Линклар

Ўзбек ёшлари хорижда ўқиши мумкин, фақат Туркияда эмас


Баъзи кузатувчиларга кўра, хорижда таълим олиш ҳаммага ҳам насиб қилмайди.

Баъзи кузатувчиларга кўра, хорижда таълим олиш ҳаммага ҳам насиб қилмайди.

Ўтган бир ҳафта ичида Тошкент ва Самарқандда ўтказилган танловларда ўзбекистонлик ёшлар хорижда ўқиш учун имтихон топширди.


“Хорижда таълим-2011”


“Хорижда таълим” кўргазмаси 12-13 ноябр кунлари Тошкентда, 15 ноябр куни эса Самарқандда бўлиб ўтди.

Тошкентдаги “Education Voyage Agency” (“Саёҳат ва Таълим Агентлиги”) ташкилоти ташаббуси билан "Камолот" ёшлар жамғармаси қўлловида ўтказилган ушбу кўргазмада ўзбек ёшлари Малайзия, АҚШ, Хитой, Чехия, Кипр, Испания ва Германия каби давлатларнинг олий ўқув юртларида ўқиш имконини қўлга киритишди.

Кўргазма ташкилотчиларидан бирининг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, аксар ҳолларда ёшлар Европанинг Буюк Британия, Германия ва Франция олий ўқув юртларини танламоқдалар.

Кўргазма ташкилотчисига кўра, иқтидорли ёшлар учун қўшимча имкониятлар ҳам берилган бўлиб, Буюк Британия ва Жанубий Кореядаги айрим ўқув юртлари тилни яхши билган ёшларга ўқиш ҳаққини 50-80 фоиз арзонлаштириб берган.

Чехияда бепул ўқиш


“Хорижда таълим – 2011” кўргазмаси орқали ўзбекистонлик ёшлар Чехиянинг "Карлов" университетида эса мутлақо бепул ўқиш имконига эга бўлдилар.

Тошкентлик Дилноза Шокирова Прагадаги "Карлов" университетини танлаган ўзбекистонлик ёшлардан бири.

- Мен Чехияда магистратурани давом эттирмоқчиман. Чунки у ëқда имконият кўпроқ бу ерга қараганда. Биринчидан, тилни яхшироқ ўрганмоқчиман. Европа шаҳарларини, уларнинг маданиятини, сиëсатини чуқурроқ ўрганмоқчиман, яхшилаб билмоқчиман. Чет элда ўқиш имконияти бўлгани учун ўқимоқчиман,- дейди Дилноза Шокирова.

Тошкентлик Шерзод Ҳакимов эса “Карлов” университетини битирган. Шерзодга кўра, хорижда ўқишнинг ҳам ўзига яраша қийинчиликлари бор.

- Хорижда ўқишнинг қийинчилиги бошида адаптацияси қийин бўлади. Бу ëқдаги ўқиш тартиби бироз бошқачароқ. Масалан, бизларда бир семестрга ҳамма фанлар белгиланган бўлса, бу ерда асосан ўзингиз танлайсиз. Кейин моддий қийинчилик. Уйда масалан ота-она ëрдам бериб туради молиявий. Лекин бу ерда ишлаш керак. Кафедами, пол тозалашми нима бўлса ҳам кечқурун бирор жойда ишлашингизга тўғри келади. Еб-ичишга ҳам ўзингиз топишингиз керак. Эрталабдан обедгача ўқиш, ундан кейин пул топиш керак бўлади. Овқатга, квартирага тўлаш керак. Доимо ҳаракатда бўласиз. Шуниси қийин. Динамика баланд бўлади,- дейди Шерзод Ҳакимов.

"Ўзбекистон ҳукумати ёшларга ғамҳўр"


Америка ва Европанинг турли давлатларида ўқиш имконини берувчи "Хорижда таълим-2011" кўргазмаси учинчи бор ўтказилди.

Айни пайтда кўргазма орқали неча нафар ёш хорижда ўқиш имконини қўлга киритгани ҳақида аниқ маълумот йўқ.

Ўзбекистон Олий ва ўрта – махсус таълим вазирлигининг ўзини таништирмаган мулозимига кўра, ушбу кўргазма вазирликнинг иштирокисиз ўтказилган.

Унинг айтишича, Ўзбекистон ҳукумати "раҳномалигида" вазирлик ҳам ёшларга хорижда ўқиш имконини бериш учун грантлар ажратмоқда.

- Деярли ҳар бир Европа давлатлари ëки бошқа давлатлар, Осиëдаги қатор давлатлар билан икки томонлама ҳамкорлигимиз бор. Айтайлик Японияга грант асосида магистратурага ўқишга юборамиз. Кореяга жуда кўп одам юборамиз. Корея ҳукуматининг техник ëрдами асосида ëки Корея университетларининг тўғридан тўғри ажратилган грантлари асосида биз ўзимизнинг талабаларимизни юборамиз. Малайзия, Ҳиндистон, Чехия, Германияда кўп талабаларимиз ўқийди. Ҳаммаси грант,- вазирлик мулозими.

Ўзбек мулозимига кўра, давлат гранти ҳисобидан хорижда ўқиётган ёшлар сони 500-1000 нафар атрофида.

- Бир йилда бир неча юз. Мен сизга айтаман, масалан 100 нафар одам Россия Олий таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда уларга грант асосида юборамиз. 15та Японияга юборамиз. Тахминан шундан кўпроқ Кореяга. Кейин Германияга. Гëте институти бор. Уларни ажратилган стипендияси, грантлар асосида юборамиз,- деди ўзбек мулозими.

“Туркия билан ҳамкорлик йўқ”


Ўтган асрнинг 90-йилларида Туркиядаги ўқув юртларида жуда кўплаб ёшлар таълим олгани маълум.

Бироқ, дейди ҳукумат мулозими, бугунги кунда Ўзбекистон ҳукумати Туркияга ёшларни ўқишга жўнатмаяпти.

- Бизда йўқ. Чунки биз ҳар битта давлат билан келишилган ҳолда яъни ўша давлатнинг ташаббуси ëки бизнинг томонимизнинг ташаббусига кўра тузилган битим ëки келишув бўлсагина унда биз нима қиламиз. Ўша нарса йўқ бўлган ҳолларда бошқа имкониятлардан фойдаланиб кимдир ўз шахсий йўли билан, ўз шахсий маблағлари эвазига кетаëтган бўлса, унга ҳеч қандай тўсқинлик йўқ,- деди Ўзбекистон Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлигининг ўзини таништирмаган мулозими.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG