузарлик учун ҳибсга олинмагани, шу сабабли уни Ўзбекистонга чиқариб юбориш амалиёти депортация эмас, балки экстрадиция, деб аталишини қайд этади.

- Билишимча, Ўзбекистонда унга яна бир нечта моддалар бўйича айбловлар қўшиб қўйилади, чунки фақат 246-модда юзасидан Россия бирор кишини бериб юбормаган. Қолаверса, экстрадиция масаласи жуда мураккаблиги боис тез амалга ошмайди, камида ярим йил давом этади. Умуман олганда, фақат 246-модда учун улар Усмоновни ҳатто ҳибсга олишга ҳақлари йўқ эди, - деди Елена Рябинина.

Шунга қарамасдан, ҳуқуқ фаоли сўнгги пайтларда Россиядан фуқароларнинг ноқонуний равишда экстрадиция қилиш ҳолатлари ҳам кузатилаётганини гапирди.

Аввалроқ Озодлик Екатеринбургда Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот хизматлари томонидан халқаро қидирувга берилган яна бир ўзбекистонлик - Абдушукур Умурзоқов ҳибсга олинганини хабар қилган эди.

Бу шахс ҳам Интерпол томонидан Ўзбекистонда унга одам савдосида қўйилган айблов асосида ҳибсга олиниб, Россиядан экстрадиция қилиниши айтилган.
XS
SM
MD
LG