Линклар

Ўзбекистон футболчиларининг тожикистонликни 3:0 ҳисобида, Шимолий Корея футболчиларининг японияликларни 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратиши ўзбек спортчиларини ўз гуруҳида биринчи ўринга чиқиб олишига сабаб бўлди.

Футбол бўйича 2014 йилда Бразилияда бўладиган жаҳон чемпионатига 3-давра саралаш ўйинлари доирасида 15 ноябр куни Ўзбекистон терма жамоаси Тошкентда Тожикистон терма жамоасига қарши майдонга тушди.

Ўйиннинг биринчи қисмини 1:0 ҳисобида якунлаган ўзбекистонлик футболчилар иккинчи қисмни 3:0 билан якунлади.

Биринчи гол ўйиннинг 35-дақиқасида Россия премьер-лигасида топ сураётган Санжар Турсунов тарафидан урилди.



Иккинчи голга эса Россияда топ сураётган яна бир легионер Одил Аҳмедов (59-дақиқа) муаллифлик қилди.



Ўйиндаги учинчи голни Жанубий Кореяда топ сураётган Александр Гейнрих (72-дақиқа) боши билан берган зарба орқали киритди.



Афсуски, Александр Гейнрих тарафидан ўйиннинг сўнгги дақиқасида урилган гол ҳакам тарафидан хисобга олинмади. “Ўйиндан ташқари ҳолатда урилди” дея баҳоланган мазкур голга Санжар Турсунов ассистентлик қилган эди.

Айни жамоаларнинг сентябр ойида Душанбеда бўлиб ўтган ўйинида ҳам Ўзбекистон термаси 1:0 ҳисобида ғалаба қозонганди.

- Майдонга тушаркан, футболчиларимиз КХДР Японияни ютганини билардилар. Бу эса қай бир маънода ўйинларимизнинг керакли футболни намойиш қилиш ўрнига улардан талаб қилинганидан бошқа нарсалар билан шуғулланишларига таъсир қилди. Бунақа вазиятларда баъзан ўйинга керак бўлган йўсинда мослашиш жуда қийин бўлади. Иккинчи таймда вазият ўзгарди ва биз одатда намойиш қиладиган ўйинимизга яқинлашишга эришдик, - деди ўзбек футболчилари мураббийси Вадим Абрамов сешанба куни Тошкентда ўтган Ўзбекистон-Тожикистон терма жамоалари ўйинидан сўнг журналист олдида сўзларкан.

Тожикистонлик футболчилар мураббийси Олимжон Рафиқов эса Тошкентдаги ўйинда ўз шогирдларига тажриба етишмаганини эътироф этди.

- Бугун биз яхши ўйнашга ҳаракат қилдик, бироқ рақибим биздан кучлироқ чиқди. Турнирдаги муваффақиятсизлигимизнинг асосий сабаби бизга халқаро тажрибанинг етишмаганида бўлди, деб ўйлайман, - дер экан тожикистонлик мураббий саралаш босқичларида ўз шогирдлари яхшигина тажриба тўплаганларини, бу тажрибалардан келажакда бўладиган ўйинларда унумли фойдаланилишини ҳам қўшимча қилди.

Жорий йилнинг 2 сентябрида бошланган ва 2012 йилнинг 29 февралига қадар давом этадиган беллашувлар сўнгида “С” гуруҳида биринчи ва иккинчи ўринларни эгаллаган жамоалар кейинги босқичга йўлланма олиши керак. Ўзбекистон ва Япония терма жамоалари ушбу масалани ҳал қилиб бўлишди.

Япония билан шу йилнинг 6 сентябр куни Тошкентда дуранг ўйнаган, Шимолий Корея ва Тожикистон терма жамоаларини эса икки мартадан мағлуб этган Ўзбекистон терма жамоаси айни дамда 13 очко жамғариб, “С” гуруҳида пешқадамликни қўлга киритди.

“С” гуруҳида 5 ўйин ўтказган Ўзбекистон терма жамоаси гуруҳдаги сўнгги ўйинни 29 феврал куни меҳмонда Япония терма жамоасига қарши ўтказади. Агар мазкур ўйинда ўзбекистонлик футболчилар японияликларни мағлуб қилса ёки дуранг ўйнаса, ўз гуруҳида биринчи ўринни эгаллайди, ютқазган тақдирда эса иккинчи ўринга тушиб қолади. Бироқ бу каби мағлубият ҳам ўзбек футболчиларининг чемпионатнинг кейинги босқичига ўтишига тўсқинлик қилолмайди.

5-тур ўйинларидан сўнг “С” гуруҳи қуйидаги кўринишга эга:

Ўйин Ғалаба Дуранг Мағлубият Очко
1. Ўзбекистон 5 4 1 0 13
2. Япония 5 3 1 1 10
3. Шимолий Корея 5 2 0 3 6
4. Тожикистон 5 0 0 5 0

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG