Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:34

Ўсиш зўру газ нега тақчил?


Совуқнинг изғирини оқибатида кашф бўлган ўзбек печкаси (ихтирочи скайп орқали юбоган расм).
Совуқнинг изғирини оқибатида кашф бўлган ўзбек печкаси (ихтирочи скайп орқали юбоган расм).

Ўзбекистонда “жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръатлари 8,2 фоизни, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми ўсиши 7,0 фоизни ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми ўсиши 6,8 фоизни ташкил этди”. Бу маълумотлар Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 19 октябрда бўлиб ўтган мажлисида эълон қилинган эди. Кўп йиллик кузатишларга асосланиб тахмин қилиш мумкинки, келаси йилнинг октябрида ҳам худди шунга ўхшаш маълумотлар эълон қилинади. Бироқ қишнинг совуғи бошланиб кетган ноябрдаёқ бутун мамлакат бўйлаб кузатилаётган энергия тақчиллиги расмий рақамларга нисбатан йиллардан буён йўқолмай келаётган шубҳаларни янада кучайтирди.


Газ ва электр қуввати тақчиллиги кейинги кунларда долзарб мавзу бўлиб қолди.

Мана Бухоро вилоятидаги қишлоқлардан бирида яшайдиган бир фермернинг 15 ноябрь куни айтгани.

- Газ қувурлари тортилган, харажатлар қилинган, пуллари тўланган, лекин газ йўқ.

Озодлик: Электр энергиясичи?

- Ҳар суткада 8-9 соат бўлмаяпти, деди бухоролик фермер.

Наманганлик иқтисодчи олим Расулжон Абдумажидов яшайдиган Ҳаққулобод шаҳрида ҳам энергия тақчил.

- Газ умуман йўқ. Электр ўчгани ўчган тез-тез. Бошқа районларга нисбатан электр сал камроқ ўчаркан. Мен суриштирдимда.

Озодлик: Суткада неча марта ўчади ëки неча соат электр энергияси берилади?

- Бизнигн Ҳаққулободда ҳозирги пайтда 3 соат электр энергияси бўлмайди. Тўрт-беш марта ўчади. Шу билан уч-тўрт соатга бориб қолади, дейди Расулжон Абдумажидов.

Газ ва электр қуввати тақчиллиги шароитида кўмирнинг бозори чаққон.

- Бир тонна кўмир 80 мингдан 230 минггача. 80 мингга тупроғини беради, дейди наманганлик Расулжон Абдумажидов.

Мана шундай шароитда мамлакатда қазиб олинаётган газни экспорт қилган тўғрими ёки мамлакат ичида ишлатиш тўғрими, деган дилемма устида кўпчилик бош қотирмоқда.

Масаланинг бу тахлит қўйилишига ҳукуматнинг ўтган ойдаги кўрсатмаси билан юзлаб корхонага газ узатиш тўхтатиб қўйилгани ҳам сабаб бўлди.

Узметроном сайтида эълон қилинган бир мақола муаллифи ҳисоб-китобича, газдан мамлакат ичида ишлаб чиқаришда фойдаланиш уни экспорт қилишдан бир неча баробар самаралироқдир.

Иқтисодчи олим Расулжон Абдумажидов бу фикрни принципда тўғри, деб ҳисоблайди.

- Ëқилғи энергия ресурс агар мамлакат ичида ўзида айланса, товарга айланади. Товарга айлангандан кейин унинг қиймати, бошқаси секин нариги товарга ўтади қиймат, дейди иқтисодчи олим Расулжон Абдумажидов.

Ўзбекистонлик бошқа бир иқтисодчи олим - Саодат Нишонова ҳам газдан мамлакат ичида ишлаб чиқаришда фойдаланиш самаралироқ, деган фикрга принципда қўшилади.

Лекин муаммо шундаки, дейди олима

- Ўзбекистонда рақобатбардош ишлаб чиқариш корхоналари жуда оз. Айтайлик, пахтани қайта ишлаб, тайёр кийим чиқариш керак, десак, Ўзбекистон Туркия, Покистон, Ҳиндистон каби мамлакатлар билан рақобатлаша олади, деёлмаймиз.

Мамлакат иқтисодиётининг рақобатбардошлилиги йиллар давомида парваришланадики, авторитар бошқарув шароитида бу иложсиздир, дейди Саодат Нишонова.

Демак, газни сотиш бугунги шароитда жуда ҳам нотўғри амал эмас. Боз устига ундан тушадиган валютага зарурат бўлса.

- Тўғри, агарда валюта заҳираси жуда ҳам паст бўлиб бошқа саноатлар учун таъсир қиладиган бўлса, биздаги химия саноати, қишлоқда машинасозлик саноатлари валюта заҳирасига боғлиқ бўлгандан кейин агар шу етишмайдиган бўлса, унда сотиш мумкин, дейди иқтисодчи Расулжон Абдумажидов.

Саодат Нишонова газнинг жаҳон бозоридаги нархи баландлиги шароитида уни четга сотиш мақбул эканлигини эътироф этар экан, бу масалада шаффофлик йўқлигини таъкидлаб ўтди.

- Ўзбек гази чегарада неча пулдан сотилаётганини билмаймизки, бу алоҳида масаладир. Газдан келаётган пулнинг қанчаси кимнинг чўнтагига тушаётганини билмаймиз, деди Саодат Нишонова.

Мамлакат ичида энергиянинг, хусусан, табиий газнинг тақчиллиги бир томондан унинг катта миқдорда экспорт қилиниши билан изоҳланса, иккинчи томондан мамлакат ичида амалдорларга қарашли хусусий корхоналарда назоратсиз ишлатилаётгани билан изоҳланмоқда.

Саодат Нишонованинг айтишича, “Газ катта миқдорда, бюджетга бир тийин ҳам тўламайдиган амалдорларга яқин шахсларга қарашли иссиқхоналару новвойхоналарда ишлатилаяпти”.

Худди шундай гапни 15 ноябр куни Озодликнинг Эркин микрофонига Тошкент вилоятининг Зангиота туманидан қўнғироқ қилган бир тингловчидан эшитган эдик.

Ўзи яшаб турган ҳудуддаги иссиқхоналар тўғрисида гапирар экан, тингловчимиз мана бундай деди.

- Улар борку, ҳамма-ҳаммаси катта хўжайинлар. Ким қуради айтиб берайми? Биттаси прокурорники, биттаси замҳокимники, яна биттаси шаҳар замҳокиминики. Ҳаммасини бойлар қуриб ташлаган. Ҳеч ким бориб буза олмайди. Жоним чиққанидан кейин сизларга қўнғироқ қилдим. Мана кўраяпсизми ҳақиқат йўқлигини. Одамлар анави ерда газсиз ëтибди, деди 15 ноябрь куни ўзини Ботиржон, деб таништирган зангиоталик.

Мана шундай шароитда мақоламиз бошида овозини эшитганингиз бухоролик фермер уй иситиш учун печканинг янги ва янги турларини кашф қилиш билан банд. Ўз печкасини бизга скайп орқали кўз-кўз қилган фермердан сўрадик.

Озодлик: Тушунтириб беринг янги печкангизнинг ўзгачалигини.

- Ихтиро қилдик.

Озодлик: Нима ëқасиз бунда?

- Ўтин.

Озодлик: Газ ҳам ëқса бўладими?

- Газ ҳам ëқса бўлади газ бўлса агар.

Озодлик: Ҳамма печкада ҳам ўтин ëнади, ҳамма печкада ҳам газ ëнади, кўмир ëнади. Сиз ихтиро қилдик деяпсиз. Нимасини ихтиро қилдингиз?

- Печканинг ичидан трубаларни ўтказдик. Кейин олов ëққан пайтда ҳам бу ëқдан кириб ҳавони қизитадида ичкаридан яна. Олов трубага борадику ичкаридан. Трубанинг ичидаги ҳавони қизитиб, бу томонга ҳайдайдида конвенция усули билан, дейди бухоролик фермер.

Яхши тажриба. Азиз тингловчи, Сиз ҳам ўйлаб кўринг печкангизни модернизациялаш устида.

Чунки, барибир, ҳукуматнинг Сизни ўйлашга вақти йўқроқ кўринади. Ҳукумат ички ялпи маҳсулотнинг ўсгани тўғрисида янаям жозибалироқ маълумотлар устидаги иш билан банд.
XS
SM
MD
LG